Жамият | 16:02 / 04.03.2024
14815
3 дақиқада ўқилади

Уч вилоятда газ ва токдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди

Самарқандда оилавий корхона салкам 900 млн сўмлик газдан ноқонуний фойдалангани аниқланди.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Самарқанд, Андижон ва Сурхондарё вилоятларида табиий газ ҳамда электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Қайд этилишича, департаментнинг Паст Дарғом туман бўлими томонидан «Ўзэнергоинспекция» бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида «Фурқат» МФЙ ҳудудида фаолият юритувчи «Н.П.» оилавий корхонаси раҳбари И.Э. умумий овқатланиш шохобчасини ва новвойхонасида ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги газ тармоғидан газ ҳисоблагичдан ташқари тижорат мақсадида қувур тортиб жами 897,5 миллион сўмлик табиий газни ўғирлагани аниқланган.

Департаментнинг Андижон шаҳар бўлими томонидан «Ўзэнергоинспекция» ва ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувларда «Г.Н.» ва «М.г.» МЧЖ масъул шахслари озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехи ҳамда умумий овқатланиш шохобчасини ҳеч қандай ҳужжатсиз тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўғрилик йўли билан улаб, жами 164,2 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Департаментнинг Пахтачи туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда фуқаро З.Э. 7 сотих ер майдонида иссиқхона ташкил этиб, ушбу иссиқхонани ҳеч қандай ҳужжатсиз умумий фойдаланишдаги табиий газ ва электр тармоқларига тижорат мақсадида улаб, жами 150,4 миллион сўмлик табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Департаментнинг Термиз туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «С.Б.» хусусий корхонаси раҳбари Ш.П. «Бунёдкор» МФЙ ҳудудидаги ишлаб чиқариш цехини ҳисоблагичдан ташқари тижорат мақсадида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига улаб, жами 106,4 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид