Жаҳон | 22:20 / 08.12.2024
3432
2 дақиқада ўқилади

Малайзия БРИКС бўйича шерик давлат мақомини олишга рози бўлди

Мамлакатнинг Россиядаги элчиси Малайзия Россия раислик қилаётган БРИКС ташкилотининг бир қисми бўлишга тайёр эканини маълум қилди.

Фото: Getty Images 

Малайзия Россиядаги элчиси Чеонг Лун Лай ўз мамлакати БРИКС бўйича шерик давлат мақомини қабул қилганини билдирди. Малайзия ҳукуматига бу борадаги таклиф ноябр ойида берилган эди.

«Биз БРИКСга раислик қилаётган Россияга ташкилотнинг бир қисми бўлишга тайёрлигимиз ҳақида жавоб қайтардик», — дейди Чеонг Лун Лай.

БРИКС бўйича шерик давлат мақоми — мамлакатга саммитларнинг махсус сессиялари ва БРИКС ташқи ишлар вазирлари йиғилишларида доимий иштирок этиш ҳуқуқини кафолатлайди. Шунингдек, шериклар вазирлар даражасида ўтказиладиган бошқа тадбирларга, жумладан, савдо масалалари, миллий хавфсизлик вакилларининг учрашувлари ва парламент аъзолари форумларига ҳам таклиф қилиниши мумкин.

БРИКС — иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти. 2001 йилда британиялик иқтисодчи Жим Онил жаҳон иқтисодини ўрганиш жараёнида бир гуруҳ катта давлатларда иқтисодий тизимли ўсишга эътибор бериб, шартли равишда БРИКС деб атайди (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой). 2010 йилда бунга ЖАР қўшилди, бугун ташкилотда тўққизта давлат бор.

Ноябр ойида Беларусь ташқи ишлар вазири Максим Риженков Россия элчиси Борис Гризловга мамлакатнинг БРИКСнинг тўлақонли шериги бўлишга тайёрлиги тўғрисидаги номани топширганди.

Мавзуга оид