Боррел: Европа Иттифоқи Украинага кўпроқ ҳаво мудофаа тизимларини бериши керак
Жозеп Боррел АҚШ қандай қарор қабул қилишидан қатъи назар, Киевга ёрдам кўрсатишни тезлаштиришга чақирди. Қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларисиз Россия Украина энергетика тизимини йўқ қилиши мумкин, дейди у.
Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Жозеп Боррел Брюсселни Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, хусусан, Patriot тизимини тақдим этишга чақирди. У 18 апрел, пайшанба куни бўлиб ўтган «Катта еттилик» ташқи ишлар вазирларининг учрашуви чоғида буни Вашингтонда Украинага ҳарбий ёрдамни молиялаштириш бўйича қандай қарор қабул қилинишидан қатъий назар амалга ошириш кераклигини айтди.
«Биз ёлғиз АҚШга таянолмаймиз. Масъулиятни ўз зиммамизга олишимиз ва «Қўшма Штатлар буни қилади» дейишни тўхтатишимиз керак. Бизда Patriot бор, ракетага қарши мудофаа тизимлари мавжуд. Уларни казармалардан олиб чиқиб, уруш давом этаётган Украинага жўнатишимиз керак, аммо буни тезда қилиш шарт», деди у.
Боррел: Ғарб тезроқ қарор қабул қилиши лозим
Европа дипломатияси раҳбари Европа, Япония, Канада ва Қўшма Штатлар «Украинани янада самаралироқ қўллаб-қувватлаш учун тезроқ қарор қабул қилиши кераклигини» таъкидлади. «Чунки биз Россиянинг Украинада ғалаба қозонишига йўл қўя олмаймиз. Украиналиклар жанг қилмоқда, аммо уларга қурол керак. Ва уларни тезроқ беришимиз лозим», - деди Боррел.
Унинг сўзларига кўра, бу чақириқ билан Европа Иттифоқига аъзо давлатлар мудофаа вазирларига мурожаат қилган ва яқин кунларда Украинага ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини кўпроқ беришга қаратилган аниқ қарорлар қабул қилиниши керак. «Акс ҳолда, Украинанинг энергетика тизими вайрон бўлади ва ҳеч бир мамлакат уйларда, фабрикаларда, фронтда электр энергиясисиз кураша олмайди, - дея таъкидлади Жозеп Боррел Россия томони украиналиклар зулматда, совуқда яшашини ва заводлар тўхтаб қолишини исташини қўшимча қилиб. - Бунинг олдини олишнинг ягона йўли - Украинани янада самаралироқ ва кучли ҳаво мудофааси имкониятлари билан таъминлаш».
Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ҳам G7 ҳамкорларини Украинани қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари билан таъминлашга чақирди. У АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан икки томонлама учрашувда қўшимча Patriot қурилмаларини етказиб бериш масаласини кўтариш ниятида эканини айтди.
Мавзуга оид
16:21
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
11:00
РФда Украинага қарши уруш қатнашчилари имтиёзли ипотекани ололмайди
08:43
Украина МВ демобилизация тўғрисидаги қонунни тайёрлашни кечиктиришни сўради
22:34 / 24.12.2024