«Ливерпул» «Челси» ва VAR’ни енгди, Клопп «Энфилд»даги сўнгги мавсумида соврин ютди
Жароҳатлар эпидемиясига учраган мерсисайдликлар 18-19 ёшли футболчилар билан ўйнаб кубокни қўлга киритди.
«Челси» — «Ливерпул» 0:1
Гол: ван Дейк (118).
«Челси» – Петрович, Гюсто, Дисаси, Колуилл, Чилуэлл (Чалоба, 113), Галлаҳер (Мадуэке, 97), Фернандес, Палмер, Кайседо, Стерлинг (Нкунку, 67), Жексон (Мудрик, 90).
«Ливерпул» – Келлеҳер, Брэдли (Кларк, 72), ван Дейк, Конате (Куанса, 105), Робертсон (Цимикас, 87), Эндо, Мак Аллистер (Макконнелл, 87), Гравенберҳ (Гомес, 28), Эллиотт, Диас, Гакпо (Дэннс, 87).
Огоҳлантиришлар: Чилуэлл (45+3), Брэдли (45+3), Мак Аллистер (81), Конате (82), Макконнелл (107), Палмер (120+2), Гомес (120+3).
Эпидемия
Салоҳ, Нунес, Жота, Александер-Арнолд, Собослаи, Алиссон, Матип, Жонс, Алкантара, Байчетич. Бу — «Ливерпул»нинг лига кубоги финали учун бошланғич таркиби эмас, жароҳат туфайли унда ўйнай олмаган футболчилар рўйхати. Фақат ўн кишидан иборат бўлса-да, бу футболчилар назарий жиҳатдан жанговар таркиб ҳосил қила оларди.
Ўйин бошланганидан ярим соат ҳам ўтмасдан «Ливерпул» лазаретига 11-футболчи ҳам қўшилди. Гравенберҳ сафдан чиқди, ушбу ҳавбек «Уэмбли» стадионини фақат замбилда тарк эта олди — нидерландиялик футболчининг болдир суяги ва товон суягини бириктирувчи бўғини (голеностоп) қайрилиб кетди ва у оёғини боса олмади. Клопп бу паллада фақат истеҳзо билан жилмайди ва бошини чайқади — унда Гравенберҳни алмаштириш учун футболчининг ўзи йўқ эди, жамоа марказий яримҳимоячилар борасида тақчилликка учраган.
«Челси» «Ливерпул»даги кадрлар муаммосидан фойдаланиб қолиши мумкин эди. Кўклар бу мавсумда Юрген Клопп жамоасига тенгма-тенг рақиблик қилиш учун барқарор ўйин кўрсата олмаяпти ва атиги бир ой олдин жамоа АПЛ доирасида «Энфилд»да тор-мор этилганди. Аммо бу қисқа муддат ичида кўп нарса ўзгариб кетди: «Ливерпул»нинг ўша ўйинда бошланғич таркибда ўйнаган футболчиларининг ярми якшанба куни майдонга чиқа олмаганининг ўзи ҳам кўп нарсани англатади.
«Челси»нинг бошланғич таркиби қандай бўлишини ва Маурисио Почеттинонинг тактикасини олдиндан билиш мумкин эди: лондонликлар иккинчи рақам остида ҳаракат қилиб, «Ливерпул» ҳимоясида пайдо бўлиши муқаррар бўлган бўш зоналардан фойдаланишга ҳаракат қилди. Аммо қизиллар ўйинни яхшироқ бошлади: Макаллистер ва Диасда илк 15 дақиқаликдаёқ яхши имкониятлар бўлди.
Почеттинонинг ғалати сўзлари
Аммо кўп ўтмай «Челси» фаоллашди ва оқшомнинг энг ёрқин вазиятларидан бири юзага келтирилди: қулай вазиятда турган ва ҳеч ким халақит бермаган Палмер яқин масофадан туриб зарба йўллади, аммо «Ливерпул» посбони Келлеҳер фантастик тарзда тўпни қайтарди. Ва бу ирландияликнинг сўнгги қаҳрамонлиги эмасди.
Бўлим ўрталаридан ўтиб Гравенберҳ жароҳат олди, унинг оёғини босиб олган Кайседога ҳатто сариқ карточка ҳам кўрсатилмади. VAR вазиятга аралашмади ва бош ҳакам қарори ўзгармади.
Шу ўринда ўйиндан олдинги матбуот анжумани вақтида Почеттино айтган сўзларни эслаш мумкин. «Челси» бош мураббийи ҳакамлик мавзусида можароли сўзлар айтди ва финалда ишловчи арбитрларга қуйидаги сўзлар билан мурожаат қилди: «Сизда Клоппнинг ҳаётини қандайдир тарзда барбод қилиб қўйишим мумкин деган босим бўлмаслиги керак. Мен Юргенни ёқтираман, аммо унинг сўнгги мавсумида барча бир хил шароитда бўлиши ва барча эпизодлардаги қарорлар бир хилда қабул қилиниши лозим».
Шу билан бирга, бир неча дақиқа ўтиб ҳакамлар Почеттинонинг чақириғи ҳеч нарсани англатмаслигини кўрсатиб қўйишди: Стерлингнинг голи Жексон бир неча сантиметрлик офсайдда қолгани туфайли бекор қилинди. Арбитрлар чизиқни ўлчаш учун кўп вақт сарфлашди, аммо технология «Ливерпул» томонида бўлди.
Ван Дейкнинг бекор қилинган голи
Гравенберҳнинг жароҳати туфайли Клопп ўйин давомида футболчилар жойлашувини қайтадан ишлаб чиқишига тўғри келди: ёш ҳимоячи Брэдли вазиятга қараб ўнг қанот вингерига айланди, Эллиотт майдон марказига кўчди, Гомес эса ўнг қанот ҳимоясига ўтди. Қизиллар янгича схемага кўникиши учун маълум вақт талаб қилинди, аммо бўлим охирида улар мослашишди ва вазиятлар ярата бошлашди: Гакпонинг зарбаси устунга тегди, Диас ва Брэдли ҳам гол уришга яқин келишди.
Танаффус арафасида футболчилар кичик жанжал ҳам уюштиришди. Бу Чилуэлл ва Брэдли бир-бирини туртиши билан бошланди.
Иккинчи бўлимни «Челси» кучлироқ бошлади — Энцо эпизодлардан бирида сусткашлик қилди ва голга сабабчи бўлишига бир бахя қолди. Голни эса «Ливерпул»: ўйиннинг бир соати тугаётганида ван Дейк бош билан тўпни дарвоза тўрига йўналтирди ва барча билан қучоқлашиб голни нишонлади, мухлисларга салом йўллади ва ўз позициясига қайтиб, «Челси» тўпни майдон марказидан ўйинга киритишини кута бошлади. Аммо шу паллада «Уэмбли» таблосида VAR ёзуви пайдо бўлди, арбитрлар «Ливерпул» футболчилари ҳаракатларига қоидаларга хилоф ҳаракатдан гумон қила бошлашди. Якунда гол бекор қилинди, видеоассистентлар бош ҳакам Крис Каванани мониторга чақиришига тўғри келди: у офсайд ҳолатида қолган Эндо Колвиллни ушлаб қолгани ва у ван Дейкка бораётган тўпни тўсишига тўсқинлик қилганини тасдиқлади.
Клопп ғазаб отига минди, аммо у арбитрлар қарорига таъсир кўрсата олмасди. У ўз жамоаси учун қилиши мумкин бўлган ягона ҳаракат — футболчиларни алмаштириш эди. Ўйинни кучайтириш учун эса вариантлар деярли йўқ эди: иккинчи бўлимда майдонга Цимикас ва ўртача ёши 19 дан ошмайдиган яна уч футболчи майдонга туширилди. Ва гап ҳатто Куанса ҳақидамас, балки 19 ёшли Кларка ва Макконнелл, шунингдек 18 ёшли Даннс ҳақида бормоқда.
Келлеҳернинг сейвлари ва ван Дейкнинг ҳисобланган голи
Албатта, ёш тарбияланувчиларга ўйин амалиёти тақдим этилиши мухлисларни доимо хурсанд қилади, аммо бунинг салбий томони ҳам бор: тажрибасизлик ва жамоа билан ўйин кўникмаси йўқлиги. «Ливерпул» ўйиннинг асосий вақти охирига келиб пароканда бўлиб кетди ва ўз дарвозаси атрофида жуда кўп вазиятлар яратилишига йўл қўйиб берди: биргина Гэллаҳернинг ўзи уч марта юз фоизлик имкониятга эга бўлди, аммо қизиллар мўъжизавий тарзда бардош беришди. Бу мўъжизанинг фамилияси эса — Келлеҳер эди. У ўйин давомида жами тўққизта сейв амалга оширди.
Овертаймларда «Челси» «Ливерпул»ни буткул таслим қиладигандек кўринганди, аммо Клопп танаффусда ёшларни руҳлантира оладиган сўзларни топа олди ва қизиллар бутунлай бошқача ўйнай бошлашди. Агар биринчи қўшимча бўлимда улар шунчаки рақибдан яхшироқ кўринган бўлса, иккинчисида — ғалабани илиб кетишди.
Голдан олдинроқ «Челси» посбони Петрович ҳам фантастик ҳаракат қилиб, Эллиоттга яқин масофадан гол уришга имкон бермади. Аммо у муқаррар ҳодисани шунчаки ортга сурганди: бир неча дақиқа ўтиб ван Дейк яна стандарт вазиятда бош билан гол урди ва бу сафар шикоят учун асос топилмади.
«Челси»да энди вақт қолмаганди ва «Ливерпул» ўйинни хотиржамлик билан давом эттириб, ўта машаққатли ғалабани сақлаб қолди. Шу тариқа, «Ливерпул» кейинги мавсумда бирор еврокубокда иштирок этишини (Конференциялар лигаси) кафолатлади. Лекин жамоа 99 фоиз эҳтимол билан Чемпионлар лигасида иштирок этади ва Конференция лигаси йўлланмаси АПЛ турнир жадвалида навбатдаги ўринлардаги (7-ўрин) жамоалардан бирига берилади. Клопп эса сўнгги мавсумида «Энфилд»ни камида бир соврин билан тарк этиши аниқ бўлди.
Мавзуга оид
12:33 / 23.12.2024
Ҳусановнинг «ўғирланган» голи ва Лондонда теннисча ҳисоб. Кун ўйинлари
12:02 / 22.12.2024
«Барса»да инқироз, «Сити»да антирекорд. Кун ўйинлари
11:12 / 19.12.2024
«Реал»да янги соврин, «Арсенал»га ҳакамлар ёрдам берди, Шомуродов гол урди
12:24 / 16.12.2024