“Талаблар кучли, рақобат катта” – Amazon’да ишлаётган ўзбекистонлик IT мутахассиси ҳикояси
Ўзбекистонлик Нодиржон Турдиев АҚШнинг бешта йирик технологик компанияларидан бири – Amazon’да ишлайди. У Kun.uz’га берган интервюсида бу компанияга кириш осон бўлмаганини айтади. Қаҳрамонимиз Кремний водийсига етиб боргунга қадар йўл ҳаракати хавфсизлигини сунъий интеллект ёрдамида бошқарадиган қурилма, 60 мингдан зиёд шифохоналар ишлатаётган тиббиёт компютерлари ва бошқа қизиқарли IT ечимларни ишлаб чиққан.
Нодиржон Турдиев – “Amazon Web Services” компаниясида стартаплар бўлимида булутли ечимлар етакчи архитектори сифатида фаолият юритади.
Amazon Web Services” компаниясида вазифам - стартап мижозларга булутда оптимал архитектурали ечимлар яратишда ёрдам бериш”
Ҳозирда “Amazon Web Services” компаниясида киберхавфсизлик стартаплари билан иш олиб бормоқдаман. Менинг бўлимимда хавфсизлик ечимлари ва хизматларини ишлаб чиқаётган мижозлар учун ихтисослашган ёрдам кўрсатилади. Менинг асосий вазифам, киберхавфсизлик соҳасида инновацион ечимлар ишлаб чиқаётган стартап компанияларга техник маслаҳат ва ёрдам кўрсатишдир. Уларнинг “Amazon Web Services” хизматлари ва энг яхши амалиётлардан фойдаланган ҳолда, хавфсиз, тез ишлайдиган, арзон, ва умуман олганда оптимал булутли ечимларни лойиҳалаштиришларига ёрдам бераман.
Бунинг учун “Amazon Web Services”да 200дан зиёд маҳсулот ва хизматлар бор, шуларнинг ҳаммасидан оптимал фойдаланиш керак. Тасаввур қилинг, компаниянгиз тез ўсиб боряпти-да, кунига 5-10 минг қолаверса, бундан ҳам кўп янги онлайн фойдаланувчилар пайдо бўляпти. Агар сиз хизматларнинг оптимал кенгайишини тўғри амалга ошира олмасангиз, мижозлар бу хизматларнинг секин ишлаши сабабли унинг сифатидан қониқмасликлари мумкин. Бу эса сизнинг компаниянгизнинг муваффақиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ўзингизнинг веб сайтингиз Kun.uz ҳам, кунига қанча мижозлар киришига қараб, уларга керакли тезлик ва бошқа ресурсларни вақтида ажрата олиши керак. Мен мижозларнинг турли талабларини инобатга олиб, тизим архитектурасини тузишларига ёрдам бераман. Булутли платформанинг шундай хусусияти борки, ундаги сизга ажратилган ресурслар талабингизга қараб кўпайиши ва камайиши мумкин. Бу масалан, кундузи иш вақтида юз минглаб фойдаланувчилари бор, кечқурун эса арзимаган сонларга тушиб қоладиган ечимлар жуда қулай ва улар арзонга тушади.
Агар бу каби ечимлар учун ўзингизнинг дата марказингиз бўлса, кечқурун ундаги серверлардан фойдаланиш камайса, улар электр энергияси ва бошқа ресурсларни сарф қилади-да, сизга жуда кам фойда ёки зарар ҳам келтириши мумкин. Кундузи эса, фойдаланувчилар сиздаги мавжуд серверлардан кўпроқ ресурс талаб қилса, бу хизмат сифатининг пасайиши, қолаверса қўшимча мижозларга хизмат кўрсатиш имкониятига тўсиқлик қилади. Бу талабни қондириш учун янги серверлар сотиб олиш маблағ ва кўп вақт талаб қилади. Булутли платформалар шу каби муаммоларни осон ечишга имкон яратади. Бундан ташқари, булутли платформаларнинг дата марказларига қараганда жуда кўп бошқа афзаллик тарафлари ҳам бор.
“Аввал иқтисодиёт, кейин менежмент, сўнг IT”
1996 йил ЖИДУга халқаро иқтисодий алоқалар йўналишига ўқишга кирганман, 3-курсда ўқиб юрганимда, 1999 йилда Ўзбекистон Республикаси президентининг иқтидорли ёшларнинг чет элда таълим олишларини қўллаб-қувватлаш “Умид” жамғармасининг гранти ғолиби бўлиб, Кремний водийсида жойлашган Сан Хосе давлат университетида менежмент йўналишида таълим олишга келдим. Бу ерда 3 йил ўқиб, Ўзбекистонга қайтиб бориб, у ерда бироз ишладим. Болалигимдан IT соҳасига қизиққанман. Кремний водийсида IT компаниялар жуда кўп, бу ерда 3 йил яшаб, IT команиялар динамикасини кўриб ва кўплаб шу компания ходимларидан университетда таълим олиб, мендаги қизиқиш янада ортган.
Шу ва бошқа сабабларга кўра, Тайванга йўл олдим. У ерда IT соҳасида ишладим. Таълим бўйича менежмент ва иқтисодиёт илмида борардим, лекин қизиқиш туфайли борган сари техник йўналишга кириб бордим. Тайванда 16 йил мобайнида турли хил лойиҳалар устида ишлаб, ечимлар яратдим. 2020 йилда яна АҚШга, Кремний водийсига қайтишга қарор қилдим. Бу сафар, Сан-Франциско давлат университетида компютер фанлари соҳасида магистрлик даражасини олишга муваффақ бўлдим. Шундан кейин эса “Amazon Web Services”га ишга кирдим.
“Amazon’га ишга кириш – талаблар кучли, рақобат катта”
Amazon’га 2022 йилда ишга кирдим. Магистратурани тугатишимга 6 ой қолганда иш қидиришни бошладим, менда айни Amazon диққат марказимда эди. Олдинроқ Microsoft булутли платформасида лойиҳалар қилганман. Шу вақтда кўп мижозлар Amazon платформасини маъқул кўришларини айтар эди. Қолаверса, Amazon энг йирик булутли платформа ҳисобланади. Шу сабабларга кўра, шу платформани чуқурроқ ўрганишга ва шу компанияда ишлашга қарор қилдим.
Қизиқ томони шундаки, талабалар ўнлаб, юзлаб ишларга ҳужжат топширишади, мен ўзимнинг аниқ мақсадим бўлгани учун фақат Amazon’га ҳужжат топширдим. Шундан кейин компания ҳодимлари менга алоқага чиқиб, интервюларга йўл йўриқ кўрсатишди. 4-5 ой интервюга тайёрландим. Интервюда рақобат жуда катта, техник ва хулқ-атвор жиҳатидан номзодларни синашади. Умумий олганда, 7 тадан 10 тагача интервюдан ўтиш керак. 4-5 ой, кунига 6-8 соат тайёрландим ва ҳамма синовлардан ўтиб, ишга кирдим.
Жараён бундай: рекрутер (инглизча recruiter – ёлловчи) сизга телефон қилиб, сиз бу ролга тўғри келасизми, аниқлаб олади. Кейинги поғонада сизга техник томондан ҳар хил саволлар беришади, сиз шунга ечимлар беришингиз керак. Бу бир соат давомида бўлади. Шундан ўтганингиздан кейин 5 та кетма-кет интервю бўлади. Бунда сизга ҳар хил ситуацион саволлар берилади, ўзингизни тутишингиз, бошқалар билан яхши ишлай оласизми, шу каби хислатларингизни билиб олишга ҳаракат қилишади. Кейин 1 соат давомида тақдимот қилишингиз керак. Шулардан кейин, тўғри келсангиз, сизга иш таклифини беришади. Сизга бериладиган маошни ҳам шу пайтда келишиб олишингиз мумкин бўлади.
Ҳар бир иш ўрнига рақобат ҳар хил бўлимларда ҳар хил бўлади, бизга аниқ айтишмайди. Лекин агар иш қидириш веб сайтларига қарасангиз, ўнлаб, ҳаттоки юзлаб номзодлардан бир ёки иккитаси ишга қабул қилинади.
Тайвандаги IT лойиҳалар
Тайванда16 йил мобайнида бир неча стартапларда ишладим. Кейинроқ ўзимнинг технологик маслаҳатчилик компаниямни очиб, шу ерда фаолиятимни олиб бордим. Кўп лойиҳалар устида ишлаганмиз, катта лойиҳалардан бир нечтасини айтиб ўтаман: бири шу Ирландиядаги мижозлар буюртмаси билан қилинган сунъий интеллектдан фойдаланиб икки ғилдиракли шаҳар микротранспорт воситаларида йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишга қаратилган IoT қурилмаси. Бу қурилма камера, сунъий интеллект чипи, Bluetooth, мобил алоқа ва бошқа кўплаб функциялардан иборат эди.
Яна бир ишимиз - шифохоналарда қўлланадиган компютерларни лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш эди. 60 мингдан ортиқ компютерлар жаҳондаги 200дан ошиқ шифохоналарда, жумладан АҚШ, Канада, ва Европадаги бир неча давлатларда қўлланмоқда. Уларнинг биз ишлатадиган шахсий компютерлардан нима фарқи бор: улар шифохона шароитларига мослаштирилган бўлиб, ўзига хос хусусиятларга эга. Масалан, унда телефон трубкаси, бармоқ изи сенсорлари, пул тўлаш компонентлари бор. Ундан ташқари, кучли химикатлар ишлатиб дизинфекциялаш функцияси бор. Бунинг учун чидамли корпус қилганмиз. Беморлар ҳақида сирли маълумотларни ўзида жамлагани учун турли хавфсизлик талабларига жавоб беради. Мисол учун, HIPAA ва GDPR стандартлари.
Яна бир лойиҳамиз кончилик ва қурилишда ишлатиладиган саноат конвейерларини автоматлаштириш эди. Биз буни Япониядаги мижозлар учун яратганмиз. Бу конвейерлар масофадан бошқариш ва видео назорат қилиш имкониятларини беради. Бу қандай ҳолатларда керакли? Инсон учун зарарли муҳитларда, масалан конларда тош тушиш ҳавфи бор ёки заҳарли ҳаво бор ерларда, ушбу ечим операторларга бу конвейерларни хавфсиз жойдан туриб назорат қилиш ва бошқаришларига имкон беради.
Сунъий интеллект ёрдамида йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш қурилмаси ҳақида
Бу ечим электр скутерлар учун мўлжалланган, скутерларнинг олдига битта, орқасига битта камера қўйиш мумкин. Ҳайдовчи йўлдаги ҳамма ҳолатларни назорат қилиб боради. Масалан, йўлда бошқа транспорт келяпти ёки пиёдалар кўп, йўлда қурилиш бўляпти ёки орқангиздан тезлик билан автомобил келяпти – шу ҳолатларни доимий реал режимда, яъни кечиктирилмаган режимда назорат қилиб туради ва ҳайдовчига сигнал бериб туради.
У Wi-Fi ва мобил алоқага эга бўлгани учун админстраторларга ҳам маълумот етказиб туради. Мисол учун, ҳозир кўп давлатларда шундай муаммолар бор: сиз электр скутерларни ижарага олиб минишингиз мумкин, лекин уларда скутерлар катта йўлларга чиқиши, ёки пиёдалар юрадиган йўлга кириши мумкин эмас деган ўзининг чекловлари бор. Бизнинг қурилма, ҳайдовчилар бу қоидаларга амал қилишяптими, ҳаракат хавфсизлигини бузишмаяптими, тезликни оширишмаяптими, шуларни назорат қилади. Агар улар хавфли ҳаракат қилаётган бўлсалар, электр скутерларга огоҳлантириш бериб, масофадан ўчириб қўйиш ҳам мумкин. Мақсад – йўлларда хавфсизликни ошириш.
Бу қурилма Ирландиялик буюртмачилар учун қилинганди. Кейинчалик АҚШдаги катта шаҳарларда, Европада – Франция, Германияда, Ўрта Шарқда – Дубай каби катта шаҳарларда қўллаш борасида лойиҳалар кўриб чиқиляпти.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:10 / 23.12.2024
АҚШ Хитойнинг эски чипларига нисбатан тергов бошлади
19:00 / 23.12.2024
Трамп: АҚШ ҳукумати расман фақат иккита жинсни - эркак ва аёлни тан олади
18:12 / 23.12.2024
Байден ўлимга ҳукм этилган 37 нафар маҳбуснинг жазосини енгиллаштирди
17:17 / 23.12.2024