Ўзбекистон | 19:13 / 08.05.2024
4853
2 дақиқада ўқилади

Сув хўжалиги вазирлиги ягона сув балансини юритувчи давлат органи этиб белгиланди

Шунингдек, вазирликка Давлат сув кадастрини ташкил этиш ва юритишга оид ишларни мувофиқлаштириш вазифаси юкланди.

Фото: Сув хўжалиги вазирлиги

«Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, Сув хўжалиги вазирлиги барча манбалар бўйича ягона сув балансини юритувчи ҳамда Давлат сув кадастрини ташкил этиш ва юритишга оид ишларни мувофиқлаштирувчи давлат органи этиб белгиланди.

Қуйидагилар Сув хўжалиги вазирлигининг асосий фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

- ягона сув баланси ва Давлат сув кадастрини юритиш;

- трансчегаравий ва ички дарёлар, сойлар сувларини самарали бошқариш ҳамда табиий кўллар, сув иншоотлари ва ер ости манбаларида етарли сув захирасини яратиш орқали мамлакат сув хавфсизлигини таъминлаш;

- рақамли технологияларни кенг қўллаган ҳолда сув ресурсларини бошқариш ва сув ҳисобини юритишнинг шаффоф тизимини йўлга қўйиш;

- соҳага ресурс тежовчи замонавий технологияларни, илм-фан ютуқлари ва ноу-хауларни кенг жорий этиш;

- сувдан фойдаланиш ва сувни бошқаришга бозор механизмларини кенг жорий қилиш орқали сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш.

Мавзуга оид