Ўзбекистон | 19:11 / 03.05.2024
6252
2 дақиқада ўқилади

Дарахт экмаганлик учун жавобгарлик белгиланиши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида дарахт экмаганлик учун жавобгарлик белгилаш масалалари муҳокама қилинди. 

Аҳоли пунктлари, қурилиш ҳамда саноат зоналарида шаҳарсозлик норма ва қоидаларида белгиланган кўкаламзорлаштирилган ҳудудларни ташкил этиш мажбуриятини амалга оширмаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши мумкин. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси хабар берди. 

Қайд қилинишича, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамкорлигида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш» мавзусида давра суҳбати ўтказилган. Унда дарахт экмаганлик учун жавобгарлик белгилаш масаласи ҳам муҳокама этилган. 

Таъкидланишича, «Шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ва қурилишини режалаштириш»да кўкаламзорлаштириладиган ҳудудлар майдонларини ташкил этиш бўйича мажбуриятлар белгиланган. Лекин ҳозирги кунда ушбу мажбуриятларни амалга оширмаган юридик шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик назарда тутилмаган. 

Мунозаралар давомида депутатлар кўкаламзорлаштириш бўйича мажбуриятни бажармаганлик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар берган. 

Шу билан бирга, дарахт экмаганлик учун жавобгарлик белгилаш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатларига, жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Шаҳарсозлик кодексларига, шунингдек «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунга тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича кўплаб таклифлар илгари сурилган. 

Тадбир якунида фракция ва қўмита томонидан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгиланган.

Мавзуга оид