Ўзбекистон | 09:28 / 24.04.2024
3098
2 дақиқада ўқилади

Корея ташқи ишлар вазири ўринбосари Ўзбекистонда илмий даража олди

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Корея Республикасининг Ўзбекистондаги собиқ фавқулодда ва мухтор элчиси, ушбу мамлакат ташқи ишлар вазири ўринбосари Хисанг Ким диссертация ёқлади.

Фото: ЎзА

Хорижлик олим юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (РhD) илмий даражасини олиш учун “Халқаро ҳуқуқ” ихтисослиги бўйича “Халқаро савдони тартибга солиш тизими истиқболини баҳолаш: Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) ва минтақавий савдо битимлари” мавзусидаги ишини ҳимоя қилди

Тадқиқотчи ўз олдига бир неча мақсадларни қўйган. Масалан, халқаро ҳуқуқий муаммолар ечимини таъминловчи замонавий ҳуқуқнинг амалдаги меъёрлари асосида илмий-назарий ва амалий таклиф, тавсиялар ишлаб чиқиш. Бу таклиф ва тавсиялар мамлакатимизнинг халқаро савдони тартибга солиш шаклларига, иқтисодий ўсишга ва минтақавий интеграцияга қандай таъсир қилишини ўрганишга қаратилган. 

Шунингдек, олим ЖСТ билан ва минтақавий савдо битимлари аҳамиятини ўрганишга алоҳида эътибор қаратган. Замонавий глобал муносабатларнинг муҳим жиҳатларини тадқиқ этган. Минтақавий савдо битими замонавий савдо бошқарувида муҳим ўрин тутиб, иқтисодий ҳамкорликни рағбатлантиради, аъзо мамлакатлар ўртасида савдони осонлаштириш воситаси сифатида намоён бўлади.

Халқаро савдони тартибга солиш соҳасига муносиб ҳисса қўшадиган ушбу илмий иш ЖСТ доирасида минтақавий савдо битимларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, халқаро савдони янада самарали ва адолатли тартибга солишни рағбатлантиришга қаратилган амалий-сиёсий тавсиялар тақдим этади. 

Шунингдек, савдо битими ишлаб чиқишда жамоатчилик иштироки аҳамиятини таъкидлаш, бизнесда савдо битимидан ўз манфаати йўлида самарали фойдаланиш стратегиясини ишлаб чиқиш йўлларини тадқиқ этади.

Мавзуга оид