Жамият | 21:00 / 31.01.2024
5195
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёлик йигит Telegram’да сохта ҳаволалар бериб ўзганинг 27 млн сўм пулини ўзлаштирди

Йигит ушланган ва ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: AP

Термиз шаҳрида яшовчи 23 ёшли М.М. ИИБга мурожаат қилиб, номаълум шахс фирибгарлик қилиб банк картасидан 27 млн сўм пулларни ечиб олганини маълум қилган. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар бермоқда.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Сурхондарё вилояти, Жарқўрғон туманида яшовчи 28 ёшли К.Б. содир этганлиги аниқланган.

Унга кўра, К.Б. Telegram орқали ёлғон эълонлар остида сохта ҳавола жўнатиб келган. Сўнг сохта ҳаволага банк картаси маълумотларини киритган фуқароларнинг ҳисобидаги пулларни банк картасига ўтказиб олиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда К.Б.нинг содир этилиб фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “г” бандидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Мавзуга оид