Спорт | 21:10 / 23.02.2024
46731
3 дақиқада ўқилади

ФИФА «Бунёдкор» клуби Ривалдо ва Денилсонга қарийб 9,5 миллион евро тўлаб бериши ҳақида қарор қабул қилди

ФИФА дисциплинар қўмитаси «Бунёдкор» клуби ва жамоанинг собиқ ўйинчилари Ривалдо ҳамда Денилсон ўртасида узоқ давом этаётган молиявий тортишув бўйича қарор қабул қилди.

Фото: Tribuna.uz

Tribuna.uz манбаси тақдим этган ҳужжатларга кўра, ФИФА «Бунёдкор» клубининг Ривалдо олдидаги қарздорлиги – 8,1 миллион евро, Денилсон олдидаги қарздорлик – 1,1 миллион евро маблағни тўлаш бўйича қарорни Ўзбекистон футбол ассоциациясига юборган.

ФИФА тартиб-интизом қўмитаси аъзолари 22 феврал куни «Бунёдкор» клуби ва бразилиялик ўйинчилар ўртасидаги мазкур иш бўйича қарорни қабул қилган. ФИФА қарорида қуйидагилар маълум қилинган:

«Бунёдкор» ва Ривалдо ўртасидаги иш бўйича:

1. «Бунёдкор» клуби ФИФА низоларни ҳал қилиш палатасининг 2017 йил 21 сентябрда қабул қилган қарорини тўлиқ бажармаганликда айбдор деб топилган. Бу Спорт арбитраж суди томонидан 2023 йил 6 ноябрда чиқарилган қарорда тўлиқ тасдиқланган.

2. «Бунёдкор» клуби ФИФА низоларни ҳал қилиш палатаси ва CAS қарорига кўра, Ривалдо Витор Борба Феррейрега қуйидагиларни тўлаши шарт:

2 489 947 евро – клуб томонидан бразилиялик футболчига тўланмаган мукофот пули ҳамда йиллик 5 фоиз устама;

5 664 000 евро – шартнома бекор қилиниши сабабли товон пули ҳамда йиллик 5 фоиз бонус.

10 минг Швейцария франки – арбитраж суди жараёнида харажатлар учун товон пули.

«Бунёдкор» ва Денилсон ўртасидаги иш бўйича:

1. «Бунёдкор» клуби ФИФА низоларни ҳал қилиш палатасининг 2017 йил 21 сентябрда қабул қилган қарорини тўлиқ бажармаганликда айбдор деб топилган. Бу Спорт арбитраж суди томонидан 2023 йил 6 ноябрда чиқарилган қарорда тўлиқ тасдиқланган.

2. «Бунёдкор» клуби Денилсон Мартинш Насимьентога қуйидагиларни тўлаши шарт:

700 000 АҚШ доллари – клуб томонидан бразилиялик футболчига тўланмаган мукофот пули ҳамда йиллик 5 фоиз устама;

400 000 АҚШ доллари – келишув шартлари бузилганлиги учун товон пули ҳамда йиллик 5 фоиз бонус.

10 минг Швейцария франки – арбитраж суди жараёнида харажатлар учун товон пули.

Қайд этилишича, ФИФА томонидан «Бунёдкор» клубига 30 кун ичида ушбу маблағни тўлаш муҳлати берилган. Акс ҳолда ташкилот томонидан тегишли чоралар кўрилиши маълум қилинган.

Шунингдек, ҳар икки футболчи бўйича «Бунёдкор» клуби 30 000 минг швейцар франки миқдорида жаримага тортилган.

Эслатиб ўтамиз, Ривалдо 2008-2010 йиллар давомида «Бунёдкор» клуби шарафини ҳимоя қилиб, уч карра Ўзбекистон чемпиони бўлган эди. Денилсон эса 2010 йил Тошкент клуби сафида чемпионликка эришган, Олий Лигада 14 ўйинда 4та гол, ОЧЛда эса 6 ўйинда 5та голга муаллифлик қилганди.

Мавзуга оид