Ўзбекистон | 12:38 / 13.03.2024
17637
3 дақиқада ўқилади

Когон тумани ҳокими ўзгарди

Муҳиддин Эсонов туман ҳокимлигидан ҳам кетди. У муқаддам Бухоро вилояти раҳбари бўлиб ишлаган.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати

13 март куни Халқ депутатлари Когон тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди.
 
Сессияда вилоят ҳокими Ботир Зарипов, президент администрацияси масъул ходими Саҳоб Сулаймонов, вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, вилоятдаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, туман ҳокими ўринбосарлари ва мутасадди ходимлари, туман фаоллари иштирок этди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. 

«Когон тумани географик жойлашуви, бой табиати, тарихий аҳамиятига кўра вилоятимиздаги истиқболли ҳудудлардан ҳисобланади. Мана шу имкониятлардан самарали фойдаланилганлиги сабабли Когон тумани сўнгги йилларда Муҳиддин Турдиевич Эсанов раҳбарлигида вилоятдаги иқтисоди жадал ривожланаётган туманлар қаторидан жой олди. Ўзининг бой раҳбарлик тажрибаси, бошқарувчилик қобилияти, қатъияти ва талабчанлиги билан туманда Ҳурматли Президентимизнинг ислоҳотлари ижросини таъминлашда жонбозлик кўрсатди. Аммо кейинги пайтда Муҳиддин Эсоновнинг соғлиги ёмонлашганлиги зиммасига юклатилган вазифаларни самарали бажаришда қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Шу боис Муҳиддин Турдиевич туман ҳокими лавозимидан озод этишни сўраб мурожаат қилди», деди Ботир Зарипов кириш сўзи аввалида. 

Шундан сўнг Муҳиддин Эсонов Когон тумани ҳокими лавозимидан озод этилди.

Муҳиддин Эсонов / Бухоро вилоят ҳокимлиги

Айни вақтга қадар «Ғиждувон» эркин иқтисодий зонаси директори лавозимида ишлаб келган Отабек Нодирович Қазоқов Когон тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Сессияда вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳудуддаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий ҳолатни танқидий таҳлил қилиб, туманнинг янги раҳбари бошчилигида ҳудудни ҳар жиҳатдан ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишларга батафсил тўхталди. 

  • Маълумот учун, Муҳиддин Эсонов 2020 йил февралидан буён Когон тумани ҳокими эди. У 2011–2016 йилларда Бухоро вилоятига ҳокимлик қилган, вилоят ҳокимлигидан олингач, маълум муддат Бухоро туманига раҳбарлик қилган, кейинроқ  Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаганди.

Мавзуга оид