Ўзбекистон | 14:02 / 20.02.2024
30018
1 дақиқада ўқилади

Олмалиқдаги цехда том қулаши оқибатида 4 ҳиндистонлик ҳалок бўлди

Enter Engineering'нинг металл тайёрлаш цехида вақтинчалик қурилманинг томи қор ва шамолга бардош беролмай қулаб тушган. Оқибатда 32 нафар ишчи (барчаси Ҳиндистон фуқаролари) жабрланган, улардан 4 нафари вафот этган.

Фото: Видеодан кадр

Бугун, 20 феврал куни соат тахминан 08:00 ларда Enter Engineering компаниясининг Олмалиқдаги металл тайёрлаш цехида (АЗМК-3) вақтинчалик қурилманинг том қисми қулаб тушди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, бунга кўп қор ёғиши ва қаттиқ шамол сабаб бўлган.

Натижада 3 нафар ҳиндистонлик ишчи воқеа жойида вафот этган, 29 нафар ҳиндистонлик турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага жойлаштирилган. Айни пайтгача улардан 4 нафарига шифохонадан жавоб берилган.

  • Kun.uz манбасига кўра, қурбонлар сони 4 нафарни ташкил этмоқда.

Ҳолат юзасидан дастлабки тергов суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

ФВВга кўра, об-ҳавонинг кескинлашуви ва қалин қор ёғиши оқибатида бугун Олмалиқ шаҳридаги “Қўқон бозори”да ҳам савдо навеси қулаши юз берган. Жабрланганлар йўқ.

Мавзуга оид