Фан-техника | 14:31 / 15.12.2024
13298
7 дақиқада ўқилади

Бир умрлик аккумулятор, онлайн машиналар савдоси ва “ақлли” узук – ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Google’дан “Deep Research”

Google ўзининг янги “Deep Research”, яъни “Кенг қамровли изланиш” номли сунъий идрок функциясини тақдим этди. Ушбу хизмат Gemini премиум обуначиларига ўз тадқиқотларини енгиллаштириш учун яратилган.

Фойдаланувчилар Gemini чатботи орқали исталган мавзуда батафсил ҳисобот сўраши мумкин. Сунъий идрок дастлаб босқичма-босқич тадқиқот режасини тузади, кейин интернетдан маълумот излаб топган асосий фактларни манбалари билан бирга жамлайди. Тайёр ҳисоботни таҳрирлаш ёки Google Docs’га экспорт қилиш мумкин.

Ушбу янги функция Google’нинг Gemini 2.0 дастури янгиланишининг бир қисми бўлиб, бу компаниянинг мустақил вазифаларни бажара оладиган сунъий интеллектга ўтиш стратегиясининг бир қисми ҳисобланади. "Deep Research" тадқиқотни автоматлаштириб, фойдаланувчилар учун вақтни тежайди.

Ҳозирча бу функция Gemini премиум обуначилари учун фақат инглиз тилидагина мавжуд.

Бир умрлик аккамулятор

Илм-фан дунёсида энергия манбалари ҳақидаги тушунчамизни тубдан ўзгартириб юбориши мумкин бўлган ихтиролар қилиняпти. Хусусан, Бристол университети ва Буюк Британия Атом энергияси бошқармаси олимлари 5700 йилгача хизмат қилиши мумкин бўлган ноёб аккумулятор яратди.

Аккумуляторнинг ҳажми жуда кичкина бўлиб, углерод-14 радиоактив изотопи олмос қобиғига хавфсиз тарзда ўралган. Олимларнинг таъкидлашича, олмосли батареялар кўз имплантлари, эшитиш аппаратлари ва юрак стимулятори каби тиббий асбоблар учун ишлатилиши мумкин. Бу эса алмаштиришга бўлган эҳтиёжни минималлаштиради ва беморлар учун жуда катта қулайликлар яратади.

Олмосли батареялардан экстремал муҳит, хусусан, космосда ҳам фойдаланилиши мумкин. Натижада харажатлар камайиб, космик қурилмаларнинг ишлаш муддати узаяди.

Онлайн машиналар савдоси

Amazon автомобил савдосига ҳам кириб келди. Компания Hyundai билан ҳамкорликда АҚШнинг 48 шаҳрида машиналарни интернет орқали сотишни бошлади. Эндиликда харидорлар платформа орқали автомобил танлаш, эски машинасини янгисига алмаштириш ва ҳатто етказиб беришни ташкил қилиш имкониятига эга.

Сотувда ҳозирча фақат Hyundai автомобиллари мавжуд, аммо келажакда бошқа брендлар ҳам қўшилиши кутилмоқда. Amazon ушбу жараёнда воситачи сифатида ишлайди, яъни харидор автомобилни тўғридан тўғри дилердан сотиб олади.

Amazon Auto лойиҳаси орқали харидорларга савдо жараёни қулайлаштирилади, дилерлар эса янги мижозлар оқимига эга бўлади. Бундан ташқари, компания 2025 йил 10 январгача машина сотиб олганларга 2300 долларлик совға картасини ҳам таклиф қиляпти. Бу лойиҳа машина харид қилишни янада қулайлаштиришга қаратилган.

Ҳозирда Amazon'нинг умумий фойдаланувчилари сони 310 миллиондан ортади, бу эса платформага етарли даражада харидор топиш имкониятини тақдим этади.

Ақлли” узук

Пандемия авжига чиққан пайтда кўплаб компаниялар касалликнинг дастлабки белгиларини аниқлашга ёрдам берадиган гаджет ихтиро қилишни жуда ҳам хоҳлаганди. Орадан 4 йил ўтибгина бу ғоя амалга оширилди.

Финландиянинг Oura Health компанияси томонидан яратилган Oura Ring “ақлли” узуги сизга шундай имкониятни тақдим қилади. Инновацион қурилманинг янгиланган функцияси тўғридан тўғри инсонларга диагноз қўймаса-да, касалликларнинг дастлабки белгиларини аниқлашда ёрдам беради. Тадқиқотларга кўра, инсон танаси касаллик бошланишидан бир ёки икки кун аввал ўз фаолиятини ўзгартиради. Ақлли узук касаллик турини аниқлай олмаса-да, унинг мавжудлиги ҳақида фойдаланувчини олдиндан огоҳлантириши мумкин.

Ақлли узукнинг ички юзасида тана ҳарорати, юрак уриши, нафас олиш тезлиги, фаоллик даражаси, уйқу сифати ва фойдаланувчи танасининг бошқа параметрларини кузатувчи бир нечта датчиклар мавжуд. Шу асосида у маълумотларни тўплайди ва танада касаллик аломатлари бор ёки йўқлиги ҳақида хабардор қилади.

Oura Ring 4 ўн икки хил ўлчам ва олтита рангда сотувга чиқарилган. Унинг бошланғич нархи 349 доллар.

Дунёдаги энг узун ҳайдовчисиз метро

Саудия Арабистонида дунёдаги энг узун ҳайдовчисиз метро ишга туширилди. Жорий йилнинг 1 декабридан иш бошлаган Ар-Риёд метрополитенининг умумий узунлиги 176 километр бўлиб, олтита асосий йўналишдан иборат.

Поездларнинг машинисти йўқ, уларнинг ҳаракати тезлик, равонлик ва хавфсизликни назорат қилувчи замонавий тизим билан ҳимояланган, эшиклар автоматик очилиб ёпилади. Тўлиқ кондиционерлар билан жиҳозланган станциялардаги платформалар йўловчиларнинг поезд йўлига чиқиб кетишига йўл қўймайдиган замонавий тўсиқларга эга. Шунингдек, метрополитен станциялари ва вагонлари овоз кучайтиргич ҳамда маълумотлар экрани каби илғор тизим билан жиҳозланган.

Тизим ҳар куни 3,6 миллионга яқин йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжалланган. Умумий ҳисобда шаҳар 85 та метро станциясига эга бўлади. 

Маълумот учун, ушбу лойиҳа 2012 йилда бошланган бўлиб, дастлаб 2018 йилда якунланиши режалаштирилган эди. Аммо турли хил сабабларга кўра ишлар кечикиб кетди. Умумий қиймати 35 млрд долларга баҳоланаётган янги метро Ар-Риёддаги тирбандликни 30 фоизга камайтириши кутилмоқда.

Ёруғлик ва сувдан водород ёнилғиси олишга қодир реактор

Япониянинг Шиншу университети олимлари сувдан фойдаланиб, қуёш энергиясини водород ёнилғисига айлантира оладиган тажрибавий реактор яратишга муваффақ бўлди. Гарчи жараённинг самарадорлиги ҳали кутилган даражадан пастроқ бўлса-да, бу кашфиёт аллақачон мутахассислар орасида катта қизиқиш ва ҳайрат уйғотмоқда.

Тажрибада 100 квадрат метр майдонига фотокаталитик варақлар ўрнатилди. Улар қуёш нури таъсирида кимёвий реакцияни бошлаб, сувни кислород ва водородга ажратади. Ҳосил бўлган водороддан экологик тоза ёнилғи сифатида фойдаланиш мумкин.

Янги технологиянинг асосий хусусияти икки босқичли жараёндан иборат. Биринчи босқичда кислород ажратиб олинади, иккинчисида эса водород. Бундай ёндашув “бир босқичли” катализаторлардан фойдаланишда юзага келадиган қатор муаммоларнинг олдини олишга имкон беради.

Водород ёнилғиси иқлим ўзгаришига қарши курашишнинг энг истиқболли ечимларидан биридир. У нафақат иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтиради, балки транспорт, ишлаб чиқариш ва маиший эҳтиёжлар учун барқарор энергия манбаи ҳам ҳисобланади.

Мавзуга оид