Ўзбекистон | 01:05 / 19.04.2024
22217
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда қоидаларни бузиб тез юрган ҳайдовчи икки боланинг ўлимига сабаб бўлди

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг маълум қилишича, 26 ёшли ҳайдовчи 2023 йил декабр ойидан буён 11 марта тезлик қоидаларини бузган. Унинг сўнгги қоидабузарлиги аянчли тугади.

Фото: Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ

Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида аҳоли пунктида қоидаларни бузиб тез ҳаракатланган ҳайдовчи икки нафар мактаб ўқувчисининг ўлимига сабаб бўлди.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳодиса 2024 йил 15 апрел куни туш пайтида Ғаллаорол тумани ҳудудида содир бўлган.

Бахмал туманида яшовчи 26 ёшли ҳайдовчи ўзига тегишли “Ласетти” машинаси билан туманнинг Оқтом маҳалласи ҳудудидан ўтган Ўсмат-Бахмал автомобил йўлида қоидаларга зид равишда тезликни оширган.

Шунда у машина бошқарувини йўқотган ва йўл четидан мактабга кетаётган икки нафар ўқувчини уриб юборган. Оқибатда 5 ва 7-синфда ўқийдиган ўқувчилар оғир тан жароҳатлари олиб вафот этган.

“Ласетти” болаларни уриб юборгач, йўлдан анча ичкарида бўлган қорамол билан тўқнашиб, уни ҳам босиб ўлдирган. Сўнг деворга урилиб тўхтаган.

Вилоят ИИБ ЙҲХБ тайёрлаган видеода ҳайдовчи соатига 70 км тезликда юриш белгиланган аҳоли пункти ичида соатига 100 км тезликда ҳаракатланиб келганини айтган.

Қайд этилишича, ҳодиса юзасидан Ғаллаорол тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳайдовчи процессуал тарзда қамоққа олинган.

Мавзуга оид