Ўзбекистон | 10:37 / 30.03.2024
12013
4 дақиқада ўқилади

“Сотувчилар бозорга бориши шарт эмас” – ҳунармандчилик буюмларини сотувчи платформа ясаган дастурчи қизлар

Handihub сотув платформасида ўзбекистонлик ҳунармандлар ўз қўл ишларини сотишлари мумкин. Уни 3 нафар талаба қиз ва 1 нафар мактаб ўқувчиси тайёрлаган. “Лойиҳани ўз маҳсулотини сотишга қийналаётган чекка ҳудудлардаги аёллар ҳам фойдаланиши учун тайёрладик. Қолаверса, платформамиздаги маҳсулотлар нархлари бозордагидан паст бўлади. Чунки сотувчилар ижара учун жойга эҳтиёж сезмайди”, дейди лойиҳа асосчиларидан бири Шукрона Алишерова.

4 дастурчи қиз маҳаллий ҳунармандлар маҳсулотини сотиши учун Handihub платформасини ишлаб чиқди. Лойиҳа сотувчи ва харидорларни бир жойга бирлаштиради. Платформа асосчиларидан бири 18 ёшли Хулкарой Абдураззақова Тошкент иқтисодиёт университети 1-босқич талабаси. У лойиҳада дизайнер (UI/UX дизайнери) сифатида ишлайди. Ҳулкар лойиҳа мақсадини шундай тушунтиради.

Одатда ҳунарманд аёллар ўз маҳсулотларни ижтимоий тармоқлар орқали тарғиб этишга ҳаракат қилишади, лекин кўпинча уларнинг уринишлари муваффақиятсиз бўлади. Бизнинг лойиҳамиз эса тўғридан тўғри қўлда тайёрланган маҳсулотларни жойлаштириш ва сотиш учун мўлжалланган”, дейди у. Ҳулкарнинг айтишича, ҳозирча платформа фақат Ўзбекистон ҳудудида ишлайди. Муайян аудитория ва даромад йиғилганидан кейин дастурни Марказий Осиё ва жаҳон миқёсига олиб чиқиш мақсад қилинган.

Платформадан фойдаланиш сотувчилар ва харидорлар учун дастлаб текин бўлади. Улар муайян даромадга кирганидан кейин ҳар бир қилинган сотув учун автоматик равишда фоиз еча бошлайди”, дейди дизайнер қиз.

Лойиҳанинг яна бир иштирокчиси 16 ёшли Замира Рустамова Тошкент шаҳридаги 160-мактабнинг 10-синфида ўқийди. У сунъий интеллект мутахассиси бўлиб, мобил иловаларни дастурлайди. Замира Handihub платформаси сунъий интеллект билан интеграция қилинганини айтади. Шу билан бирга, лойиҳа имконияти чекланган инсонларни қўллаб-қувватлайди. Имконияти чекланган кишилар дастурдан сунъий интеллект ва виртуал овозли ёрдамчи орқали фойдалана олади. “Дастурни Play Market орқали юклаб олиш мумкин. Юклаб олингандан кейин дастурга кирилади, сунъий овозли ёрдамчи платформа ҳақида маълумот бериб, уни фойдаланувчига таништиради. Дастур қандай ишлаши, маҳсулот қандай жойлаштирилиб, сотувга қўйилиши тушунтирилганидан кейин, бемалол маҳсулот сотишни бошлаш мумкин”, – дейди Замира,

Вестминстер халқаро университети талабаси Севил Умидова машина ўрганиши муҳандиси сифатида ишлайди. Лойиҳада машина ўрганиш алгоритмларини ишлаб чиқиш ва ақлли тизимларни яратиш билан шуғулланган. “Платформа Uber модели асосида яратилган бўлиб, у сотувчи ва харидорларни учраштиради. Унда буюртмаларни бошқариш, тўловларни қайта ишлаш ва етказиб бериш жараёнларини соддалаштирганмиз. Етказиб бериш усулини сотувчининг ўзи танлайди. Фойдаланувчи сайтни очганда, у таклиф этилаётган маҳсулотларни расталардаги каби кўради”, – дейди у.

Лойиҳада фойдаланувчи интерфейсини ишлаб чиқишни Amity университети талабаси Шукрона Алишерова бажарган. Яъни у веб-илованинг визуал жиҳатлари жозибадор ва фойдаланувчига қулай бўлишига масъул. У лойиҳадан фойдаланиш ортиб бораётганини айтади. “Лойиҳани ўз маҳсулотини сотишга қийналаётган чекка ҳудудлардаги аёллар ҳам фойдаланиши учун тайёрладик. Қолаверса, платформамиздаги маҳсулотлар нархлари бозордагидан паст бўлади. Чунки сотувчилар ижара учун жойга эҳтиёж сезмайди. Ҳозиргача 100 дан ортиқ аёл-қизлар фойдаланган ва 50 га яқин ташкилотлар ҳамкорлик қилишга тайёр”, – деди Шукрона.

Лойиҳа “Women in IT Start up ” доирасида ТОП-3 дан жой олган. Муаллифлар бу стартап учун инвестор топиш босқичида эканликларини айтишди.

Зуҳра Абдуҳалимова, журналист
Оператор ва монтаж устаси – Шерзод Эгамбердиев 

Мавзуга оид