Жаҳон | 16:54 / 27.03.2024
6202
2 дақиқада ўқилади

Samsung Pay «Мир» картаси орқали тўловларини ўтказишни тўхтатмоқда

Samsung Pay иловаси шу йилнинг 3 апрелидан бошлаб Россиядаги ишини якунлайди. Шу кундан бошлаб Samsung Pay иловасига «Мир» карталарини улаб бўлмайди. Иловага аввал уланган «Мир» карталари ҳам узилади.

Фото: bankinform.ru

Бу ҳолатда Samsung Pay Россияни тўлиқ тарк этаётгани йўқ: сервисга лояллик карталари орқали уланиш ва ундан фойдаланиш имконияти сақланиб қолади. Шунингдек, Samsung Pay’дагилар сервисдан «Мир» карталарининг ўчирилиши ушбу карталардан жисмоний (пластик карта) ҳолатда фойдаланишга таъсир кўрсатмаслигига урғу берган.

Google Pay ва Apple Pay халқаро тўлов тизимлари сингари Samsung Pay ҳам Россия банклари томонидан муомалага чиқарилган Visa ва MasterCard карталари билан ишлашни 2022 йилнинг март ойида бас қилганди. Лекин у “Мир” тўлов карталари билан ишлаётган ягона халқаро тўлов сервиси сифатида қолаётган эди. “Мир” тўлов тизими операторининг 2024 йилнинг февралида АҚШ санкциялар рўйхатига киритилиши вазиятни ўзгартирган.

Аввалроқ Жанубий Кореянинг Samsung компаниясининг бошқа бўлинмалари ҳам Россия билан ишлашни бас қилган эди. Масалан, Samsung Heavy Industries «Звезда» кемасозлик компанияси билан имзоланган шартномага кўра Арктика музликларида суза оладиган суюлтирилган табиий газ ташувчи кемалар учун асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни тўхтатган.

Samsung Electronics эса ўз маҳсулотларини расман Россияга етказиб бериш ва у ерда маиший техника ишлаб чиқаришни тўхтатган. «Известия» нашри ҳамсуҳбатларидан бири Жанубий Корея бренди Украинадаги уруш тугамагунча Россияга қайтмаслигини таъикдлаган.

Samsung барча хорижий йирик компаниялар каби Россия билан ҳамкорлик туфайли АҚШ томонидан иккиламчи санкцияларга дучор бўлишдан чўчимоқда.

Мавзуга оид