Ўзбекистон | 11:50 / 13.03.2024
12553
6 дақиқада ўқилади

Суд “музлатган” қурилиш: фуқаролар ва қурувчи ўртасидаги можаро нима билан тугайди?

Мирзо Улуғбек тумани Баҳор маҳалласида жойлашган футбол майдони ўрнида кўп қаватли турар жой қад ростлаётгани шу ерда яшовчи айрим фуқароларни ташвишга солмоқда. Улар қурилажак уйлар канализация, сув, электр ҳамда газга бўлган босимни оширишидан хавотирда. Қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилган - давом этадими ёки йўқлиги суд чиқарадиган қарорга боғлиқ.

Kun.uz’га пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани Баҳор маҳалласи аҳолисидан мурожаат келиб тушди. Мурожаатчилар Яланғоч мавзесида футбол майдони ўрнида олиб борилаётган қурилиш ишларидан норозилигини таъкидлашмоқда. Kun.uz мухбири вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида ҳудудда бўлиб, аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди.

Маълум бўлишича, маҳалланинг Узумзор кўчаси 19-уй рўпарасидаги майдон 2020 йилда бузиб юборилган. Биринчи қурувчи коттежлар қуришга ҳаракат қилган, бироқ қурилиш тўхтатилган. Шунга қарамай, 2023 йилда ер эгаси уни бу ерда тўрт қаватли турар жой қуришни режалаштирган бошқа бир тадбиркорга сотиб юборган.

Энди қурувчи 37 сотихли ер майдонида 4+1 ва 3+1 қаватли (том қисмида пентхаус бўлган) 65 хонадонли турар жой қуришни режа қилмоқда. Аммо маҳалла аҳолиси бу қурилишдан норози.

Маҳаллада болаларга ўйнайдиган жой қолмади. Ҳамма жойда қурилиш қилиб ташланди. Бу ерда олдин стадион бўларди, кейин у реконструкция қилинди. Майдонни олган биринчи эгаси стадион ўрнида коттеж қураман деб ҳаракат қилди. Рухсатнома ололмади. Кейин у ерни ҳозирги қурувчига сотиб юборди. Янги қурувчи стадион ўрнида “дом” қуришга қандай қилиб рухсат олгани бизга номаълум”, дейди шу ерда яшовчи Улуғбек Ташметов.

Фуқаро Умид Расулов маҳаллада одам гавжумлиги, ундан кўра бу ерни ободонлаштириб, парк, болалар учун майдон қилинса, дарахтлар экилса яхши бўлишини таъкидлади:

Ҳар йили ёмғир ёғганда бизнинг уйимизда сув тошади, улар алоҳида қувур тортиб келиб марказий қувурга улаймиз дейишяпти. Ичимлик суви, табиий газ босими, электр энергия кучланиши тушиб кетади. Булар ҳаммаси учун алоҳида тортиб келамиз деяпти, лекин охирида ҳеч ким буни назорат қилолмайди”, дейди у.

Қурилиш майдони ёнидаги уйда яшовчи Жамшид Музаффаров эса қурилишга қарши эмаслигини, фақат кўп қаватли уй эмас, коттеж қурилишига розилигини билдирди:

Маҳаллада уйлар бир-бирига жуда яқин. Янги қурилишлар сабабли оралиқ тор бўлиб қолган. Ўзи шундоқ ҳам кўчага машиналар кўп қўйиб ташлашади. Агар “дом” қуриладиган бўлса, кўчада ҳаракатланиб бўлмайди. Кўп қаватли уй қурилишига қаршиман, фақат коттеж қурилса, норозилигим йўқ”, дейди у.

Маълум бўлишича, Давлат кадастрлари палатаси Мирзо Улуғбек туман филиали томонидан Яланғоч мавзесида жойлашган нотурар бино “Modern Residence Style” МЧЖ номига давлат рўйхатидан ўтказилган бўлиб, бино иншоотга нисбатан мулк ҳамда ер майдонига ижара ҳуқуқи берилган.

Мазкур ер майдонида реконструкция ва қурилиш ишларини олиб бориш учун “Modern Residence Style” МЧЖ томонидан 2023 йил 7 июнда ариза билан Давлат хизматлари маркази орқали мурожаат қилинган. Мурожаат Мирзо Улуғбек туман қурилиш бўлими томонидан кўриб чиқилиб, 2023 йилда ушбу МЧЖга “Баҳор” МФЙдаги ўз ер участкасида “Ертўла қисмида автотураргоҳ, пастки қаватларида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари бўлган 5 қаватдан иборат кўп квартирали турар жой сифатида ихтисослаштириб қайта қуриш учун” рухсатнома берилган. Ушбу рухсатнома ҳамда буюртмачининг буюртмаси асосида Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси томонидан Архитектура режалаштириш топшириғи (АРТ) ишлаб чиқилган.

Юқоридаги ҳужжатларга биноан “Ideal Project” МЧЖ томонидан дастлабки эскиз лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб, Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасининг лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг 2023 йил 13 сентябрдаги хулосаси берилган ҳамда “Konstruksiya loyiha ekspertiza” МЧЖнинг 2023 йил 24 октябрдаги К-194/23-сонли ишчи лойиҳаси бўйича йиғма эксперт хулосаси олинган. Шу тариқа, қурилиш-монтаж ишларини бошлашга хабарнома юборилган ва 2023 йил 6 ноябрда қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун Тошкент шаҳар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси рўйхатидан ўтган.

Ҳолат юзасидан қурувчи ташкилот – “Modern Residence Style” МЧЖ иш юрутувчиси Нуриддин Абдуллажонов билан ҳам суҳбатлашдик. Унга кўра, кўп қаватли уйни қуриш учун тегишли ташкилотлардан рухсатномалар олинган.

Ҳужжатларимизда рухсат беш қаватга чиққани билан ўша ердаги аҳоли билан гаплашганимизда улар баландлик қилади, ноқулайлик туғдиради дегани учун биноларимизни тўрт ва уч қаватли қилиб қурадиган бўлганмиз. Режамизга кўра, турар жойимиз йил охирига қадар фойдаланишга топширилиши керак”, дейди Нуриддин Абдуллажонов.

МЧЖ вакили аҳолидан рухсат олишга уринганини, атрофдаги кўпчиликдан розилик олингани ва бир неча киши бунга кўнмаётганини таъкидламоқда.

Маҳалла аҳолиси ушбу низоли вазиятни суд орқали ҳал қилишга қарор қилган. Бугунги кунда фуқаролар томонидан қурилишга рухсатнома берган Қурилиш ва коммунал хўжалик вазирлиги ҳаракатидан шикоят қилиб, судга ариза топширилган ҳамда иккала томон суд қарорини кутишга келишган. Қурилиш жараёнлари вақтинча тўхтатилган.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Бахтиёр Тўхтаев,
Kun.uz

Мавзуга оид