Жаҳон | 09:33 / 11.04.2024
5645
3 дақиқада ўқилади

Россия кибержиноятлар бўйича жаҳон рейтингида етакчилик қилмоқда

Кибержиноятлар рейтингида Россиядан кейинги ўринда Украина, Хитой, АҚШ ва Нигерия бормоқда, дея хабар беради Оксфорд университети сўнгги уч йил давомида ўтказилган тадқиқотга таяниб.

Фото: Shutterstock

Дунё бўйлаб энг катта кибержиноят таҳдиди кам сонли мамлакатлардан келади, Россия асосий фаол нуқта, ундан кейин Украина, Хитой, АҚШ ва Нигерия. Бундай хулосаларга Оксфорд университети ва Канберрадаги Янги Жанубий Уэлс университети тадқиқоти муаллифлари келди, унинг натижалари 10 апрел, чоршанба куни чоп этилди.

Уч йил давомида ўтказилган тадқиқотда кибержиноятларнинг энг муҳим манбалари баҳоланди ва тарихда биринчи марта Жаҳон кибержиноят индекси (WCI, World Cybercrime Index) бўйича мамлакатлар рейтинги тузилди. Унда бутун дунё бўйлаб кибержиноятлар бўйича 92 та етакчи экспертларнинг баҳоларидан фойдаланилган. Улардан кибержиноятларнинг бешта асосий тури энг муҳим манбаларини аниқлаш ва киберҳужумлар натижалари ҳамда ҳакерлар профессионаллиги ва техник имкониятларига кўра мамлакатларни тартиблаш сўралган. 

Россия - катта фарқ билан биринчи ўринда 

Натижада биринчи ўринни эгаллаган Россия 58,39 балл, Украина – 36,44 балл, Хитой – 27,86 балл, АҚШ – 25,01 балл, Нигерия – 21,28 баллни қўлга киритди. Глобал кибержиноят ўчоқлари ўнталигига, шунингдек, Руминия (14,83 балл), Шимолий Корея (10,61 балл), Британия (9,01 балл), Бразилия (8,93 балл) ва Ҳиндистон (6,13 балл) кирди. 11-20-ўринларни мос равишда Эрон, Беларус, Гана, ЖАР, Молдова, Исроил, Полша, Германия, Нидерландия ва Латвия эгаллаган. Бу барча мамлакатларнинг WCI қиймати 5 баллга етмайди. 

Тадқиқот ҳаммуаллифи Миранда Брюснинг сўзларига кўра, олимлар иши натижалари миллий киберхавфсизлик агентликларига ўз ишларини ҳакерлар фаолияти асосий ўчоқларига йўналтириш имконини беради. Бу «кибержиноятчилар атрофидаги анонимлик пардасини олиб ташлашга туртки яратади» ва онлайн жиноятлар хавфи ортиб бораётганига қарши самаралироқ курашилади. «Биз ҳозирда кибержиноят географиясини ва турли мамлакатлар кибержиноятларнинг турли турларига ихтисослашганини яхшироқ тушундик», деди Брюс. 

Тадқиқот натижаларини тақдим этар экан, олимлар турли миллий хусусиятларнинг кибержиноятларга таъсирини, хусусан, таълим даражаси, ялпи ички маҳсулот ва коррупция даражасини ўрганишга умид қилаётганини таъкидлади. 

Мавзуга оид