Ўзбекистон | 17:23 / 12.02.2024
16957
2 дақиқада ўқилади

«Тошшаҳартрансхизмат» иши доирасида яна бир неча киши ушланди

Жамият мансабдорлари тил бириктириб, автобус саройларидаги эҳтиёт қисмлар, ёқилғи маҳсулотларини талон-торож қилиш йўли билан давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда иқтисодий зарар етказишган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан транспорт соҳасида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ тизимида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Маълум қилинишича, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқарув раиси Д.А., бош муҳандиси А.А. ҳамда 1 ва 8-автобус саройи филиаллари раҳбарлари Т.Д. ва И.Б. ўзаро тил бириктириб, автобус саройларидаги эҳтиёт қисмлар, ёқилғи маҳсулотларини талон-торож қилиш йўли билан давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда иқтисодий зарар етказишган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, АЖ раиси ва бош муҳандиси ҳамда 1 ва 8-автобус саройи филиаллари раҳбарларига нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

  • Эслатиб ўтамиз, феврал ойи бошида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раиси (бир вақтнинг ўзида Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳар бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган) Анвар Жўраев қамоққа олингани хабар қилинганди
  • Анвар Жўраев 2017-2018 йилларда «Тошшаҳартрансхизмат» раиси бўлган, бироз муддат ишдан олиниб, 2019 йилда яна шу лавозимга қайтарилган.

Мавзуга оид