Ўзбекистон | 09:36 / 10.05.2024
8385
3 дақиқада ўқилади

Нурафшонда Зулфия Зокирова хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси очилди

Мажмуа иккинчи жаҳон урушида беш нафар фарзандидан айрилган зангиоталик аёл ва унинг оиласига ёдгорлик сифатида барпо этилган. Мажмуани барпо этиш ва ҳудудини ободонлаштиришга 4,8 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланган. Айнан мазкур лойиҳа учун вилоятнинг собиқ ҳокими Даврон Ҳидоятов 2021 йилда 28,4 млрд сўм ажратганди.

Фото: Kun.uz

Шу йил 9 май куни, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида “Матонат мадҳияси” ҳайкали очилди, деб хабар бермоқда тадбирда қатнашган Kun.uz мухбири.

Ушбу мемориал мажмуа иккинчи жаҳон уруши даврида беш нафар фарзандини урушга жўнатган ва улардан бирортаси қайтмаган Зулфия Зокирова хотирасига бағишланади. Она Иккинчи жаҳон урушида беш нафар ўғли – Исоқжон, Аҳмаджон, Мамажон, Ваҳобжон, Юсуфжон исмли фарзандларидан жудо бўлган. Унинг тўрт келини бева, беш набираси етим бўлиб қолган.

Маълумотларга кўра, шундай ҳолат бутун дунё бўйича учта оилада кузатилган бўлиб, бири Беларус, яна бири АҚШда бўлса, учинчи оила Зангиота тумани Хонобод маҳалласидаги Зулфия Зокированинг оиласи ҳисобланади.

Вилоят ҳокими Зойир Мирзаевнинг тегишли фармойиши асосида, “Nurafshon Business City” ҳудудида 1,2 гектар ер майдонида яратилган боғ ва мемориал мажмуанинг қурилиши учун жами 4,8 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланган.

Маълумот учун, 2019 йил 9 май куни президент Шавкат Мирзиёев Зулфия Зокирова ва унинг фронтдан қайтмаган беш ўғли, садоқатли келинлари хотирасига атаб муҳташам ҳайкал ўрнатиш ҳамда унга «Матонат мадҳияси» деб ном бериш таклифини билдирган эди.

2020 йил Тошкент шаҳридаги Ғалаба боғи марказида бу ҳайкал очилди, шунингдек Зулфия Зокировага бағишлаб бадиий фильм яратилди.

Эслатиб ўтамиз, Нурафшонда қурилган мажмуага дастлаб вилоятнинг собиқ ҳокими Даврон Ҳидоятов 28,4 млрд сўм маблағ ажратилиши ҳақида фармойиш чиқарган эди.

Бу жамоатчилик орасида танқидларга учрагач Ҳидоятовнинг бу ташаббуси вилоятнинг янги ҳокими Зойир Мирзаев томонидан бекор қилинганди.

Кейинроқ ҳайкални барпо этилиши бекор қилинмагани, балки кечиктирилгани ва келгусида аниқ ҳисоб-китобларга асосан маблағ ажратилиши маълум бўлганди.

Мавзуга оид