Жаҳон | 18:37 / 09.02.2024
14077
3 дақиқада ўқилади

Украина Қуролли кучларининг янги бош қўмондони Сирский илк баёнотини берди

У ҳарбий раҳбарият «фронт эҳтиёжларини билиши ва ҳар бир сектордаги вазиятни назорат қилиши» кераклигини таъкидлади. 

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони, генерал-полковник Олександр Сирский ўзининг янги лавозимидаги илк баёнотини берди. 

У дастлаб қуруқликдаги қўшинлар ва «Хортица» оператив-стратегик қўшинлар гуруҳидаги ҳамкасбларига миннатдорчилик билдирди. Тайинланишидан олдин Сирский бу қўшинларга қўмондонлик қилган. 

«Кун тартибида янги вазифалар бор. Бу, биринчи навбатда, халқаро ҳамкорлардан келадиган сўнгги қуролларга бўлган эҳтиёжларни ҳисобга олган ҳолда, барча ҳарбий қўмондонлик ва назорат органлари, қўшинлар ва қисмларнинг ҳаракатларини аниқ ва батафсил режалаштиришдир», деди Сирский. 

Бош қўмондоннинг қўшимча қилишича, бошқа вазифалар қаторига моддий-техник таъминот ва ҳарбий хизматчиларнинг ротацияси ҳам киради. Сирский, шунингдек, ҳарбий раҳбарият «фронт эҳтиёжларини билиши ва ҳар бир сектордаги вазиятни назорат қилиши» кераклигини таъкидлади. 

«Янги техник ечимларни жорий этиш ва муваффақиятли тажрибани кенгайтириш, масалан, учувчисиз тизимлар ва замонавий электрон уруш тизимларидан фойдаланиш озодлик учун урушда ғалаба қозонишнинг келажакдаги векторларидан биридир. Фақатгина уруш воситалари ва усулларини ўзгартириш ва доимий такомиллаштириш бу йўлда муваффақиятга эришиш имконини беради», деб қўшимча қилди у. 

Шунингдек, Сирский Украина Қуролли кучларининг собиқ раҳбарлари ва уруш фахрийларига миннатдорлик билдирди. 

Украина президенти Володимир Зеленский 8 феврал куни Олександр Сирскийни Украина Қуролли кучлари бош қўмондони этиб тайинлади. Сирский бу лавозимда генерал Валерий Залужний ўрнини эгаллади. 

Ҳарбий раҳбариятдаги ўзгаришлардан сўнг Володимир Зеленский Украина Қуролли кучларида ўзгаришлар кутаётганини айтди. У Украина Қуролли кучларининг 2024 йилга мўлжалланган батафсил ҳаракат режасини тақдим этиш, Ғарб қуролларини фронтнинг биринчи чизиғига етказиш, логистика муаммоларини ҳал қилиш, штаб-квартиралар сонини қисқартириш, самарали ротация тизимини яратиш, ҳарбий хизматни такомиллаштириш, ҳарбий тайёргарлик сифати ва учувчисиз қўшинларни шакллантиришга чақирди. Бундан ташқари, Зеленский «ҳар бир генерал фронтдаги вазиятни билиши керак», деди.

Мавзуга оид