Жаҳон | 11:17 / 30.04.2024
16251
6 дақиқада ўқилади

Одессага ракета зарбаси. Яраланганлар орасида Сергей Кивалов ҳам бор — руслар шаҳарга уни раҳбар қилишни мўлжаллаганди

Душанба куни Россия армияси Одесса бўйлаб ракета зарбаси йўллади. Маҳаллий расмийларга кўра, тўрт киши ҳалок бўлган, яна бир киши ҳужум вақтида рўй берган инсултдан вафот этган. Тинч аҳоли вакилларидан 32 киши жароҳат олган, улар орасида — таниқли украин сиёсатчиси Сергей Кивалов ҳам бор: у ҳозирда Одесса юридик академияси раҳбари ҳисобланади, ўтмишда эса рус тилини муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳаммуаллифи бўлган ҳамда «Апелсинранг инқилоби» вақтида Украина марказий сайлов комиссиясига раҳбарлик қилган.

Фото: State Emergency Service of Ukraine / Scanpix / LETA

Одесса области маъмурияти раҳбари Сергей Кипернинг хабар беришича, зарба «одессаликлар ва шаҳар меҳмонлари орасида машҳур бўлган, болалар ва итлар билан сайр қилиниб, спорт билан шуғулланиладиган локациялардан бирига» баллистик ракета орқали йўлланган.

Кипернинг сўзларига кўра, яраланганларнинг 25 нафари шифохонага ётқизилган, улар орасида икки нафар бола ҳамда бир ҳомиладор аёл ҳам бор. «Беш ёшга ҳам тўлмаган қизча ўта оғир аҳволда. Катта ёшлилардан яна олти нафари жонлантириш бўлимида. Шифокорларимиз барча имкон доирасидаги ва имконсиз ишларни ҳам қилмоқда», — деган област раҳбари.

Украинадаги ижтимоий тармоқларда денгиз яқинида, пляжга олиб борувчи йўлда қонга беланиб ётган жасадларнинг фотосуратлари тарқалган. Ўққа тутиш оқибатида бир ит ҳам нобуд бўлган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари жониворнинг эгаси бўлган аёл жасад устида йиғлаётгани акс этган видеони тарқатган.

«Одесса… Одамлар денгиз атрофида сайр қилишаётганди, улар эса ўққа тутишди ва ўлдиришди. Улар айтишадики… гўёки болаларни, одамларни ўлдириш орқали ўзларини ҳимоя қилишмоқда», — дея ёзган Одесса мэри Геннадий Труханов.

Одесса мэри Россия ракетаси тушган жойда. Фото: Reuters

Кипернинг айтишича, дастлабки маълумотларга кўра, ҳужумда кассетали ўқ-дорига эга ракетадан фойдаланилган. «Бундай ўқ-дорилар жонли кучларга кўпроқ зарар етказиш учун қўлланади ва биринчи навбатда техникалар ва қурилмаларга эмас, одамларга таҳдид солади», — дейилади област маъмурияти раҳбари хабарида. Украина Жануб мудофаа кучлари расмийси Дмитро Плетенчук ҳам ҳужумда кассетали ўқ-дорига эга «Искандер-М» ракетасидан фойдаланилганини таъкидлаган.

Россиялик ҳарбийлар Одесса бўйлаб зарба юзасидан изоҳ бермаган, РФ мудофаа вазирлигининг кечқурунги ҳисоботида ҳам ушбу зарба ҳақида тилга олинмаган.

Зарбадан олдин Украина жанубида ҳаво тревогаси эълон қилинган, ҳарбийлар баллистик ракета қўлланиши хавфидан огоҳлантиришган.

«Киваловнинг қалъаси» шикастланган

Зарба оқибатида Одессадаги энг таниқли бинолардан бири — маҳаллий аҳоли «Ҳарри Поттер қалъаси» ёки «Кивалов қалъаси» деб атайдиган бино шикастланган. Бу ерда Одесса юридик академияси биноларидан бири жойлашган, украин нашрлари маълумотига кўра, Киваловнинг ўзи ҳам бу ерда яшаб турган — у ушбу ўқув муассаси президенти ҳисобланади.

Украин ҳарбийлари маълумотига кўра, бинонинг 600 кв. метр майдонни ёнғин қамраб олган.

Фото: EPA

Одесса юридик академияси проректори Валентин Федоров «Суспільне» канали билан суҳбатда ярадорлар орасида Киваловнинг ўзи ҳам борлигини тасдиқлаган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Кивалов тез ёрдам машинасига олиб чиқилаётганини кўриш мумкин.

Сергей Кивалов ўтмишда таниқли украин сиёсатчиларидан бири бўлган. 2004 йилги апелсинранг инқилоб вақтида у Марказий сайлов комиссиясига раҳбарлик қилган. Уни президентлик сайловлари вақтида россияпараст Виктор Янукович фойдасига сохталаштиришларга йўл қўйишда айблашган. Аммо якунда Киваловга нисбатан на маъмурий, на жиноий иш очилган.

Украина олий суди овозларни ҳисоблаш чоғида оммавий равишда қоидабузарликларни аниқлаб, сайловнинг иккинчи турини қайта ўтказиш бўйича қарор қабул қилганидан кейин Кивалов Марказий сайлов комиссияси раислигидан кетган. 2005 йил бошида ўтказилган такрорий сайловларда Виктор Юшченко Украина президенти этиб сайланган.

2007-2014 йилларда Кивалов Януковичнинг Регионлар партиясига аъзо бўлган. 

2009 йилда Дмитрий Медведев Киваловга Дўстлик ордени топширганди. Фото: AFP

2012 йилда Кивалов «Тил сиёсати асослари» тўғрисидаги баҳсли қонун ҳаммуаллифларидан бири бўлади, қонунда Украинада рус тили мақомини ҳимоя қилиш ҳам кўзда тутилганди. Қонунга қарши чиққанлар бу вақтда айнан украин тили ҳимояга муҳтож эканини, чунки рус тили шусиз ҳам жамоатчилик орасида кенг ўринга эгалигини айтишган. Европа билан яқинлашув тарафдорлари инқилобидан кейин эса қонун Украина Конституциясига зид келиши туфайли бекор қилинган.

2009 йилда Кивалов Россиянинг ўша вақтдаги президенти Дмитрий Медведевдан Дўстлик орденини қабул қилиб олган, 2013 йилда эса Владимир Путин уни Пушкин медали билан тақдирлаган. Путин томонидан имзоланган фармонда ушбу медал унга «чет элда рус тили сақланиши ва оммалаштирилишига қўшган ҳиссаси учун» берилгани айтилган.

2020 йилда Кивалов Одесса шаҳри маъмурияти раҳбари лавозими учун сайловларда номзод бўлади ва сайловолди кампанияси вақтида рус тилли аҳоли манфаатларини ҳимоя қилади. 

Киваловнинг қароргоҳи саналган «Ҳарри Поттер қалъаси» расман Халқаро гуманитар университетга қарашли ҳисобланади, у Россия зарбаси оқибатида деярли буткул ёниб кетди.

Кивалов ушбу кошонада яшагани ҳақидаги хабарларни рад этган, лекин 2015 йилда, саройга «Автомайдан» активистлари бостириб кирганида, ижтимоий тармоқларда бино деворларида унинг портрет ва фотосуратлари илингани акс этган кадрлар пайдо бўлганди.

Кенг кўламли уруш бошланганидан кейин «Украинская правда» Украина разведкасидаги манбасига асосланиб, Россия Одесса оккупация қилинадиган тақдирда Киваловни шаҳар раҳбарлиги учун эҳтимолий номзодлардан бири сифатида кўриб чиққанини ёзганди. Нашрнинг тасдиқлашича, 2022 йил июнида сиёсатчи Синод Рус проваслав черкови аъзоси, Кишинёв митрополити Владимир билан Молдовада учрашган, мақола муаллифлари уни патриарх Кириллнинг «сафдоши» деб аташган. Кивалов ўшанда украин журналистларининг ўз сафари юзасидан саволларини очиқ қолдирганди.

Мавзуга оид