Жаҳон | 14:10 / 07.04.2024
17885
9 дақиқада ўқилади

Ғазода ўлган ғарблик ошпазлар. Улар ким эди?

2 апрел куни Исроил ракета зарбаси оқибатида Ғазодаги мискинларга овқат пишириб тарқатиш билан шуғулланган ғарблик ошпазлар гуруҳи вакиллари ҳалок бўлди. Улар гуманитар миссиядан қайтаётганда машинаси ўққа тутилган. Гуманитар конвой машинасига айнан нишонга олиб зарба берилгани кўпчиликни даҳшатга солиб, Исроил манзилига танқидлар кучайди.

Исроил томонининг иддаосига кўра, ЦАХАЛ ҳарбийлари ошпазлар конвойини ҲАМАС жангчилари бўлган юк машинаси билан адаштириб, нишонга олган. Хатони содир этганлар дрон операторлари бўлган. Исроил мудофаа армиясига кўра, гуманитар машинани нишонга олиб ўққа тутишга буйруқ берган офицерлар ишдан олинган.

Қизиғи, World Central Kitchen гуруҳи Ғазодаги ҳаракатларини Исроил армияси билан мувофиқлаштириб борганига қарамай, ЦАХАЛ зарбасига учраган. Ошпазлар Ғазога денгиз орқали етказилган 100 тоннадан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотларини Дайр ал Балаҳдаги омборхонага жойлаб қайтаётган бўлган. Исроил армияси томонидан отилган ракета машиналардан бирининг қоқ ўртасидан тешиб ўтган. Конвой ичида бўлган 7 нафар ошпазлар гуруҳининг барчаси вафот этган.

Исроил ракетаси тешиб ўтган World Central Kitchen гуманитар ташкилоти машинаси
Фото: AFP

Ғазо миссияси якунланди

Гуруҳ асосчиси бўлган бош ошпаз Хосе Андрес ғамдан адо бўлганини айтиб, Исроилни кимлигини ажратмай одам ўлдиришни бас қилишга чақирди. Ошпаз гуруҳ Ғазодаги миссиясини якунлашини эълон қилди.

«Бугун World Central Kitchen'даги бир нечта биродарларимизни йўқотдик. Ғамдан адо бўляпман. Уларнинг оила аъзоларига, ошхонамиз оиласига таъзия изҳор қиламан. Исроил ҳукумати бунақа одам ажратмай ўлдиришни бас қилиши керак. Улар тинч аҳоли вакиллари, гуманитар ташкилотлар аъзоларини ўлдиришни, озиқ-овқатдан қурол сифатида фойдаланишни тўхтатиши шарт.

Бу фаришталар... Ягона айби инсонларни овқатлантириш бўлган фаришталар... Мен улар билан Украинада, Ғазода, Туркияда, Марокашда, Баҳам оролларида, Индонезияда бирга хизмат қилдим. Улар номсиз инсонлар эмас, уларнинг номлари бор эди. Ҳаммасини ҳозироқ тўхтатиш керак. Тинчлик биз инсонийлик улаша бошлаганимизда бошланади», деб ёзди Хосе Андрес ўз саҳифасида жамоаси вакиллари ўлгани маълум бўлгач.

Ташкилот асосчиси Хосе Андрес ABC News телеканали эфирида

Қурбон бўлганлардан 4 нафари ошпаз ёрдамчилари, 3 нафари гуруҳнинг хавфсизлик ходимлари бўлган. Улар 25 ёшли фаластинлик Сайфиддин Иссам, 43 ёшли австралиялик Лазами Франком, 35 ёшли полшалик Дамиан Собол, 33 ёшли АҚШ ва Канада фуқаролигига эга Якоб Фликингре, 57 ёшли британиялик Жон Чапман, 33 ёшли британиялик Жеймс Ҳендерсон ва 47 ёшли британиялик Жеймс Кирби эди.

Фото: World Central Kitchen расмий сайти

Исроил ракета зарбаси берилган вақтда уларнинг барчаси ташкилот номи туширилган махсус зирхли нимчада бўлган. Конвойдаги машиналарнинг ён томонларидан ташқари, айнан ҳаводан ракета нишонига айланмаслиги учун том қисмида ҳам World Central Kitchen ташкилоти логотипи туширилган бўлган.

«Улар кимга зарба бераётганини билган»

5 апрел куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг ушбу ҳодисага бағишланган йиғилиши ўтказилди. Унда чиқиш қилган Фаластин вакили Рияд Мансур Исроил гуманитар конвойга билиб туриб зарба берганини айтган.

«Исроилнинг нишони уруш қонунларини ҳимоя қиладиганлардир. Буни бир неча ойдан буён кўриб турибсиз. Исроил кимга ҳужум қилаётганини жуда яхши билган, чунки учта автомобил уч хил жойда турган бўлган ва уларнинг барчаси ҳужумга учраган. Ваҳоланки, уларнинг ҳаракатланиши Исроил билан келишилган бўлган», деган элчи.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг Ғазода ошпазлар ўлими муҳокама қилинган йиғилиши вақтида Ню-Йоркда зилзила содир бўлиб, йиғилиш бир муддат тўхтатилган ҳам.

Йиғилишда чиқиш қилган БМТ Гуманитар масалалар координацияси бошқармаси раиси Рамеш Ражасингхам ҳозиргача Ғазода 220 нафар гуманитар ишчилар қурбон бўлгани, уларнинг 179 нафари БМТ ходимлари бўлганини эслатди.

World Central Kitchen қандай ташкилот ўзи?

Бир неча йиллардан буён тинчлик йўналишида Нобел мукофотига номзод сифатида қаралувчи машҳур ошпаз Хосе Андрес 2010 йил World Central Kitchen гуманитар ташкилотига асос солади. Ўшанда гуруҳ Ҳаитида вайронкор зилзиладан зарар кўрган инсонларга овқат тарқатишни йўлга қўяди.

Хосе Андрес Ҳаитида офатдан жабрланганларга овқат тарқатмоқда
Фото: World Central Kitchen

Кейинчалик гуруҳ дунёнинг ўнлаб мамлакатларида турли офатлар сабаб жабр кўрганларга овқат тарқатишга киришади. Масалан, Украинада уруш бошланиб, кўплаб украинлар қочоққа айлангач, Хосе Андрес мамлакатнинг Полша билан чегарасида World Central Kitchen ташкилотининг ошхоналарини ишга туширди.

2022 йил август ойида Зеленский америкалик ошпазнинг гуруҳи Украинадаги 500 дан ортиқ манзилларда 130 миллион порциядан ортиқ тушлик тарқатгани ҳақида хабар берганди. Ўша йил ноябр ойида Киевдаги жасорат аллеясида Хосе Андреснинг номи ҳам пайдо бўлади.

Гуруҳ АҚШнинг жанубий чегараларини ноқонуний кесиб ўтиб ҳеч вақосиз қолган мигрантларга ҳам овқат тарқатиб келади. Шунингдек, коронавирус пандемияси вақтида турли давлатлардаги шифокорларга таом етказиб турган. Хосе Андрес ташкил этган кўнгиллилар гуруҳи дунёнинг исталган қисмига маҳаллий одамлар тановул қиладиган таомларни тез ва кўп миқдорда тайёрлай олиш имконига эга.

Хосе Андрес уруш бошида украиналикларга овқат тарқатмоқда
Фото: WCK

Ҳозир World Central Kitchen асосий эътиборини Украина ва Ғазога қаратган. Ҳар қандай хатардан қўрқмайдиган Хосе Андрес ҳатто Исроил зарбалари оқибатида кўчада қолган ливанликларга ҳам овқат етказиб беришни уддалаган.

Ғазоликлар учун 43 миллион порция тушлик

World Central Kitchen Ғазода 68 та ошхона очган бўлиб ҳар куни ўртача 170 минг порция тушлик таом тарқатмоқда. Улар уруш бошидан буён ғазоликларга 43 миллион порциядан ортиқ тушлик тарқатган.

Исроил зарбаси оқибатида ҳалок бўлган астралиялик ошпаз Лазами Франком Ғазода овқат тарқатмоқда
Фото: Anadolu via Getty Images

Ташкилот Ғазодаги фаолиятини айниқса Рамазон ойида кучайтирди. Хосе Андрес Рамазоннинг илк кунларида катта эҳтимол Мисрдаги Ғазо чегарасида масжид олдида туриб ғазоликларни ислом оламининг муқаддас ойи билан табриклади. Унинг жамоаси Рамазонда ғазоликларга 92 мингтадан ортиқ озиқ-овқат солинган қутилар тарқатди.

Биринчилардан бўлиб айнан World Central Kitchen Ғазога денгиз орқали 100 тонна озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кирди. Айнан шу ташкилот АҚШ ҳукуматидан Ғазога денгиз орқали гуманитар коридор очишни сўраб келаётганди. Ахир Жо Байден ташкилот раҳбари Хосе Андрес билан шахсан таниш ва уни қаттиқ ҳурмат қилади.

World Central Kitchen денгиздан Ғазога олиб келган ёрдам юклари
Фото: WCK

Хосе Андрес жамоаси Ғазони тарк этиши бўлгадаги озиқ-овқат билан боғлиқ вазиятни янада оғирлаштиради. Чунки ташкилотнинг Кипрдан Ғазо томон йўлга чиққан кемалари Исроил зарбаси оқибатида ошпазлар ҳалок бўлганидан кейин аллақачон ортга қайтиб бўлди. Улар Ғазога 240 тонна озиқ-овқат олиб кетаётганди.

«Муҳтожларга иссиқ овқат керак. Эртага эмас, бугуноқ»

Бош ошпаз Андреснинг айтишича, World Central Kitchen ташкилотини очиш ғояси унда хотини билан гаплашиб ўтирган вақтида пайдо бўлади. «Одамлар оч қолаётганда уларга иссиқ овқат бериш керак. Эртага эмас, бугуноқ», деган гап орасида ошпаз рафиқаси Патрисия билан гаплашиб турган вақтида. Ўша вақтда Ҳаитида даҳшатли зилзила содир бўлганди ва гуруҳ биринчи бўлиб шу давлатдаги муҳтожларга овқат тарқатишни бошлайди.

Фото: WCK
Фото: WCK
Фото: WCK

Ташкилот маҳаллий ресторанлар билан ҳамкорлик қилиб, уларни иш билан таъминлайди. Масалан, Андрес жамоаси Украинадаги 10 та ресторанни уларга турли хил буюртмалар бериб, ўз миссиясига жалб қилади ва ёпилиб кетишдан сақлаб қолади. Forbes маълумотларига кўра, Украинада уруш бошлангач, дастлабки 7 ой ичида World Central Kitchen украинларга овқат тарқатиш учун 380 миллион доллар сарфлаган.

Фото: WCK

Андрес гуруҳи борган мамлакатда маҳаллий ошпазлар билан ҳамкорликда ишлайди. У қайси мамлакатда ишласа, кўнгилли ошпазлардан иборат бош ошпазлар мактабига асос солади. Ҳозиргача унинг ошпазлари АҚШ, Туркия, Сурия, Украина, Доминикан, Никарагуа, Замбия, Перу, Куба, Уганда, Камбожа, Баҳам ороллари ва Ғазода одамларга овқат тарқатишга улгурди. Ошпаз Хосе Андрес кўп марта ўзи қилаётган ишдан фахрланишини айтган...

Фото: WCK

Мавзуга оид