Қуёшдаги қўрқинчли чақнаш, Дубайда учар такси ва iPhone 16’нинг бешта модели – ҳафта технодайжести
Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.
Матнга қараб ростакам видео ясаб берадиган Sora
ChatGPT ва Dall-e каби нейротармоқларни яратган OpenAIʼнинг янги сунъий интеллекти билан энди бемалол кино ҳам ишласа бўлади.
Маълум қилинишича, Sora деб номланган нейротармоқ модели оддий матнни юқори сифатли роликларга айлантириб бера олади. Ҳозирча у билан бир дақиқагача бўлган видео генерация қилиш мумкин.
Sora объектларнинг физик хоссалари ва бир-бирига ўзаро боғлиқлигини ҳисобга олади, шу сабабли табиий анимацияли ростакам видеолар ярата олади. Бундан ташқари, мавжуд видеодаги бўш кадрларни тўлдириб, унинг давомийлигини ҳам узайтириб беради.
Айни пайтда нейротармоқ синов босқичида ва ҳозирча омма эътиборига ҳавола этилмаган. Бироқ уни аллақачон рассомлар, дизайнерлар ва режиссёрлар синовдан ўтказмоқда.
Дубайда учар такси хизмати
Американинг ихчам самолётлар ишлаб чиқарувчи Joby Aviation компанияси Дубайда ҳаво таксисини ишга тушириш бўйича шартнома тузди. Ушбу хизмат 2026 йилгача ишга туширилиши режалаштирилган.
Қайд этилишича, биринчи босқичда 4 та вертипорт очилади: шаҳар аэропорти, Палм-Жумейра, Дубай Марина ва шаҳар марказида. Учар такси хизмати ишга туширилгач, Палм-Жумейрадан аэропортгача бўлган йўл вақти 45 дақиқадан 10 дақиқагача қисқариши мумкин.
iPhone 16 бешта версияда чиқиши мумкин
Majin Bu тахаллуси остида яширинган таниқли Apple инсайдери янги авлод iPhone смартфонлари ҳақидаги маълумотлар билан ўртоқлашди. Унинг сўзларига кўра, компания бир вақтнинг ўзида iPhone 16 линиясининг бешта моделини тайёрламоқда.
Гап қуйидаги моделлар ҳақида:
- iPhone 16 – 6,3 дюймли 120 Гц частотали экран, иккита камера;
- iPhone 16 Pro – 6,3 дюймли 120 Гц частотали экран, учта камера;
- iPhone 16 Pro Мах – 6,9 дюймли 120 Гц экран, учта камера, рекорд даражадаги батарея.
iPhone 16 SE ва 16 Plus SE – 6,1 ва 6,7 дюймли 60 Гц экран, битта камера, кичикроқ батарея, арзонроқ нарх.
Қайд этилишича, бу йил асосий Plus бўлмайди ва унинг ўрнини SE префикси билан иккита янги модел эгаллайди. Улар ўрта бюджет сегментида сотилиши кутилмоқда.
Янги Apple смартфонларининг чиқарилишига ҳали кўп ойлар бор, бироқ тармоқда iPhone 16 ҳақида етарлича миш-мишлар тўпланиб қолган. Энг кўзга кўринган янгиланишлардан бири бу Pro моделлари дисплейининг катталашуви ва камерани бошқарувчи янги тугманинг пайдо бўлиши.
Ўзини ўзи йўқ қилувчи флешка
Overdrive номли янги USB флешка ўз-ўзини йўқ қилиш хусусиятига эга. Унинг ҳажми 8 ГБни ташкил этади. Автоматик шифрлаш хусусияти йўқ, чунки бу баъзи мамлакатларда тақиқланган. Агар сиз шунчаки флеш-дискни шахсий компютерингизга жойлаштирсангиз, у бўш кўринади. Маълумотларга кириш учун драйверни кетма-кет уч марта тезда улаш ва узиш керак. Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, янги қурилма журналистлар ва хавфсизлик бўйича тадқиқотчилар учун фойдали бўлиши мумкин.
Overdrive ўз-ўзини йўқ қилиш опциясига эга, у ишга туширилганда флеш хотира чипини 100°С'дан юқори ҳароратгача қиздиради. Ҳозирда флешка учун 69 долларга буюртма бериш мумкин. Ишлаб чиқарувчилар уни август ойида етказиб беришга ваъда бермоқда.
Қуёшдаги қўрқинчли чақнаш
9 феврал куни Қуёшда кучли чақнаш кузатилди – NASA Қуёш динамикаси обсерваторияси ходимлари бу лаҳзани суратга олишга муваффақ бўлишган.
Фотосуратда ултрабинафша нурланиш қайд этилган, у пастки ўнг қисмида аниқ кўринади.
Қуёш чақнаши бу – Қуёш юзасидаги портлаш бўлиб, қисқа вақт ичида жуда катта миқдорда энергия чиқаради.
Чақнаш кучи Х3.3 сифатида таснифланган. Х – чақнаш синфини (энг кучли портлашларни) билдиради, рақамлар эса синф ичидаги кучни билдиради (максимал 10, лекин бундай чақнаш жуда кам учрайди).
NASA таъкидлашича, Х синфидаги чақнашлар радиоалоқа, электр тармоқлари ва навигация сигналларига таъсир қилиши ва космик кемалар, астронавтлар учун хавф туғдириши мумкин.
Букланадиган iPhone ишлаб чиқариш кечиктирилди
Apple синовдаги қурилма муваффақиятсизликка учрагач, букланадиган iPhone ишлаб чиқиш лойиҳасини кечиктирди.
Манбага кўра, синовдаги қурилма экрани бир неча кунлик синовлардан сўнг муваффақиятсизликка учраган ва бу Apple компаниясини лойиҳани ўз стандартларига мос келадиган дисплей ишлаб чиқилгунга қадар кечиктиришга мажбур қилган.
Миш-мишларга кўра, Apple 2016 йилдан бери эгилувчан дисплейли iPhone ишлаб чиқаришга уринмоқда. Шу вақт ичида компания Samsung ва LG экранларини синовдан ўтказди.
Мавзуга оид
14:31 / 15.12.2024
Бир умрлик аккумулятор, онлайн машиналар савдоси ва “ақлли” узук – ҳафта технодайжести
13:03 / 08.12.2024
Жосусликда айбланаётган Apple, «модадан қолаётган» Google ва одамларни ювинтирадиган кир машина – ҳафта технодайжести
19:27 / 13.01.2024
“Гелик”нинг электромобилидан “танк бурилиш” ва “умрбоқий батарея” – ҳафта технодайжести
17:49 / 16.12.2023