ЖССТ қизамиқ эпидемияси кенг тарқалиши эҳтимолидан огоҳлантирди
Шошилинч чоралар кўрилмаса, 2024 йил охирига бориб, дунё мамлакатларининг ярмидан кўпида қизамиқ эпидемияси тарқалиш хавфи жуда юқори. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълум қилди.
Қизамиқ касаллиги ҳозиргача Шимолий ва Жанубий Америка қитъаларидан ташқари қолган барча минтақаларда қайд этилган. Мутахассислар хулосасига кўра, эпидемиологик вазият ёмонлашуви коронавирус пандемияси даврида қизамиққа қарши эмлаш тадбирлари етарли даражада ташкил этилмагани билан боғлиқ. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ЖССТга таяниб хабар берди.
Қайд этилишича, 2022 йил дунё бўйича эмлаш қамрови 2021 йилга нисбатан бироз ошган бўлишига қарамай, 33 миллион қизамиққа қарши вакцина дозалари билан қамраб олинмаган. 22 миллион нафарга яқин ўғил-қиз вакциналарнинг биринчи дозасини, 11 миллион нафари иккинчи дозасини қабул қилмаган.
“2024 йилги эмлаш дастурларида ҳам катта бўшлиқлар бор. Агар ҳолат шундай давом этса, миллионлаб болаларимиз бундан жабр кўриши мумкин. Бугун сайёрамиз бўйича қизамиқнинг ўсиш динамикаси кузатиляпти. Айниқса ўрта даромадли мамлакатларда аҳвол қониқарли эмас. Биз 2019 йилги ҳолат такрорланишидан хавотирдамиз”, – деган ЖССТ вакили Наташа Кроукрофт.
Маълум қилинишича, ер юзида қизамиқ билан касалланиш даражаси 2019 йилда кескин ошиб, сўнгги 23 йилдаги рекорд кўрсаткичга етган (869 мингта ҳолат). Қизамиқдан ўлим статистикаси ҳам 2016 йилга нисбатан деярли 50 фоизга кўпайган (207 минг ҳолат).
Мавзуга оид
18:07 / 22.12.2024
FT: АҚШ Трамп президентлигининг биринчи кунида ЖССТдан чиқишини эълон қилиши мумкин
13:42 / 02.12.2024
Дунёда 800 миллиондан ортиқ одам диабетдан азоб чекади — тадқиқот
19:15 / 15.11.2024
ЖССТ: 2018 йилдан бери дунёда тиббиёт муассасаларига 7,4 мингдан ортиқ ҳужум уюштирилди
18:19 / 13.11.2024