Киев бўйлаб ракета зарбаси: бир қурбон бор, иссиқлик магистрали шикастланган
Россия томони бу ҳужумни украиналикларнинг Ростов областидаги ҳарбий комбинатга ATACMS ва Storm Shadow билан зарба беришига жавоб эканини билдирган.
Россиялик ҳарбийлар 20 декабр тонгида баллистик ракеталар билан Киевга зарба беришди. Украина пойтахти расмийларига кўра, бир киши ҳужум қурбони бўлган, яна камида 10 киши жароҳатланган.
Киев ҳарбий маъмурияти ва Киев шаҳри мэри Виталий Кличко яраланганларнинг олти нафари шифохонага ётқизилганини хабар қилган.
Украина ҳаво кучларига кўра, Россия соат еттилар атрофида Киевга «Искандер-М» тизимидан бешта баллистик ракета учирган. Украин ҳарбийларига кўра, ракеталарнинг барчаси уриб туширилган.
Ракета парчалари Киевнинг Голосеевский, Днипровск, Соломенск ва Шевченково районларига тушган.
Голосеевский районида икки киши жароҳатланган, иссиқлик магистрали шикастланган, бир неча автомобил ёниб кетган, деб хабар беради Киев мэри Виталий Кличко. Иссиқлик магистрали шикастланиши туфайли 630 та турар жой, 16 та шифохона, 17 та мактаб ва 13 та болалар боғчаси иссиқлик таъминотисиз қолган, деб хабар беради, Киев расмийлари.
Пойтахтнинг Соломенский ва Шевченково районларида парчалар тушиши оқибатида бир неча ёнғин келиб чиққан.
Шунингдек, ҳужум оқибатида Киевдаги Миколайив черкови ҳам зарар кўрган.
Ракеталар ҳужуми бошланишидан олдинроқ, 20 декабрга ўтар кечаси Украина пойтахти томон россияликларнинг дронлари учиб келган, деб хабар берган маҳаллий маъмурият. Киев расмийларига кўра, барча дронлар шаҳарга кирмасидан зарарсизлантирилган. Учувчисиз учар қурилмалардан бирининг парчалари Деснянск районидаги нотутар жой биносига тушган.
Россия мудофаа вазирлиги Киев бўйлаб зарбаларни Украина қуролли кучларининг 18 декабр куни ATACMS ва Storm Shadow ракеталари билан Ростов областидаги «Каменский комбинати»га қилган ҳужумига жавоб деб атаган (Украина томони бу баёнот юзасидан изоҳ бермаган). Россия Украина ғарб ракеталарини ўзининг ичкари ҳудудларига зарба беришда фойдаланишни бошлашидан олдин ҳам, урушнинг илк кунларидан буён Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларига зарбалар йўллаб келади.
Идора баёнотига кўра, Россиянинг 20 декабр кунги ҳужуми нишонлари Киевдаги «Луч» конструкторлик бюроси ва «Украина қуролли кучлари бошқарув пункти» бўлган.
Россия мудофаа вазирлиги «барча мақсадларга эришилгани»ни таъкидлаган.
BBC’нинг Киевдаги мухбири Дмитро Власов — Украина пойтахти ўққа тутилиши ҳақида:
Будилник ўрнига тревога овози — Киевда одатий тонг. Аввалига ҳеч нарса ғайриоддий кўринмаётганди, чунки учаётган охирги дронлар эрталабгача уриб туширилади. Бугун эса Россиянинг Миг-31 самолётлари ҳам ҳавога кўтарилганди. Айрим мониторинг каналлари бу машғулот парвозлари бўлиши мумкинлигини ёзишди.
Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ишлаши туфайли рўй берган дастлабки портлашлар кўпчиликни ғафлатда қолдирди. Портлашлар кичик танаффуслар билан 20 дақиқача давом этди. Овозларнинг кўпчилиги — ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими фаолияти туфайли ҳаводаги портлашлар овози эди. Аммо Голосеевский районидаги (марказга яқин) бир портлашдан кўплаб уйлар силкиниб кетди. Одатда бунақаси ракетанинг жанговар каллаги детонацияга учраганида чиқади.
Бундай портлашлар марказий районларга хос эмас. Тарихий ёдгорлик — Миколайив черкови, офис бинолари, HolidayInn меҳмонхонаси ва турар жой комплекси шикастланибди. Портлаш жойи атрофида — Аргентина, Португалия, Чехия, Македония, Марокаш, Фаластин кабиларнинг элчихоналари ва консуллик бинолари жойлашган.
Қутқарувчилар портлаш жойи атрофидаги йўлларни тўсишган, жамоат транспорти айланма йўлларга йўналтирилган, дераза ортида доимий равишда фавқулодда хизматларнинг машиналари сиреналари чалиниб турибди. Тревога бир соатдан ортиқ вақт давом этди, аммо шундан кейин дарҳол шаҳар кундалик ҳаёт тарзига қайтди.
Ростов области бўйлаб зарба
Украина қуролли кучлари Ростов областидаги «Каменский комбинати»га зарба бергани ҳақида 18 декабр куни маълум бўлганди. Россиялик ҳарбийларга кўра, зарба чоғида «Америкада ишлаб чиқарилган олтита ATACMS оператив-тактик ракета ва тўртта Storm Shadow ракетаси қўлланган». Мудофаа вазирлиги баёнотида айтилишича, Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ATACMS ракеталарининг барчсини ва «Storm Shadow ракеталарининг учтаси»ни уриб туширган.
Россиялик ҳарбийлар версиясига кўра, яна бир қанотли ракета «ҳужум объекти йўналишидан четга оғган» ва «техник бино ва комбинат ҳудуди»ни шикастлаган.
Украиналикларнинг Defence Express ҳарбий нашри «Каменский комбинати» ҳудудидаги учта портлаш Украина қуролли кучлари ҳужуми муваффақиятидан дарак беришини ёзган.
Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши Дезинформацияга қарши курашиш маркази раҳбари Андрей Коваленконинг айтишича, «Каменский комбинати» ракета ёнилғиси ишлаб чиқариш билан шуғулланади, хусусан, баравар ўт очиш реактив тизимлари ва қитъалараро баллистик ракеталарнинг ракета двигателлари учун қаттиқ ёқилғи компонентларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Defence Express маълумотига кўра, корхона маҳсулотлари «Ураган», «Смерч» ва «Торнадо-М» баравар ўт очиш реактив тизимлари учун ўқ-дориларда, шунингдек «Искандер» ракеталарини ишлаб чиқаришда қўлланади.
Мавзуга оид
22:14 / 21.12.2024
Украинада аскарлар етишмаётгани сабаб ҳаво ҳужумидан мудофаа ҳарбийларини юбориш буюрилди
20:38 / 21.12.2024
Курск областининг Рилск шаҳри ўққа тутилди
18:44 / 21.12.2024
Зеленский бир қатор украиналик дипломатларни ишдан олди
15:13 / 21.12.2024