Судяларни эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тартиби ўзгармоқда
Коррупцияга қарши курашиш мақсадида уларга нафақат ўта оғир, балки оғир жиноят айби қўйилганда ҳам эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тартиби жорий этилади.
Судяларга нисбатан оғир жиноят айби қўйилганда ҳам эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш мумкинлиги белгиланмоқда. Тегишли ўзгартиришни назарда тутувчи қонун Сенатнинг ялпи мажлисида қабул қилинди.
Судлар тўғрисидаги қонуннинг 64-моддасига мувофиқ, судяга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси фақат унга нисбатан ўта оғир жиноят ёки одам ўлимига сабаб бўлган қасддан бошқа жиноят содир этганлик айби қўйилган ҳолларда қўлланилиши мумкин.
Сенат қабул қилган қонун билан бундай чора судяга нисбатан оғир жиноат содир этганлик айби қўйилган ҳолларда ҳам қўлланилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Олий суд раиси ўринбосари Шуҳрат Полванов сўзларига кўра, бу чора коррупцияга қарши курашиш мақсадида жорий қилиняпти.
«Жиноятларни оғир ёки ўта оғир деб таснифлайдиган бўлсак, коррупциявий жиноятлар оғир жиноятлар таркибига киради… Таклиф этилаётган норма судялар томонидан оғир жиноят содир этганликда, жумладан, коррупциявий жиноятларни ҳам содир этганликда айб қўйиладиган бўлса, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллашни назарда тутади. Бундай тажриба хорижий давлатларда, жумладан, қўшни Қозоғистон ва Украинада мавжуд. Бу нормадан мақсад судлар томонидан адолатли қарор чиқарилишига эришиш ва қонун устуворлигини таъминлаш ҳисобланади», деди у.
Мавзуга оид
17:38 / 23.12.2024
Ўзбекистон жиноий даромадларни легаллаштириш рейтингида 81-ўринни эгаллади
17:20 / 17.12.2024
Хитойда катта миқдорда пора олишда айбланган партия мулозими қатл этилди
14:03 / 11.12.2024
Оммавий тартибсизликлар ташкил қилишга тайёргарлик кўрганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланмоқда
12:00 / 11.12.2024