Жаҳон | 09:51 / 08.03.2024
4599
2 дақиқада ўқилади

Киевда Хитой элчиси билан «тинчлик формуласи» муҳокама қилинди

Хитой делегацияси Киевга ташриф буюрди. Ташриф чоғида Украинадаги хавфсизлик ҳолати ва «тинчлик формуласи» бошқа масалалар қаторида муҳокама қилинди.

Фото: Reuters

Киевда Хитой ҳукуматининг Евросиё масалалари бўйича махсус вакили Ли Хуэй бошчилигидаги делегацияси билан Украина президенти ва ҳукумати девонидаги расмийларнинг учрашуви бўлиб ўтди. Томонлар Украинадаги хавфсизлик ҳолати, жанг майдонидаги вазият, Украина «тинчлик формуласи» ва унга эришишда Хитойнинг иштирокини муҳокама қилди. Бу ҳақда 7 март, пайшанба куни идора сайтида хабар берилди.

Ли Хуэй Украинага иккинчи марта ташриф буюрмоқда. Бундан олдин у Россия ва Европа Иттифоқига ҳам кўп ташриф буюрган. 2023 йил апрел ойида у Россия-Украина можаросини ҳал қилиш бўйича Хитой делегациясига раҳбар этиб тайинланди.

«Биз Хитой билан ҳамкорликни қадрлаймиз ва бугунги музокаралар муносабатларимизни чуқурлаштириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги қадам бўлишига умид қиламиз», — деди ХХР делегацияси ташрифи чоғида Украина президенти девонининг раҳбари Андрей Ермак.

Бундан ташқари, хабарда айтилишича, Хитой делегациясига КХДРда ишлаб чиқарилган уриб туширилган рус ракетасининг бўлаклари ҳамда Россияга берилган ва у томонидан ҳужумлар учун фойдаланиладиган бошқа қурол элементларининг намуналари кўрсатилди.

Украина «тинчлик формуласи» 

2022 йил сентябр ойида Украина президенти Володимир Зеленский Индонезиянинг Балида бўлиб ўтган G20 етакчилари саммити чоғида Украина ва Россия ўртасидаги келажак тинчлик бўйича ўзининг 10 банддан иборат қарашларини тақдим этди. Улар орасида, жумладан, Украинанинг ядровий, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш, барча асирлар ва депортация қилинганларни озод қилиш, Россия қўшинларини олиб чиқиш ва ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бор. 

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Зеленскийнинг формуласини «амалга ошириб бўлмайдиган» деб атаган бўлса, АҚШ президенти Жо Байден ва Германия канцлери Олаф Шолц буни аксинча олқишлади. 

Мавзуга оид