Ўзбекистон | 19:42 / 05.02.2024
10050
2 дақиқада ўқилади

Чиноз туманига янги ҳоким тайинланди

Тошкент тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Салиҳов Чиноз тумани ҳокими лавозимига тайинланди. Ушбу лавозимда ишлаб келган Ботир Алимбеков олдинроқ Тошкент вилояти ҳокимига ўринбосар бўлганди.  

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Шерзод Абдуҳакимович Салиҳов Чиноз тумани ҳокими этиб тайинланди. У халқ депутатлари Чиноз тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудуднинг янги ҳокими сифатида таништирилган.  

Шерзод Салиҳов 1982 йили Тошкент туманида туғилган. Маълумоти олий, 2004 йилда Тошкент давлат педагогика университети, 2017 йилда Ўзбекистон президенти ҳузуридаги давлат бошқарув академиясини тамомлаган.  

Шерзод Салиҳов меҳнат фаолияти давомида «Абдуҳаким барака» фермер хўжалиги раҳбари, Зангиота тумани «Навоий миришкор» агрофирмаси раҳбари, Тошкент тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари сингари вазифаларда ишлаган.  

Тайинловга қадар у Тошкент тумани ҳокимининг молия-иқтисод ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари - туман иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритаётган эди.  

  • 2021 йилнинг январидан 2024 йил январигача Чиноз туманига ҳокимлик қилган Ботир Алимбеков олдинроқ Тошкент вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича биринчи ўринбосари этиб тайинланганди. У аввал ҳам вилоят ҳокими ўринбосари бўлиб ишлаган.

Мавзуга оид