«Крокус» терактида гумонланувчиларнинг сўроқ видеолари намойиш этилди
Уларнинг барчаси «Киевга қочиш» режаси ҳақида гапирган.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) «Крокус» концерт залидаги теракт бўйича асосий тўрт нафар гумондорнинг тергов қилиниш жараёнини эълон қилди. Уларнинг барчаси терактни содир этгандан кейин гўёки Украина томонга кетиши керак бўлгани ҳақида гапирган. Журналистлар тергов видеоларидаги баъзи гапларга эътибор қаратди.
ФХХ эълон қилган видеода терговчи Далер Мирзоевдан гуруҳнинг терактдан кейинги режаси қандай бўлгани ҳақида сўраган. У эса «Киев томонга» деб жавоб берган. «Сизларга ким кўрсатма берди?» дейилган саволга эса «Сайфулло» деб жавоб қайтарган.
«Биринчи канал» эфирида айтилишича, гумондорларнинг барчаси айнан Сайфулло исмли одам уларга кўрсатма бергани, қурол-яроғ етказгани, айнан «Крокус»га ҳужум қилишни буюргани ва қочиш маршрутини тушунтирганини айтишган.
«Сайфулло бизга Украинага, Киевга кетишимизни айтди. Кейин ўша ерда миллион рубл беришади деди», деган гумондор Саидакрами Ражабализода.
«Киевга қараб кетдик. У ерда бир миллион рублдан олишимиз керак эди», деган яна бир гумонланувчи Муҳаммадсобир Файзов.
Видеода айтилишича, «бир миллион рублдан гонорарни олиш учун шошилган террорчилар» М3-Москва-Киев трассаси бўйлаб соатига 170 км тезликда ҳаракатлана бошлайди. Брянск областининг Коммуна қишлоғига етиб келишганда эса уларни россиялик ҳарбийлар тўхтатган. Бу ердан Украина чегарасигача 141 км масофа қолганди. Видеода айтилишича, гумонланувчиларнинг телефони терговчилар қўлига тушган ва уни текширишгач, Сайфулло охирги дақиқаларгача уларга кўрсатма бериб тургани маълум бўлган.
«Сайфулло сизларни Украина чегарасида кутиб олиб, чегарани кесиб ўтишингизга ва Киевгача боришингизга ёрдам беришади деди», деган қўлга олиш вақтида кўзи ўйиб олинган гумонланувчи Муҳаммадсобир Файзов.
ФХХ версиясига кўра, террорчилар учун иккита коридор тайёрлаб қўйилган бўлган. Украина томони эса гўёки чегаранинг нариги томонидаги икки қишлоқни миналардан тозалаб қўйган. Видеога кўра, террорчилар айни дамда дунёдаги энг қаттиқ қўриқланадиган чегаралардан бири бўлмиш Россия чегарасини ўрмон орқали яёв кесиб ўтиши ва Сайфуллонинг кўрсатмаси билан ҳаракатланиши керак бўлган.
ФХХга кўра, террорчилар «Крокус»даги актни амалга оширишдан аввал Киевдан пул олган. Видеода қўшимча қилинишича, террорчиларнинг телефонидан Украина рамзи туширилган атрибутлар суратлари ҳам топилган. Россия Тергов қўмитаси матбуот котиби Светлана Петренконинг айтишича, уларнинг телефонидан Украинадаги вайроналарда Украина байроғини кўтариб турган ҳарбийнинг ва Россия камситилган почта маркасининг сурати бўлган. Қўмита расмийсига кўра, террорчиларнинг телефонидан бундай суратлар топилгани «Крокус» теракти ва «махсус ҳарбий амалиёт» (Россияда урушни шундай аташади) ўртасида алоқадорлик борлигини кўрсатади.
Видео давомида террорчиларга қурол етказиб берган одам Доғистонда қўлга олингани ҳам кўрсатилган. Унинг айтишича, автоматларни яна яна ўша Сайфуллонинг буйруғи билан Москвадаги гаражлардан бирига яшириб қўйган. Аммо Россияда ишлаб чиқарилган замонавий автоматни доғистонлик йигит қаердан олганига аниқлик киритилмаган. ФХХ видеосига кўра, террорчилар автоматларни олишга ҳам ўша машҳур «Рено» уловида борган ва гаражда психотроп модда ҳам топилган. Яъни, тергов версиясига кўра, террорчилар жиноятни психотроп модда таъсирида амалга оширган.
Доғистонда ушланган гумондорга кўра, гуруҳ Каспийск шаҳридаги соҳил бўйи ёки Ғалаба боғи каби одам кўп тўпланадиган жойда яна бир теракт амалга ошириши керак бўлган.
Видеода айтилишича, Сайфулло террорчиларга ҳужум айнан «Крокус»да амалга оширилиши ҳақида бир ой олдин хабар қилган ва уларга бино кириш эшикларининг интернетда олинган суратларини юборган.
«Можем объяснит» Telegram-канали «Биринчи канал» эфирида эълон қилинган сўроқ видеоларидаги баъзи номувофиқликларга эътибор қаратган.
* Видеода Украина томонидаги чегара миналардан тозалангани айтилган, лекин улар аввал Россия чегарасини кесиб ўтиши керак бўлган. Гумондорлар қўлга олинган Брянск области раҳбарияти эса чегарани мустаҳкамлагани ҳақида ҳисобот берган.
* Видеода террорчиларнинг телефонларида Украина символикаси туширилган суратлар бўлгани айтилган. Аммо кўрсатилган расмларнинг барчасини интернетда топиш мумкин.
* Гумондорлар Киевга етиб боргач, уларга 1 миллион рублдан пул берилиши керак бўлганини айтган. Аммо бу пулларни Украина ҳудудида ишлатиш имконсиз. Чунки уруш бошлангач, Украинада Россия валютаси билан боғлиқ ҳар қандай операциялар чекланган.
«Агенство» нашри эса «Биринчи канал» эфиридаги яна бир жиҳатга эътибор қаратган. ФХХ видеосида гумондорларнинг барчаси рус тилида гапирган. Ваҳоланки, уларнинг икки нафари дастлабки суриштирув жараёнида рус тилини билмаслигини айтиб, тожик тилида гапирган, уларнинг гапларини таржимон кучишлатар тузилма вакилларига таржима қилиб турганди.
Маълумот учун, Москва яқинидаги «Крокус» концерт залида 22 март куни содир этилган қонли теракт оқибатида 144 киши ҳалок бўлгани, 100 дан ортиқ одам яралангани маълум. Ўша куни террорчилар «Пикник» гуруҳи концертини томоша қилиш учун келган одамлар бўлган залга бостириб кириб одамларни автоматда отиб ташлаган. Кейин эса бинога ўт қўйилган.
Мавзуга оид
20:42 / 04.12.2024
Россияда «Крокус»даги терактга алоқадор яна тўрт киши қўлга олинди
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
15:12 / 09.11.2024
Покистондаги станцияда теракт: 24 киши ҳалок бўлди
10:10 / 02.11.2024