Жамият | 14:12 / 22.03.2024
38387
12 дақиқада ўқилади

Эски кийим туфайли узилган ришта (Ҳаётий ҳикоя)

“Дугонамнинг ўғли бақириб гапирар экан, атрофимизни одамлар ўрай бошлади. Шу тобда унинг ўғлимни ерга ураётгани тўғри иш бўлмаётганди. Қарасам, ўғлимнинг қўллари мушт бўлиб тугиляпти. Дарҳол уни нарироққа тортиб кетдим. Бир пайт қарасам ўғлимнинг кўзи жиққа ёш. У менга “Она, кўрдингизми, ўйламай қилинган бир иш туфайли кимлардандир бир умр тили қисиқ бўлиб ўтамиз”, демади. Бироқ бу гапларни унинг ёшланиб турган кўзидан уқдим”.

Инсон борки хатодан, гуноҳдан холи эмас. Кимдир ёлғон гапириб қўяди, кимдир кибрли, бошқаларда ҳам айрим салбий сифатлар бўлиши мумкин.

“Ҳаётий ҳикоялар” рукнида берилаётган навбатдаги ҳикоямиз қаҳрамони ҳам дугонасининг миннати туфайли у билан юз кўрмас бўлиб кетган экан.

“Болалигимиз совет даврида ўтди. Синфимизда бир қиз билан дугона тутинган эдим. Унинг оиласи ҳам бизникига ўхшаган оддий оила бўлиб, асосий даромадлари куз охирида ҳосил йиғилгандан сўнг колхоз берадиган иш ҳақи ҳисобидан эди.

Шу жойда совет даврида ҳамма оддий эди деб эътироз билдиришга шошилманг. Колхозимизнинг раҳбари, унинг қўлида ишлайдиганлар, бригада бошлиғимиз – буларнинг уй-жойлари ва яшаш шароитлари бошқаларникидан фарқ қиларди.

Яна маҳалладаги магазин мудири ёки туман марказидаги маиший хизмат кўрсатиш уйида сартарош ёки фотосуратчи бўлиб ишлайдиганлар ҳам бошқалардан анча яхши яшарди.

Дугонам билан мактаб даврида 10 йил бирга ўқидик, бир партада ўтирдик. Ойим ўқитувчи бўлиб ишлаганлари учун биз сал яхшироқ яшардик. Дугонамнинг ака-ука, опа-сингиллари кўп эди ва ота-онаси ҳар доим ҳам сўраган нарсаларини олиб бера олмасди.

Шундай пайтларда онам менга нимадир олса дугонамга ҳам қўшиб оларди. Айниқса нимадир кийим кўриб қолса бирданига иккита оларди. Шунда дугонам билан бир хилда кийиниб юрардик. Мактабда, маҳаллада иккимизни Фотима-Зуҳра дейишарди.

Мактабни битирганимиздан сўнг иккаламизга ҳам совчилар кела бошлади. Бундай пайтда аксарият ота-оналар қизини тезроқ узатиш ва ундан “қутулишни” ўйлайди. Олдинма-кейин иккаламизнинг ҳам тўйимиз бўлди.

Дугонам қўшни маҳаллага, ўзига тўқроқ хонадонга келин бўлди. Қайнотаси маҳалладаги магазин мудири эди. Уларнинг “Жигули”си бор эди ва ўша пайтларда бундай машиналар маҳаллада иккита ёки учта ўзига тўқроқларда бўларди. Қайнотаси текшириб қолишларидан қўрқиб машинани урушда қатнашган отаси номига олганди

Дугонам билан дўстлигимиз тўйдан кейин ҳам давом этди. Тўйимизга 7-8 йил бўлиб қолганида менда уч фарзанд – икки ўғил ва бир қиз, дугонамда бир қиз, бир ўғил бор эди. Шундан сўнг у бошқа фарзанд кўрмади. Мен эса яна икки фарзандли бўлдим.

Ўша пайтларда дугонам болаларига хоҳлаган кийимларини олиб берар, эрим билан менда бундай имконият йўқ эди. Болаларимга анча-мунчада кийим олиб беролмасдик. Ўғилларим акасининг, қизим опасининг кичрайиб қолган кийимларини кийиб юришарди.

Кийим ҳақида бекорга гап очмадим. Айнан кийим туфайли кейинчалик дугонам билан юз кўрмас бўлиб кетдим. Унгача эса ...

Кунларнинг бирида дугонамни кўргани бордим. Суҳбатлашиб ўтирар эканмиз гап очиб қолди:

“Дугонажон, агар малол олмасанг бир гапим бор. Сен ва эрингнинг ҳолатини биламан, бешта болани еб-ичириш, кийинтириш осонмас. Шунга агар хўп десанг ўғлим ва қизимнинг эски кийимлари бор. Аслида эски бўлиб эски ҳам эмас, бир муддат кийилган, кейин ё янгиси олинган ёки кичик бўлиб қолган. Ташлаб юборишга кўзим қиймай олиб қўйганман. Болаларингдан сўра, агар хўп дейишса уларни бериб юбораман, кийишсин. Исроф бўлмасин деяпман”.

Унинг гапларини эшитиб бир муддат жим қолдим. Зинҳор дугонам мени камситяпти деган фикр хаёлимдан ўтмади. Унинг исрофни ёмон кўришини, ҳар бир нарсани тежаб-тергаб ишлатишини билардим.

Ўша тобда мени бошқа нарса ўйлантираётганди. Болаларим рози бўлишсин ҳам дейлик, эртага дугонамнинг ўғли ёки қизи болаларимнинг эгнида ўзининг кийимини кўриб камситмасмикан?

Ёки келажакда қачонлардир дугонамнинг ўзи гап орасида “Болаларинг болаларимнинг эскисини кийиб катта бўлганди” деб айтиб юбормасмикан? Инсоннинг кўнгли шишадай нозик, берган кийимларини миннат қилиб болаларимни ёки ўзимнинг кўнглимни оғритмасмикан?

Ўша куни дугонамга ўзимни хавотирга солаётган мулоҳазаларимни айтдим. “Қизиқмисан, бундай бўлмайди. Сен хавотир олма, болаларимга ҳам тайинлаб қўяман, ҳеч қачон бу ҳақда гапиришмайди, миннат қилишмайди”, деди у.

Уйга қайтгач болаларимга дугонамнинг таклифини айтгандим, майли олиб келинг дейишди. Кийимларни олиб келдим, болаларим ўзларига лойиқларини олишди, қолганини қийналганроқ қўшнимиз бор эди, унинг болаларига бериб юбордим.

Эрим болаларимнинг эгнида бегона кийимлар пайдо бўлганини кўриб саволомуз қараганди “Дугонамнинг болаларига кичик бўлиб қолибди, қўярда қўймай бериб юборди”, дедим. Эрим бирпас ўйланиб турди-да “Шуни чакки қилибсан”, деди. Лекин “кийишмасин”, демади. Балки ўша пайтда болаларга анча-мунчада кийим олиб бера олмаётганини ўйладими?!

Орадан йиллар ўтди. Фарзандларимиз улғайишди. Мустақиллик арафасида тадбиркорликка рухсат берилди ва эрим колхоздаги ишини ташлаб савдога ўтиб кетди.

Кўп ўтмай туман марказидан савдо дўкони очдик. Ўғилларим мактабни битиргач ўқишни хоҳлашмади ва отасига ёрдам бера бошлади. Машина олдик, уй-жойни бузиб бошқатдан қурдик.

Кунларнинг бирида тўнғич ўғлим олдимга кирди ва бир қизни яхши кўришини, шунга совчиликка боришим кераклигини айтди. Маълум бўлишича қизнинг ҳам ўғлимда кўнгли бор, бироқ уни бошқа йигитлар кўз остига олган, тинмай совчи жўнатишаётган эмиш. Биз бормасак ота-онаси бошқага бериб юборармиш.

Эрим билан маслаҳатлашдик, қизнинг оиласи маъқул келди ва совчиликка бордик. Биринчисида маслаҳатлашиб кўрайлик дейишди. Биз томонларнинг одатига кўра бу қуданинг рози бўлиши эди.

Иккинчи марта совчиликка боришдан аввал бу сафар қуруқ бормайлик деб ўғлим билан бозорга тушдик. У-бу нарса олиб юргандик дугонамнинг ўғли рўпарамиздан чиқиб қолди.

“Фалонча, яхшимисан? Ойинг тузукми? Бир-икки кунда олдига ўтиб қоламан, салом айтгин”, дедим. У на салом берди, на саволларимга жавоб қайтарди. Ўғлим билан менинг рўпарамда туриб олиб аввалига бир муддат ола қараб турди. Унинг авзойини кўриб хаёлимга минг гумон келди, ойисига бирон нарса бўлганмикан?

Дугонамнинг ўғли яна бирпас ғалати қараб турдида гап бошлади:

“Сизни хола дегандим, ўғлингиз менга укамдай эди, нималар қилиб юрибсиз? Мен яхши кўрган қизни ўғлингизга олиб бермоқчи экансиз. Кеча онам совчиликка борган эди, қизнинг онаси ўғлингизга розилик билдирганини айтиб қуруқ қайтарибди. Қилар ишни қилиб қўйиб, қайси бет билан онамнинг аҳволини сўраяпсиз?”

У ўғлимга ўгирилиб баланд овозда гапини давом эттирди:

“Сен эски кийимларимни, олдимдан қолган сарқит овқатни еб келгансан. Энди пулинг кўпайиб, ўзинг кийим сотиб оладиган, қорнинг тўйиб овқат ейдиган бўлиб қолдингми?”

Дугонамнинг ўғли бақириб гапирар экан, атрофимизни одамлар ўрай бошлади. Улар орасида бизни танийдиганлар ҳам кўринарди. Шу тобда у менга қанча гапирса ҳам майли эди. Бироқ ўғлимни ерга ураётгани тўғри иш бўлмаётганди.

Қарасам ўғлимнинг қўллари мушт бўлиб тугиляпти. Дарҳол уни нарироққа тортиб кетдим. Хайриятки, дугонамнинг ўғли ортимиздан бормади.

Бир пайт қарасам ўғлимнинг кўзи жиққа ёш. У менга “Она кўрдингизми, ўйламай қилинган бир иш туфайли кимлардандир бир умр тили қисиқ бўлиб ўтамиз”, демади. Бироқ бу гапларни унинг ёшланиб турган кўзидан уқдим.

Ўша пайтда бир нарсани ўйлардим. Ҳозир уйга боргандан дугонамнинг олдига ўтаман ва ўғлини йиғиб олишини сўрайман. Бироқ ...

Уйга қайтгандан сўнг дугонамникига отландим. Бироқ кўчага энди чиққандим ҳамки унинг ўзи келиб қолди. Ўғли бозордаги воқеани айтган бўлса кечирим сўрагани келди шекилли деб ўйладим. Аммо у бошқа мақсадда келган экан.

“Сени асл дугонам деб юрардим. Лекин ундай эмас экан. Келин қилмоқчи бўлган қизни ўғлингга сўраб борибсан. Қиз томон рози бўлибди”, деди у.

Дугонамга қизни ўғлим олдиндан ёқтиришини, уни ҳам ўғлимда кўнгли борлигини айтдим, қани энди эшитса.

“Биласанми, ҳамма гап пулда. Агар ҳозир ҳам пулинг бўлмаганда, аввалигидай зўрға яшаб юрганингда, болаларинг болаларимнинг эскиларини кийиб, улардан қолган сарқитларни еб юрганида сен шу қизни икки дунёда ҳам келин қила олмасдинг. Энди эрингнинг иши яхши, пулларинг кўпайди. Ўтган кунлар унутилди...”

Гапирган сайин дугонамнинг овози баландлаб борарди. Ўша тобда уни тинчлантиришнинг мутлақо иложи йўқ эди. Бирин-кетин қўшнилар эшик ва деразалардан мўралай бошлашди.

Менга дугонамнинг гапларини қўшнилар эшитгани эмас, унинг ваъдасида турмагани ва бир пайтлар ўзи тиқиштириб берган эски кийимларни миннат қилиб гапиргани ёмон таъсир қилди.

Ўша пайтда битта чорам қолганди – уйга кирдим ва дарвозани маҳкам ёпиб қўйдим. Ичкарига киргач бошимга оғриқ турди. Дори ичиб ётдим. Дугонам яна қанча бақирди, қачон кетди билмайман.

Ваъдалашган одамларга ёлғончи бўлмай деб эртаси куни совчиликка бордик. Қизнинг ота-онаси рози бўлишди. Бўлажак қуданинг айтишича, дугонам эрталаб яна совчиликка келибди.

“Кеча қайтиб келмайдиган қилиб узил-кесил рад жавобини бергандим, эрталаб дугонангиз яна келди. Роса сизни ёмонлаб, қаердаги гапларни гапирди. Фикримни ўзгартиришимни сўради. Жавобини бервордим. Сизни яхши танийман, оилангизни ҳам биламан. У аёл билан қандай шунчалик яқин дугона бўлиб юргансиз-эй?” деди у.

“Қўяверинг, яқин дўст мана шунақа пайтда синалади”, дедим қўйдим. Кўп ўтмай тўйни ҳам ўтказдик. Барча гиналарни унутиб дугонамни тўйга айтмоқчи бўлганимда энг аввал ўғлим, сўнг эрим қарши чиқди.

“Ўша гаплардан кейин қарийб бир йил ўтди. Дугонангиз бир оғиз кечирим сўрадими? Қилган ишидан афсусландими, йўқ. Агар уни чақирсангиз тўй бўлмайди. Ўзингиз ўйланг, қанақа қилиб мени ерга уриб ташлаган аёл тўйимда рўпарамга келиб ўтиради?” деди ўғлим.

Бироқ мен барибир билганимдан қолмадим ва кичик қизимдан дугонамга тўйга таклифнома бериб юбордим. У қизимни қўлидан таклифномани олибди ва ўқиб кўргач йиртиб отиб юборибди.

Қизим чиқиб кетаётганда “Онангга айтиб қўй, мени ундай дугонам қолмаган. Бундан кейин ҳам йўқлаб юрмасин”, дебди. Қизимдан бу гапларни эшитиб ўзи аслида мен ундан хафа бўлишим керакмиди ёки у мендан, тушунолмай ҳам қолдим.

Ўша пайтда мабодо дугонам кечирим сўраганда ва мен кечирганимда ҳам дўстлигимиз аввалгидай бўлмасди, чунки кўнгил шишаси синиб бўлди деб ўйладим.

Ҳаёт бир маромда давом этди. Ўғилларимни навбати билан уйлантирдим, қизларимни узатдим. Дугонам ҳам ўғлини уйлантирди. Қизини узатди. Бироқ ўшандан кейин узилган ришталар қайта тикланмади”.

Ғайрат Йўлдош

Мавзуга оид