АҚШ қисман шатдауннинг олдини олишга муваффақ бўлди
Конгресс юқори палатаси сентябргача ҳукуматнинг бир қисмини молиялаштириш бўйича қонун лойиҳалари пакетини қабул қилишга муваффақ бўлди.
АҚШ Сенати 8 март, жума куни мамлакатда шатдауннинг олдини олишга имкон яратувчи қонун лойиҳалари тўпламига овоз берди. Уни 75 сенатор қўллаб-қувватлади, 22 нафари қарши овоз берди. Энди уни мамлакат президенти Жо Байден тасдиқлаши керак.
Қабул қилинган олтита қонун лойиҳаси 30 сентябрда молиявий йил охиригача федерал ҳукуматнинг айрим қисмларини молиялаштиради. Шу жумладан, пуллар қишлоқ хўжалиги, энергетика ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, уй-жой қурилиши, транспорт, фахрийлар ва адлия соҳаларидаги ишларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Палата чоршанба куни пакетни қабул қилди. Унда республикачилар фаол қаршилик кўрсатганига қарамай, кўпчилик овозни Демократик партия вакиллари берди.
АҚШда қисман шатдаун таҳдиди ҳамон сақланиб қолмоқда
Сентябр ойи охиригача ҳукуматни тўлиқ молиялаштириш учун Конгресс 22 мартгача яна олтита харажатлар қонунини қабул қилиши керак. Бироқ, мудофаа, давлат ва миллий хавфсизликни молиялаштиришни ўз ичига олган иккинчи пакет бўйича овоз бериш янада қийин бўлиши кутилмоқда.
Коннектикут штати вакили, Вакиллар палатаси қўмитасидаги энг асосий демократ Роза ДеЛауро Конгресс қонун лойиҳаларининг янги пакетини қабул қилиш «йўлида» эканлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу ҳозир «ривожланишнинг турли босқичларида».