Ўзбекистон | 11:19 / 31.03.2024
7885
2 дақиқада ўқилади

Телеграм орқали одамларнинг пулларини ўзлаштириб келган 17 ёшли йигит қўлга олинди

У Телеграмда "Пул тикинг, ютуқ бор" мазмунида бот яратиб ўзгаларнинг пулларини ўзлаштириб келган.

Фарғона вилоятида яшовчи 17 ёшли йигит Телеграм мессенжери орқали одамларнинг пулларини ўзлаштириб келган. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Тошкент вилояти, Қуйи Чирчиқ туманида яшовчи 20 ёшли аёл ИИБга мурожаат қилиб, банк картасидан 32,5 млн сўм номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганини маълум қилган. 

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Фарғона туманида яшовчи 17 ёшли М.Х. содир этгани аниқланган.

Унга кўра, 17 ёшли йигит жабрланувчи билан Телеграм мессенжери орқали танишиб, унга "Халями" ботига уланиб пул ўтказса ютуқ борлиги ҳақида айтиб ишонтирган.

Сўнг жабрланувчи 32,5 млн сўмни "Мавлонбек Орипов" исмли шахсга тегишли бўлган банк пластик картасига ўтказиб берган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, йигитнинг фош этилмай қолган шу турдаги бошқа жиноятларга алоқадорлигини текшириш юзасидан тезкор-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисмидаги жиноий хатти-ҳаракатлар учун 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Мавзуга оид