Аргентина НАТО глобал ҳамкори бўлиш истагини билдирди
Мамлакат ўз ҳарбий кучларини НАТО стандартларига мос равишда модернизация қилмоқчи ва ўқитмоқчи.
Аргентина НАТО глобал ҳамкори бўлмоқчи. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири Луис Петри Брюсселда НАТО бош котиби ўринбосари билан учрашувдан сўнг маълум қилди.
«Биз ҳарбий кучларимизни НАТО стандартларига мос равишда модернизация қилиш ва ўқитиш имконини берадиган алоқаларни тиклаш устида ишлашни давом эттирамиз», деди Петри ўз баёнотида.
La Nacion нашрига кўра, бу қадам Аргентина ҳарбий атташесига Брюсселдаги НАТО қароргоҳида ишлаш ва бошқа мамлакатлар билан ҳарбий хизматчиларни алмашиш имкониятига эга бўлиш орқали «клубнинг бир қисмига айланиш» учун йўл очади.
Ҳамкорлик доирасида мамлакатлар ўзаро фикр алмашиши, мудофаа институтларини мустаҳкамлаш бўйича маслаҳатлар олиши, машғулотларда иштирок этиши ва илмий лойиҳаларда ҳамкорлик қилиши мумкин.
Кенгроқ қилиб айтганда, НАТО ўз жараёнлари, тартиблари ва тузилмаларини қисман ҳамкорларга очиб беради.
Шимолий Атлантика алянси ҳозир 32 давлатни ўз ичига олади, аммо қўшимча равишда НАТО дунёнинг бир қатор давлатлари билан ҳамкорлик қилади.
Лотин Америкасида фақат Колумбия НАТО глобал ҳамкори мақомига эга, бунга 2018 йилда эришган. Бошқа глобал ҳамкорлари қаторига Афғонистон, Австралия, Ироқ, Жанубий Корея, Мўғулистон, Янги Зеландия, Покистон ва Япония киради.
2023 йил ноябр ойида «Эркинлик келмоқда» либертариан алянсининг вакили, иқтисодчи Хавиер Милей Аргентина президенти бўлди. Сайловдан олдин у президент сифатида Россия, Бразилия ва Хитой билан муносабатларни ривожлантирмаслигини айтди. Унинг инаугурация маросимида Украина президенти Володимир Зеленский ҳам қатнашди. Кейинчалик, Милей Украинада тинчликка эришиш учун Лотин Америкаси давлатлари билан Аргентинада саммит ўтказишни таклиф қилди.
Мавзуга оид
15:01 / 20.12.2024
Олаф Шолц НАТО бўйича иттифоқчиларни Украинани қўллаб-қувватлашга чақирди
07:52 / 19.12.2024
НАТО Киевга ҳарбий ёрдамни мувофиқлаштиришни ўз зиммасига олди
21:58 / 16.12.2024
Россия мудофаа вазири армияни НАТО билан урушга тайёрлашни буюрди
19:58 / 13.12.2024