Жаҳон | 18:54 / 25.04.2024
11924
12 дақиқада ўқилади

Часив Яр мудофаасидаги дронлар ротаси ва Санкт-Петербургдаги қуроллар кўргазмаси. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 791-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • АҚШ президенти Жо Байден Украинага ҳарбий ёрдам тўғрисидаги қонунни имзолади.
  • Reuters хабарига кўра, АҚШ Украинага катта масофага ҳаракатланувчи ATACMS ракеталарини махфий равишда етказиб берган. Украина қуролли кучлари аллақачон уларни Қримдаги аэродромга зарба беришда қўллаган.
  • «Важние истории» журналистларига кўра, Россия мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов давлатга хиёнатда гумонланмоқда.
  • Давлат думасида диверсия тўғрисидаги модда бўйича қамоқ муддатини 35 йилгача ошириш таклиф этилди. Ҳукумат буни қўллаб-қувватламоқда.
  • Константин Кочанов Москва кўчаларида бир неча хоч суратларини чизган. Тергов изоляторида унга давлатга хиёнатда айблаш билан таҳдид қилинган. Аммо терговчининг хатоси туфайли у Россияни тарк этишга муваффақ бўлган.

Украина ҚК зарбдор дронлар ротаси

Қўш атаман Иван Сирко номидаги 92-алоҳида штурм бригадаси таркибида CODE 9.2. номли пилотсиз учар қурилмалар ротаси ҳаракатланади. У РФ қўшинларининг Украинага босқини бошланишидан кўп ўтмай ташкил этилганди. Ҳозирда рота жангчилари Россия қўшини олдинга юришга ҳаракат қилаётган Донецк областида хизмат қилмоқда. CODE 9.2. иши тасвирланган фотосуратлар 24 апрел куни олинган.

CODE 9.2 фаолиятини разведкачи взвод сифатида бошлаган, деб ҳикоя қилади рота жангчиси, «Дед» чақирув белгисига эга Ондрий ўз интервюсида. 2022 йилда, унинг сўзларига кўра, ушбу бўлинма жангчилари ҳудудни пиёда кезиб, разведка билан шуғулланган, баъзида рақиб билан тўғридан тўғри тўқнашувларга киришган
Alex Babenko / AP / Scanpix / LETA
«2022 йил охиридан биз осмонда ишлашга ўтдик. Пиёда разведка ўрнини ҳаво орқали разведка эгаллади, биз биз эътиборимизни диверсия вазифаларига қаратиб, душманга зарба бера бошладик», — дейди «Дед». Дронлар ҳарбий ҳаракатлар ҳудудида ўз самарадорлигини намойиш этгач, пилотсиз учиш аппаратларининг алоҳида взводини ташкил этишга қарор қилинган, дейди у
Alex Babenko / AP / Scanpix / LETA
Рота вагнерчилар томонидан штурм қилинган Бахмут атрофига ташланди, дейди «Дед». Бўлинма олдига «Часив Яр — Хромове — Бахмут» йўлини мудофаа қилиш вазифаси қўйилган, ўшанда бу йўл Украина қуролли кучларининг ушбу йўналишдаги асосий таъминот йўли эди. «Ва биз бу ишни бажардик», — дейди у ва рота Россиянинг кўп миқдордаги техникалари ва ёлланма жангчиларини йўқ қилганини қўшимча қилган.
Alex Babenko / AP / Scanpix / LETA
Май ойида Бахмут россияликлар томонидан эгалланади. Украина ҳарбийлари, жумладан CODE 9.2 жангчилари Бахмут атрофида ҳимояланишни давом эттирмоқда, РФ қуролли кучлари бу йўналишда яна юриш қилишни бошлаган. 24 апрел куни Бахмутдан бир неча километр масофада олинган фотода — CODE 9.2 ротасининг «Мамай» лақабли жангчиси акс этган.
Alex Babenko / AP / Scanpix / LETA
«Мамай» жанговар топшириқдан қайтган разведка дронини ушлаб олмоқда
Alex Babenko / AP / Scanpix / LETA

Купянск атрофидаги украин артиллериячилари

Харкив областидаги Купянск шаҳри атрофида ҳам украиналик ҳарбийлар Россия армияси ҳужумларини қайтармоқда. Улар орасида княз Роман Великий номидаги 14-алоҳида механизациялашган бригадаси ҳам бор. Украина ҚКнинг бу бўлинмаси 2015 йилда ташкил этилган ва Донецк областидаги жанговар топшириқларни бажариб, жангларда камида 76 жангчисидан айрилган. 2024 йил февралида 14-алоҳида механизациялашган бригаданинг қўмондонлик пунктига Украина президенти Володимир Зеленский ташриф буюрганди. «Барча украинлар, бутун Украина номидан сиз ҳар куни шундай ҳажмдаги ишларни амалга ошираётганингиз, давлатни, оилаларимизни, мустақиллигимизни, суверенитетимизни ҳимоя қилаётганингиз учун раҳмат», — деганди у жангчиларни мукофотлар билан тақдирлар экан.

14-алоҳида механизациялашган бригадада бошқа қуроллар қатори БМ-21 «Град» баравар ўт очиш реактив тизими ҳам бор
Anatolii Stepanov / AFP / Scanpix / LETA

Украин артиллериячиларининг Часив Яр атрофидаги позицияси

Россия қўшини Донецк областидаги Часив Яр шаҳрини ҳам эгаллашга ҳаракат қилмоқда — бу фронтнинг мазкур участкасидаги стратегик муҳим нуқта саналади. The Wall Street Journal нашри 24 апрел куни шаҳардаги украин мудофаачилари нималар билан тўқнашишига тўғри келаётгани ҳақида материал эълон қилган. Нашрнинг ёзишича, украиналик ҳарбийлар иттифоқчилардан, биринчи навбатда АҚШдан умид қилмоқда, ушбу мамлакат конгресси ярим йил ўтиб барибир Украина учун ҳарбий ёрдам пакетини маъқуллади. Аммо, нашрга интервю берган ҳарбий эксперт, истеъфодаги австралиялик генерал-майор Мик Райаннинг айтишича, шаҳар учун олиб борилган кўп ойлик жанглар, худди Бахмут билан бўлгани каби, Украина учун Россияга қараганда қимматроққа тушади. Унинг ҳисоблашича, Украина ҳукумати «айрим мураккаб сиёсий қарорлар»ни қабул қилишига тўғри келади. «Сиз ҳудудни ушлаб турасиз ва кўплаб ҳаётларни қурбонлик қиласизми? Ёки ҳудуддан воз кечиб, армияни сақлаб қоласизми? Улар шундай позицияда турибди», — деб ҳисоблайди у.

Украина учираётган битта артиллерия снарядига Россия 10 та билан жавоб қайтармоқда ва жангчилар кучлар нисбати борган сари ёмонлашаётганини айтмоқда, дейилади мақолада. Часив Ярдан шарқдаги далалар ва қишлоқлар бўйлаб ўтувчи фронт чизиғида россияликлар оғир йўқотишларга учрамоқда, аммо тўхтовсиз равишда олдинга интилмоқда, дея ёзади WSJ. Бу суратда ва қуйидаги суратларда — Украина қуролли кучларининг Часив Яр остонасида мудофаани ушлаб турган 22-алоҳида механизациялашган бригада жангчилари акс этган
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA
Украин қўшини, дейилади мақолада, ойлар давомида ҳолдан тойган ва инсон ресурсларининг ўткир етишмовчилигини бошдан кечирмоқда. Одамлар етишмаслиги туфайли кўплаб ҳарбийлар ротация бўйича кўзда тутиладиган беш кун ўрнига фронт чизиғида 10-15 кунгача қолиб кетмоқда. Бу вақт мобайнида жангчиларда озиқ-овқат, ичимлик сув ва дори-дармонлар тугаб қолмоқда.
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA
„Дронлар фронт чизиғига янги кучларни элтувчи транспорт воситаларини таъқиб этади. Қутқарилиши мумкин бўлган ярадор жангчилар эвакуацияни кута-кута жон беради, чунки уларгача етиб борадиган одам йўқ, деб ёзади WSJ. „Ҳатто командирларимиз ҳам биз билан биргаликда позицияда турибди, чунки одамлар етишмаяпти“, — дея „Кипиш“ чақирув белгисига эга 38 ёшли украин жангчисидан иқтибос келтирган нашр
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA
Часив Яр остонасидаги украин қўшинига ўқ-дорилар етишмаяпти, дея қайд этади нашр. Ярадорларни эвакуация қилиш  билан шуғулланувчи «Чижик» лақабли, 50 ёшли ҳайдовчининг айтишича, у олдинги чизиққа борганида у ердагилар рация орқали артиллерия қўлловини сўрашади, аммо кўпинча «Йўқ» жавобини олишади. «Улар шундай дейди: „Кечирасиз, снарядларимиз кам“, — дея ҳарбийдан иқтибос келтирган нашр. Россия қўшинида эса снарядлар тақчиллиги йўқ. „Улар қишлоқни шунчаки кўнгилхушлик учун ўққа тутиши мумкин, — дейди нашрга „Немо“ лақабли 29 ёшли жангчи. — Биз фақат нишонни 100 фоиз аниқ билганимизда ўт очишимиз мумкин“
Thomas Peter / Reuters / Scanpix / LETA

Оккупация остидаги Мариуполда қурилиш ишлари

Россия қўшини Мариуполни 2022 йил баҳорида эгаллаганди. Шаҳар учун жанглар вақтида биноларнинг 90 фоизи вайрон бўлган, минглаб мариуполликлар ҳалок бўлишган. РФ ҳукумати Мариуполда кенг кўламли қурилиш ишлари бошлаган. Ҳуқуқ фаоллари ҳисоблашича, қурилиш ишлари давомида ҳарбий жиноят излари йўқ қилинмоқда.

2022 йил августида Россия қурилиш вазирлиги Мариуполни уч йил ичида «тиклаш» режалаштирилганини маълум қилганди. 2024 йил февралида РФ вице-премери Марат Хуснуллин шаҳарда кўп квартирали уйларни тиклаш ишлари амалда якунланганини айтган
Vladimir Aleksandrov / Anadolu / Getty Images
Уйсиз қолган мариуполликлар янги турар жойга эга бўлиш учун оккупация маъмуриятига йўқ бўлган мулклар ҳужжатларини тақдим этиши лозим. Аммо агар ҳужжатлар сақланиб қолган бўлса ҳам, янги уй берилиши кафолатланмаган, деб ёзади «Медиазона»
Vladimir Aleksandrov / Anadolu / Getty Images
Мариуполда яшовчи Микола Осиченко «Медиазона» билан суҳбатда уйларни биринчи навбатда оккупация маъмурияти ходимлари ҳамда кўчиб келган қурувчилар олаётганини айтган. Унинг айтишича, Мариуполда яшовчиларнинг айримлари, «вақтинча» ётоқхоналарга кўчиб ўтган, кимлардир эса ҳамон ертўлаларда яшамоқда
AFP / Scanpix / LETA
Осиченконинг сўзларига кўра, қурилиш ишлари Мариупол марказида ва шаҳарга Донецк ва Запорижжя томондан кириб келиш қисмида жойлашган районларда олиб борилмоқда. Россияга яқинроқ жойлашган чап соҳилда («Азовстал» заводи ҳам ўша ерда) эса «ҳаммаси вайрона ҳолида ётибди», деган у
AFP / Scanpix / LETA
Оккупация остидаги Мариуполни «тиклаш» ишларини РФ мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов назорат қилган, деб ёзган Михаил Ходорковскийга тегиши «Досье» проекти. 23 апрел куни Иванов жиноий иш фигуранти экани маълум бўлди. Тергов қўмитаси расман унга нисбатан ўта йирик миқдорда пора олиш моддаси бўйича жиноий иш очилганини маълум қилган, аммо тафсилотлар келтирилмаган. «Важние истории» ФХХдаги манбасига таяниб ёзишича, Ивановни давлатга хиёнатда гумон қилишмоқда, «пора ҳақидаги гап эса — шунчаки жамоатчилик учун».
AFP / Scanpix / LETA

Санкт-Петербургда қуроллар кўргазмаси

Санкт-Петербургда 23-25 апрел кунлари «Экспофорум» марказида хавфсизлик масалалари бўйича XII халқаро учрашув бўлиб ўтмоқда. РФ Хавфсизлик кенгаши маълумотига кўра, унда 106 мамлакат вакиллари иштирок этмоқда.

«Рособоронэкспорт ўз стендида давлат хавфсизлигини таъминлашга мўлжалланган ҳарбий, иккиламчи ва фуқаролик мақсадларидаги маҳсулотларнинг кенг ассортиментини тақдим этади», дейилади пресс-релизда. Улар орасидаги «Орлан» (марказда) ва «Орион» (ўнгда) типидаги пилотсиз учиш аппаратлари бор
Александр Коряков / Коммерсант / SIPA USA / Vida Press
«Кўргазма павилёнида Киев неонацист режими, чет эллик ёлланма жангчилар ва уларнинг ғарблик ҳомийларининг инсониятга қарши жиноятларидан гувоҳлик берувчи ҳужжатлар алоҳида ўринга эга», — дея хабар берган РФ Хавфсизлик кенгаши
Александр Коряков / Коммерсант / SIPA USA / Vida Press
РФ президенти Владимир Путин учрашув иштирокчиларига видеомурожаат йўллади. «Россия глобал ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш, кўпчилик мамлакатлар манфаатларига жавоб берадиган янги кўп қутбли дунё тартиботини шакллантиришда барча манфаатдор шериклар билан яқин ҳамкорлик қилишга тайёр», деган у. Путин «ҳозирги учрашув мамлакатлар ва халқлар фаровонлиги, сайёрадаги тинчлик ва барқарорлик манфаатлари йўлида ҳамкорликни мустаҳкамлашга ёрдам бериши»га ишонч билдирган.
Александр Коряков / Коммерсант / SIPA USA / Vida Press

 

Мавзуга оид