Ўзбекистон | 10:37 / 24.04.2024
3665
2 дақиқада ўқилади

Экология вазирлиги дам олиш масканларига бораётган фуқароларни атроф-муҳитни ифлослантирмасликка чақирди

Дам олишга чиққан фуқаролар ҳосил бўлган маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш, кул ва ёнувчи моддаларни ўчириш, яшил зоналарда ўсимликларни пайҳон қилмаслик, Қизил китобга киритилган ўсимликлар, жумладан, лолаларни ноқонуний термасликка чақирилди.

Фото: Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги

Айни дамда кунлар исиб, фуқароларнинг шаҳар чеккаларида, очиқ ҳудудларда дам олиш ҳолатлари кўпаймоқда. Бу эса, ўз навбатида, айрим кўнгилсиз ҳолатларга сабаб бўлмоқда, яъни дам олиш масканларида чиқиндиларни ташлаб кетиш, Қизил китобга киритилган ўсимликларни узиш, олов ёқиш, атроф-муҳитни ифлослантириш ҳолатлари кўпаймоқда.

Шу муносабат билан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги дам олишга чиққан фуқароларни қуйидагиларга амал қилишга чақирди:

— ҳосил бўлган маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш;
— кул ва ёнувчи моддаларни ўчириш;
— яшил зоналарда ўсимликларни пайҳон қилмаслик;
— Қизил китобга киритилган ўсимликлар, жумладан, лолаларни ноқонуний термаслик;
— ёввойи ҳайвонларга дуч келганда ортиқча ҳаракат қилмаслик, уларга озор бермаслик.

Юқоридаги каби ҳолатлар кузатилса, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан жазо чоралари қўлланади.

Дам олиш масканларида турли экологик ҳуқуқбузарлик ҳолатларига дуч келинса, бу ҳақда Экология вазирлиги (71 207-11-07), Ички ишлар органлари ёки Миллий гвардияга мурожаат қилиш лозим. 

Мавзуга оид