Humo Air рейсларни бекор қилишда қонунни бузган — Рақобат қўмитаси
Humo Air лоукостери 284 та авиарейсни бекор қилгани ва чипта пулларини вақтида қайтариб бермагани билан истеъмолчилар ҳуқуқларини поймол қилгани аниқланди. Рақобат қўмитасига кўра, авиакомпания келиб тушган 3 мингта мурожаатдан бугунги кунгача 2 мингтасини ҳал қилган, мижозларга 1,5 млрд сўм қайтарилган.
Humo Air авиакомпанияси рейсларни бекор қилиш ва мижозларга маблағларни ўз вақтида қайтармаслик билан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун талабларини бузган. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълум қилди.
Қўмитага кўра, “Humo Air” МЧЖ томонидан 2024 йилда 284 та авиарейс бекор қилинган ва авиачипта харид қилган йўловчиларга пуллари ўз вақтида қайтариб берилмаган.
Бу билан авиакомпания “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 19- ва 21-моддалари талабларини бузган, дейилади расмий ахборотда.
Бу қонуннинг 19-моддасида ижрочилар ўз хизматларини белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда кўрсатиши шартлиги, 21-моддасида эса кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олиш мумкин эмаслиги белгиланган.
Маълум қилинишича, Humo Air'га 3 минг нафар истеъмолчидан мурожаат келиб тушган бўлиб, шулардан 2 минг нафарининг мурожаати бугунги кунгача қаноатлантирилган ва авиачипта учун тўлаган 1 млрд 500 млн сўм маблағ истеъмолчиларга қайтарилиши таъминланган.
“Шунингдек, 6 нафар истеъмолчи талабига кўра, авиакомпания ўз ҳисобидан бошқа авиакомпаниядан 7 млн 498 минг 758 сўмга чипталарни харид қилиб топширди. Авиакомпания томонидан парвози амалга ошмаган қолган йўловчиларга ҳам пулни қайтариш чоралари кўрилмоқда”, – дейилади истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органи ахборотида.
Рақобат қўмитаси фойдаланилмаган авиачипталар учун истеъмолчиларга тўловлар тўлиқ қайтарилиши бўйича назорат ўрнатганини маълум қилган.
29 феврал куни Humo Аir лоукостери 10 мартдан бошлаб маҳаллий қатновларни тўхтатишини эълон қилганди. Бунга сабаб – аввалига маҳаллий парвозлар учун ташкил этилган авиакомпания халқаро рейслар бозорига ўтишга қарор қилган.
Мавзуга оид
11:07 / 18.12.2024
Бир қатор нодавлат таълим муассасаларида қонунбузарликлар аниқланди
17:42 / 16.12.2024
7,2 млрд сўмлик тендер савдолари ихтиёрий равишда бекор қилинди
12:22 / 13.12.2024
Рақобат қўмитаси Yandex Go’ни огоҳлантирди
16:39 / 27.11.2024