MH370 рейси йўловчиларининг оилалари қидирув ишларини қайта бошлашга чақирди
2014 йилда радарлардан йўқолган ва бортида 239 киши бўлган Малайзия самолётининг излари топилмади. Малайзияда йўловчиларнинг 500 га яқин қариндошлари ва улар тарафдорлари хотира кунига йиғилди.
MH370 рейсидаги йўловчиларнинг 500 га яқин қариндошлари ва улар тарафдорлари деярли ўн йилдан бери бедарак йўқолган деб ҳисобланаётган Малайзия самолётини янгидан излашга чақирди. 3 март, якшанба куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпур яқинидаги савдо марказига одамлар хотира кунини нишонлаш учун йиғилди, деб хабар берди AFP. Баъзи одамлар самолёт йўловчиларининг деярли учдан икки қисмини ташкил этган Хитойдан келган.
Самолёт бортида онаси бўлган 36 ёшли адвокат Грейс Нейтан агентликка шундай деди: «Сўнгги ўн йил мен учун ҳис-туйғулар палласи бўлди. MH370 - тарихга айланмади». У янги қидирув ишларини бошлашга чақирди. Самолётда ўғлини йўқотган хитойлик 67 ёшли Лиу Шуанг Фонг унинг учун «адолат» талаб қилди. «Самолёт қаерда?» - дея савол берди у ҳамда қидирувни давом эттиришни талаб қилди.
MH370 рейси ҳалокати
Куала-Лумпур – Пекин йўналишида MH370 рейсини амалга оширган Malaysia Airlines авиакомпаниясининг Boeing-777 самолёти 2014 йил 7 мартдан 8 мартга ўтар кечаси ҳавога кўтарилганидан бир соат ўтмай радарлардан ғойиб бўлди. Лайнер бортида 227 йўловчи ва 12 экипаж аъзоси бўлган. Тахминларга кўра, лайнер қулаган ва унинг қолдиқлари Ҳинд океанининг жанубий тубига ғарқ бўлган. 2015 йил январида Малайзия расмийлари бортдагиларнинг барчасини расман ҳалок бўлган деб эълон қилди.
Самолёт ёки йўловчилар ва экипаж аъзоларининг жасадларини топишга бўлган барча уринишлар ҳозирча муваффақиятсиз бўлди. 120 минг квадрат километр майдонда олиб борилган сувости қидирув ишларида қолдиқлар изи топилмади. Турли вақтларда турли жойларда йўқолган самолётга тегишли 27 та парча топилган. Бундан экспертлар машина парчаланиб кетган деган хулосага келди, бироқ улар бу ҳавода ёки сувга урилганда содир бўлгани ҳамда нима сабабдан юз берганини охиригача аниқлай олмади. MH370 рейси тақдири сирлигича қолмоқда.
MH370 рейси: фитна назариялари
2018 йил июл ойи охирида Малайзия ҳукумати самолётнинг ғойиб бўлиши бўйича тергов натижалари бўйича «якуний ҳисобот»ни тақдим этди. 450 саҳифалик ҳужжатнинг асосий хулосаси шундан иборатки, тергов гуруҳи «MH370 йўқолиши сабабини якуний тарзда аниқлай олмайди».
Ҳисоботда, шунингдек, нима учун самолёт ярим тунда тўсатдан йўналишидан чиқиб кетгани ва, эҳтимол, диспетчерларга жавоб бермай, бир неча соат давомида парвозни давом эттиргани ҳақида ҳеч қандай асосли изоҳ берилмаган. Шу билан бирга, ҳужжатда қайд этилишича, лайнер тақдирига «айрим учинчи шахсларнинг аралашуви эҳтимолини» инкор этиб бўлмайди.
Мавзуга оид
19:09 / 20.12.2024
Малайзия 10 йил олдин йўқолган MH370 рейсини қидириш ишларини қайта бошлашга қарор қилди
14:10 / 20.12.2024
Малайзия банки Ўзбекистонда ўз филиалини ташкил этиши мумкин
10:55 / 18.12.2024
Малайзия билан "ақлли" шаҳар технологияси бўйича қўшма лойиҳалар амалга оширилади
22:20 / 08.12.2024