Фан-техника | 18:45 / 21.02.2024
53946
8 дақиқада ўқилади

“Марказий Осиёни Кремний водийси билан боғламоқчимиз” — АҚШда айти ҳаб очган Асрор Арабжонов

Стенфорд университети битирувчиси, ўзбекистонлик Асрор Арабжонов қозоғистонлик шериги билан “Silkroad Innovation Hub” платформасини очди. У Марказий Осиё, Монголия, Озарбойжон ва Туркиядаги стартапларни Кремний водийси билан боғлайди.

Асрор Арабжонов Kun.uz'га берган интервюсида Ўзбекистондаги айти корхоналар қандай қилиб Кремний водийси билан ишлай олиши, айти экспортини қандай ошириш мумкинлиги ҳақида гапирди.

“Технологик компанияларни бирлаштирадиган платформа очдик”

— Бундан 7-8 ой илгари Стенфорд университетига яқин жойдан офис ижарага олиб, “Silkroad Innovation Hub” деган платформани очганмиз. Биз 5 та Марказий Осиё давлатлари – Қозоғистон, Қирғизистон,Тожикистон Туркманистон, Ўзбекистон ҳамда Монголия, Озарбойжон ва Туркиядан чиққан стартап асосчилари билан ишлаймиз. Уларнинг Кремний водийсига келишини осонлаштирамиз. Биз стартап асосчилари жамиятини тузмоқчимиз.

Кимдир сал орқада бўлса, кимдир венчур инвесторлардан пул йиғган ва кимдир маҳсулотини АҚШ бозорида сотяпти. Улар янги келганлардан кўра кўпроқ маълумотга эга, бир-бири билан маълумотларни бўлишиш ҳам шу платформа орқали бўлади. Биздаги логистика ёки Америкада ривожланган бошқа соҳалар жамияти (comunity) қандайдир тадбирлар ва конференцияларда бир-бирини кўриб таниб туришади. Аммо технологик компанияларга келганда уларни бирлаштирадиган платформа йўқ. Ваҳоланки, стартаплар ҳаммаси, ўзбекча қилиб айтганда, таниш-билиш атрофида қурилган, чунки қанча танишларингиз кўп бўлса, шунча венчур молиясини олиш ва биринчи мижозларни топиш осон бўлади. Биз ҳамма соҳада – венчур капиталида, стартапда, борингки, исталган корхонада ишлайдиган одамлар бир ҳудуддан бўлса, уларни бирлаштиришни осонлаштирамиз.

Дейлик, сиз бирор-бир дастурий таъминот ўйлаб топдингиз, уни АҚШ бозорига тақдим қилмоқчисиз ва сизнинг харидорларингиз катта технологик компаниялар. Масалан, Google, Facebook ва шу каби жойларда ишлайдиган одамлар бор. Кимлардир дастурни сотиб олишга жавоб беради. Ўша одамлар билан шу платформа орқали танишсангиз, ишингиз анча осонлашади.

Силикон водийсига келиш жуда катта тушунча, пандемиядан кейин тушундикки, бу ерга келиб ўтириш ҳам шарт эмас. Кўпчилик айтиши мумкин, ҳамма ўзгаришлар Силикон водийсидан чиқмайди, деб. Чунки Ҳиндистон, Исроил ва бизга ўхшаган шароитдан чиққан Беларус ҳам ўзининг айти ҳабларини ташкил қилган. Аммо Кремний водийси барибир энг олди айти ҳаби бўлиб турибди.

“Силикон водийсидаги катта айти корхоналари билан шартномалар қилиш керак”

— Алоқа вазирлигининг олдига қўйган вазифалардан бири – 2030 йилгача дунёга 5 млрд долларлик айти сервисини олиб чиқиш. Бунинг йўлларидан бири – чет эл корхоналарига хизматларни таклиф қилиш.

Охирги йилларда бизнинг кўрсаткичимизни оширган нарса катта корхоналарнинг бизга келгани бўлди, масалан, EPAM баъзи сабабларга кўра кўчиб ўтди. Лекин барибир 5 млрд доллар жуда катта рақам. Буни қилиш йўлларидан бири Силикон водийсидаги катта айти корхоналари билан тўғридан тўғри шартномалар қилиш. Бу дегани Ўзбекистондаги бор айти корхоналар аутсорс механизмига ўтиб, бу ердаги катта корхоналарга хизматини таклиф қилишни бошлаши керак. Google’ми, Microsoft’ми, улардан шартномалар олиши керак. Масалан, Ҳиндистоннинг “Infosys” компаниясининг энг катта мижозларидан бири Microsoft ҳисобланади. Microsoft атрофида 3-4та офис қуриб ҳам АҚШ, ҳам Ҳиндистон бозорига хизматлар таклиф қилишади. Ўзбекистон ҳам шу йўлдан кетяпти, бу дегани айти мутахассисларимиз ташқи бозорларга хизматларини таклиф қилишни бошлашди. Лекин бугун Microsoft ёки Google’га хизматларимизни таклиф қилиб, Ҳиндистон каби бозорлар билан рақобат қила олмаймиз. Биринчидан, бошқа давлатларда нархлар биздан анча арзон. Чунки охирги пайтлар айти мутахассислар етишмаслиги сабабли бизнинг нархларимиз ҳам анча кўтарилиб кетган. Бунинг йўлларидан бири стартапга сервис маҳсулотларини таклиф қилишга йўналтирилган.

“Ўзбекистондан Skype’га ўхшаган компания чиқса…”

— Нега Украина ва Беларус бозорлари, Марказий ва Шарқий Европа давлатлари ҳам катта айти ҳабларига айлантирилди, нимага жуда кўп аутсорсинглар АҚШдан туриб у ерга қилинади деган саволимизга жавоб берсак, уларнинг ўзида маҳсулот ва хизматлар таклиф қилиш бошланган.

Европада биринчи бўлиб Skype компанияси Unicorn (1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ баҳоланадиган хусусий компания) даражасига чиқди ва компания стартапи жуда катта баҳоланиб, ташқи бозордаги инвесторларга сотилди. Шунинг орқасидан давлатнинг ўзида стартап ва венчур экосистемаси ривожланди. Натижада жуда катта компания ва стартаплар пайдо бўлди.

Айтайлик, Ўзбекистондан Skype’га ўхшаган компания чиқадиган бўлса, бутун дунё бозорига хизматини таклиф қилади. Компания асосчиси ўйлайдиган биринчи нарса бу – Ўзбекистон бозори. Ўзбекистонда 36 млн аҳоли бор, бундан 1 миллиони инглиз тилида гаплаша олади, 700 минги айти мутахассислигига эга, код ёза олади. Компания “Кремний водийсида битта ишчига йилига 150 минг доллар маош тўлагандан кўра Ўзбекистон бозоридан арзон ишчи олай,” деб Ўзбекистон бозорига юзланади. Буни ҳозир ҳам кўряпмиз: мен таниган билган қозоғистонлик, қирғизистонлик АҚШ бозорида маҳсулотларини таклиф қилаётган стартапларнинг ҳаммасининг асосий офиси ўз давлатида жойлашган.

Бизнинг аргументимиз бозорларимиз, айти корхоналарини тўғридан тўғри аутсорс қилиш масаласини қўйиш. Биринчи навбатда, ўзимизнинг давлатимизда стартапларни қўллаган ҳолда айти маҳсулотларини таклиф қилиб юникорнларини етиштиришимиз керак. Юникорнларни етиштириш қайсидир даражада айти экспортидан тушадиган тушумдан кўп бўлмаслиги мумкин, лекин биринчиси иккинчисисиз бўлмайди. Биз ишлаётган давлатлардан қандай ақлли стартап асосчилари чиқадиган бўлса, бизга келиши керак ва биз билан суҳбатлашиши лозим.

Биз венчур фондлари устида ишлаяпмиз, улар эртага бу ерда пул кўтармоқчи бўлса, биз билан боғланишса, уларга молия киритишни ҳам ўйлаб чиқамиз. Ҳар бир стартап асосчисини қўллаб-қувватлашимиз керак деб шу ишга қўл урганмиз.

Бизнинг мақсадимиз стартап жамиятини йиғиш ва уларни бир-бири билан бирлаштириш, кейинчалик тренинглар, мусобақалар уюштириш, Кремний водийсининг энг олди спикерларини олиб келиб, улар бундан фойда олишлари учун палтформа ва ҳаб яратиш.

“Каттароқ ва тезроқ ўсаётган бозорларнинг муаммоларини ечишдан бошлаш керак”

— Жуда кўп ўзбекистонлик стартап асосчилари билан гаплашганимда, уларда бор хатоликлардан бири жуда кичкина бозорга эътибор беришлари эканини тушунаман. Бошқа давлатда қилиб бўлинган, ечиб бўлинган масалани ечиш ҳаракатида бўлишади.

Ўзбекистоннинг 36 млн аҳолиси бор, ЯИМ 60-70 млн млрд атрофида. Лекин бу барибир жуда кичик бозор, бу бозордан юникорнлар чиқиши қийин. Стартапларга маслаҳат берган бўлардим, агар ҳозир бошлайдиган бўлсангиз, каттароқ ва тезроқ ўсаётган бозорларнинг муаммоларини ечишдан бошланг.

Айтайлик, Ҳиндистон бозори катта ва тез ўсаётган бозор, Лотин Америкаси ҳам катта ва тез ўсаётган бозор, Европа катта, лекин тез ўсаётган бозор эмас, Япония ҳам худди шундай. Шу сабабли йирик ва тез ўсаётган бозорларга қараш керак. Глобал ўйлаб, глобал муаммоларга ечимлар таклиф қилсак, Ўзбекистондан ҳам 1 млрд доллардан ортиққа баҳоланган компаниялар чиқади деб ўйлайман.

Ҳозир ҳам Кремний водийсида венчур фондларидан энг кўп пул олаётган стартаплар сунъий интеллектни ишлатаётган ва сунъий интеллектни продукт сервис сифатида таклиф қилаётганлардир. Улар энг катта баҳоланиб, венчур фондларидан тезроқ ва каттароқ пул оляпти. Шу нарса устида ишлашимиз керак. 20 йилдан кейин ҳам орқага қараб афсусланмаслик учун математика физика мактабларимизни кучайтиришимиз керак, дастурий таъминот соҳасида катта ихтиролар ҳам шу йўналишда бўляпти.

Мадина Очилова суҳбатлашди.

Мавзуга оид