Ўзбекистон | 19:04 / 20.04.2024
12615
2 дақиқада ўқилади

“Гулистон сити”нинг мастер-режаси тасдиқланди

Гулистон шаҳридаги эски деҳқон бозори ва унга туташ ҳудудларни (жами 43,9 гектар) мастер-режа асосида ривожлантириш лойиҳаси қабул қилинди.

Гулистон шаҳридаги эски деҳқон бозори ва унга туташ ҳудудларда (Тараққиёт маҳалласи) замонавий шаҳарсозлик лойиҳалари амалга оширилади. 43,9 гектарлик ҳудуднинг Миллийбанк кўмагида ишлаб чиқилган мастер-режаси қабул қилинди, дея хабар берди Иқтисодиёт ва молия вазирлиги матбуот хизмати.

Мастер-режа доирасида 20 та кўп қаватли турар жой бинолари, 30 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, гипермаркет ва бошқа кўнгилочар объектлар барпо этилиши режалаштирилган.

“Ҳудуд замонавий қиёфага эгалиги билан бир қаторда, яшил майдонлар, пиёдалар йўлакчаси, боғ, спорт майдончалари ва бошқа ижтимоий хизмат объектларини ўз ичига олади. Шу билан бирга, ушбу ҳудудда замонавий бизнес маркази ташкил этилиб, оммавий тадбирлар, кўргазмалар ҳамда тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун кенг имкониятлар яратилади”, – дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Гулистондаги эски деҳқон бозори ўрнидаги 42 гектар майдонда “Гулистон сити” барпо этилиши ҳақида Шавкат Мирзиёев 2021 йилги сайловолди кампанияси вақтида айтиб ўтган эди.

Давлат раҳбари лойиҳа доирасида 1 700 хонадонли 16 қаватли турар-жойлар, умумтаълим ва бизнес мактаблари, 2 та болалар боғчаси, замонавий клиника, маданият маркази ва меҳмонхона қурилишини таъкидлаганди.

Мавзуга оид