Ўзбекистон | 08:40 / 25.04.2024
12342
1 дақиқада ўқилади

«Ғишткўприк» чегара божхона постида кузатилаётган тирбандликлар юзасидан маълумот берилди 

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги “Ғишткўприк” чегара божхона постида кузатилаётган тирбандликлар кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Тошкент вилояти божхона бошқармасининг хабар беришича, айни кунларда “Навоий” чегара божхона постида замонавий божхона пости қад ростлаётгани сабабли мазкур постнинг фаолияти вақтинча тўхтатилган. Шу сабабли асосий оқим "Ғишткўприк" чегара божхона постига тўғри келмоқда.

“Ғишткўприк” чегара божхона пости орқали бир кунда 30 мингдан 35 минг нафаргача фуқаро ва 1000 дан ошиқ транспорт воситаси ҳаракатланмоқда.

Фуқаролар ва транспорт оқимининг йилдан йилга кўпайиб бораётганини инобатга олган ҳолда мазкур постни кенгайтириш мақсадида реконструкция ишлари амалга оширилмоқда. Чегара божхона пости бутунлай замонавий қиёфа касб этади. Реконструкция ишлари жорий йилнинг октябр ойида тугатилиши режалаштирилган.

Божхона бошқармаси вақтинчалик юзага келаётган ноқулайликлар учун фуқаролардан узр сўраган.

Мавзуга оид