Ўзбекистон | 07:56 / 05.04.2024
9605
5 дақиқада ўқилади

Маҳаллангизга ичимлик сув бормаганми? Унда Telegram-ботга ёзинг

Президент қарорига мувофиқ ичимлик сув етиб бормаган 813 та маҳаллага сув етказилади, жараён устидан жамоатчилик назорат қилиши мумкин бўлади. Шу билан бирга, муаммоли ҳудудда яшаётган фуқаролар Telegram-ботга ёзиб, хабар беришлари ҳамда сув ўтказилиши жараёнида юз берадиган камчиликлар ҳақида хабар қолдиришлари мумкин бўлади.

Бошқа кўплаб давлатлар сингари Ўзбекистон ҳам ичимлик сув ва оқава сув таъминоти соҳасида муаммоларга дуч келмоқда. Аҳолини сифатли ичимлик суви ва санитария-гигиена шароитлари билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати ичимлик сув таъминоти ва оқова сув инфратузилмасини яхшилашга қаратилган мақсадли дастурларни амалга оширмоқда. Қуйида биз ичимлик ва оқова сувлари лойиҳалари тўғрисидаги тарқоқ маълумотларни тўплашга қарор қилдик.

Ушбу маълумотлар фуқароларга қачон ва қаерда сув билан таъминлаш режа қилинаётганини тушунишларига ёрдам беради, лойиҳаларни амалга ошириш сифатини назорат қилишга ундайди.

Ичимлик ва оқава сув таъминоти лойиҳалари бюджет маблағлари ёки кредитлар ҳисобидан амалга оширилади.

1. Бюджет маблағлари асосида. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 24 октабрдаги ПҚ-343-сон “Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида сув таъминоти ва канализация тизимини такомиллаштиришнинг 2024-2026 йилларги дастурлари белгиланган.

Қарорга кўра, сув таъминоти оғир аҳволда бўлган 813 та маҳалла аниқланган. Улардан “Ўзсувтаъминот” АЖнинг манзилли дастурлари доирасида 590 та маҳаллада, Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг давлат ижтимоий буюртмаси лойиҳалари доирасида 130 та маҳаллада, маҳаллий ҳокимликлар томонидан маҳаллий ва ташаббускор бюджет доирасида 93 та маҳаллада сув таъминоти яхшиланиши кўзда тутилган.

Жумладан, “Ўзсувтаъминот” АЖ лойиҳалари доирасида 2024 йилда давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 83 та маҳалла ва бир қатор аҳоли пунктларида сув таъминоти ва оқава сув тармоқлари бўйича умумий суммаси 6,8 трлн сўмга тенг бўлган 76 та лойиҳа (шундан 67 таси 2024 йилда фойдаланишга топширилади) амалга оширилади. “Ўзсувтаъминот” АЖ маълумотларига кўра маҳаллалар бўйича мазкур лойиҳаларнинг жамланма жадвали билан ушбу ҳаволада танишиш мумкин.

Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан 2024 йилда 35 та маҳаллада ичимлик сув таъминоти лойиҳалари, яъни 8 та ҳудуддаги 26 та маҳаллада 11,6 млрд сўмга сув чучуклаштириш қурилмалари ўрнатиш ишлари, 6 та ҳудуддаги 9 та маҳаллада 50 млрд сўмга ичимлик суви билан таъминланиш даражасини яхшилаш ишлари давлат ижтимоий буюртмаси лойиҳалари доирасида амалга оширилади. Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ушбу лойиҳалар бўйича йиғма жадвал билан ушбу ва ушбу жадвалларда танишиш мумкин.

2. Кредит маблағлари асосида. “Ўзсувтаъминот” АЖ томонидан Халқаро молия институтлари иштирокида республиканинг 63 та туман ва шаҳарларидаги 1656 та маҳаллада умумий қиймати 2 миллиард 350 миллион АҚШ доллари, шундан 1 миллиард 980 миллион АҚШ доллари ушбу ХМИ кредит маблағлари ҳисобидан бўлган лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Жорий йилда 4 та лойиҳани якунлаш режалаштирилган. “Ўзсувтаъминот” маълумотларига кўра, маҳаллалар бўйича мазкур лойиҳаларнинг жамланма жадвали билан ушбу ҳаволада тақдим этилган.

Мониторинг

Давлат лойиҳаларини амалга оширишда шаффофлик ва самарадорликни таъминлаш фуқаролар манфаатларини таъминлашда асосий ўрин тутади. Лойиҳани амалга оширишнинг бориши ва натижалари устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда аҳолининг фаол иштирок этиши ушбу мақсадга эришишнинг кучли воситаларидан биридир. Бу борада ҳар бир фуқаро ўзи яшайдиган туман, шаҳар ва маҳаллаларда амалга оширилаётган ичимлик суви ва канализация лойиҳалари билан танишиши, жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун қўлланма билан танишиши ва аниқланган қоидабузарликлар ҳақида Telegram-ботга хабар бериш мумкин.

Шунингдек, ушбу Telegram-бот орқали ичимлик суви мавжудлиги борасида сўровномада иштирок этиш мумкин. Йиғилган маълумотлар масъул идораларга етказилади ва маҳаллий ичимлик суви таъминоти ҳолатини яхшилашга хизмат қилади.

Маълумотлар Стратегик ислоҳотлар агентлигининг Натижаларга эришиш офиси (Delivery Unit) томонидан тақдим этилган бўлиб, у 2026 йилга қадар соғлиқни сақлаш, мактаб инфратузилмаси ва ичимлик суви соҳаларида 12 та кўрсаткичга эришишга қаратилган.

Мақсадлардан бири – “Ўзсувтаъминот” АЖ билан биргаликда 5,2 млн кишига ичимлик сувини тўғридан-тўғри етказиш билан боғлиқ.

Офис мунтазам равишда муҳим ташаббусларни жамоатчилик билан баҳам кўришни, уларни мулоқотга таклиф қилишни ва шарҳларда таклифлар алмашишни режалаштирмоқда. Яқин келажакда жамоатчиликка мақсадларга эришиш йўлидаги тараққиётни кузатиш имконини берувчи онлайн дешборд ишга туширилади.

Мавзуга оид