Жаҳон | 12:16 / 14.05.2024
24993
7 дақиқада ўқилади

Армия кўрмаган мудофаа вазири. Андрей Белоусов ҳақида нималар маълум?

Россия Украинага босқинни давом эттираётган учинчи йилда мамлакат ҳарбий раҳбариятида жиддий ўзгариш содир бўлди. 2012 йилдан буён мудофаа вазири лавозимида ишлаб келган Сергей Шойгу бошқа ишга ўтказилди. Унинг ўрнини худди Шойгу каби бир кун ҳам армияда хизмат қилмаган иқтисодчи Андрей Белоусов эгаллади. Хўш, ҳарбий соҳага умуман алоқаси бўлмаган иқтисодчи нега Россия мудофаа вазири бўлди? Андрей Белоусов ким ўзи?

Фото: Михаил Светлов / Getty Images

 

Жаҳон иқтисодий инқирозини 3 йил олдин тахмин қилган

Янги мудофаа вазири Андрей Белоусов Россиядаги номи чиққан иқтисодчилардан бири. У тайинловгача Россия бош вазири Михаил Мишустиннинг биринчи ўринбосари эди. Янги ҳукумат шакллантирилганда эса Белоусов бошқа лавозимга ўтиши муносабати билан вице-премер лавозимидан кетиши айтилганди. Ўшанда деярли ҳеч ким Белоусов Шойгунинг ўрнини эгаллашини тахмин ҳам қилмаганди.

65 ёшли Андрей Белоусов Россия ҳукуматида анчадан буён ишлаб келади. У 2012-2013 йилларда Россия иқтисодий ривожланиш вазири лавозимида ишлаган, 2013 йилдан 2020 йилгача Путиннинг иқтисодий масалалар бўйича ёрдамчиси бўлган. Кейинчалик Путин уни Мишустиннинг ўринбосари лавозимига ўтказган.

Рус нашрлари ёзишича, Белоусов 2005 йилдаги илмий ҳисоботида 2008 йил дунё иқтисодий инқирозни бошдан кечириши ҳақида ёзган ва айнан мана шу илмий ишидан кейин уни Россия ҳукуматига ишга олишган.

У Россия темирйўллари очиқ акциядорлик жамияти директорлар кенгашига ҳам раислик қилади. The Bell нашри Белоусов Қримни аннексия қилиш қарорини қўллаган Путиннинг атрофидаги ягона иқтисодчи бўлгани ҳақида ёзганди.

Армия кўрмаган мудофаа вазири

Андрей Белоусов бир кун ҳам армияда хизмат қилмаган. Лекин Россия Мудофаа вазирлигини ҳарбий бўлмаган одам бошқариши янгилик эмас. Масалан, Сергей Шойгу қурилиш соҳасидан чиққан. Мудофаа вазири бўлишдан олдин фавқулодда вазиятлар вазири ва Москва области раҳбари лавозимларида ишлаган.

Ундан олдинги мудофаа вазири Анатолий Сердюков эса аввал Россия бош солиқчиси бўлган. Тўғри, Сердюков собиқ иттифоқ вақтида алоқа баталёнида хизмат қилган, лекин ҳарбий хизматда кўпи билан лейтенант лавозимигача кўтарилгач, қуролли кучлар сафидан кетган ва Петербургдаги мебел дўконига ишга кирган.

Албатта, Белоусовнинг резюмеси анча салобатли, аммо Россиянинг янги мудофаа вазири ҳам умуман армияда хизмат қилмагани, ҳарбий соҳадан узоқ одамлиги фактлигича қолади.

Белоусов 1959 йил Москвада иқтисодчи Рэм Белоусов оиласида туғилган. Онаси Алиса Павловна радиокимёгар бўлган. 1981 йил Москва давлат университетининг иқтисодиёт факултетини аъло баҳода тугатган.

2000 йилдан 2006 йилгача Макроиқтисодий анализ ва қисқа муддатли прогнозлаш маркази ижрочи директори бўлган. Бу лавозимда ишлаётган вақтида Россия бош вазирининг штатдан ташқари маслаҳатчиси бўлган. 2006 йилдан 2008 йилгача иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари бўлган. 2012 йилдан эса худди шу вазирлик раҳбари бўлиб бир йил ишлайди. Унинг ўрнини кейинчалик қамалиб кетган Алексей Улюкаев эгаллаганди. Белоусов эса Путиннинг ёрдамчиси лавозимига кўтарилиб, Россия Ҳарбий ишлаб чиқариш комиссияси аъзосига айланади.

2020 йил январ ойида Путин Белоусовни бош вазир Михаил Мишустиннинг ўринбосари этиб тайинлайди. Ўша йил 30 апрелдан 19 майгача Мишустин ковид билан оғриб қолганда, Белоусов вақтинча Россия бош вазири вазифасини бажарган. Янги мудофаа вазири ҳукуматда фақат истиқодий вазифалар билан шуғулланган. Хусусан, социал-иқтисодий ривожланиш, инвестиция сиёсати, молия бозорини тартибга солиш каби масалалар билан. Шунингдек, монополия, давлат статистикаси, транспорт ва санкцияларга қарши туриш каби муҳим йўналишлардаги давлат сиёсатига масъул бўлган.

Нега айнан у?

Журналистлар Кремл расмий вакили Дмитрий Песковдан Шойгунинг истеъфоси ва Белоусовнинг тайинланиши ҳақида изоҳ сўрашди. Песковнинг айтишича, Шойгунинг кетиши Мудофаа вазирлигидаги ҳарбий координат тизимига ҳеч қандай таъсир қилмайди ва бу йўналишда ўз лавозимини сақлаб қолган штаб бошлиғи Валерий Герасимов жавобгар бўлиб қолаверади.

Песковнинг қўшимча қилишича, Путин Россия Мудофаа вазирлиги инновациялар ва илғор одамлар учун очиқ бўлиши учун уни ҳарбий бўлмаган одам бошқаришини истаган. «Мудофаа вазирида ҳарбий даража бўлиши асосий омил эмас», деган Песков.

Иқтисодчининг Россия мудофаа вазири лавозимига қўйилиши Россия ҳарбий бюджети рекорд даражада кўп бўлгани (118,5 миллиард доллар) билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин. Чунки Сергей Шойгу унинг қурилиш бўйича ўринбосари Тимур Иванов 1 миллиард рубл атрофида пора олишда айбланиб қамоққа олингани ортидан ишдан кетказилганини унутмаслик керак. Песков ҳам Россия ҳарбий бюджети 80-йиллардаги ялпи ички маҳсулотнинг 7,4 фоизи миқдоридаги максимумга яқинлашиб бораётгани ҳақида бежиз гапирмаган.

Шойгу кетиши ҳақида айнан Иванов қамоққа олинганидан кейин тобора кўпроқ гапира бошлашганди. Ўшандаёқ баъзи экспертлар бу иш Шойгуни ҳам кетказиш билан тугашини айтганди. Аммо Путиннинг узоқ йиллик дўсти Шойгунинг сиёсий рутбаси яхшигина пасайтирилган бўлса-да, Кремл уни Иванов каби ёмонотлиқ қилишни истамаган кўринади. Песков Шойгунинг истеъфосини изоҳлар экан, у ҳақда ижобий оҳангда гапирди ва Шойгу «ўзи яхши биладиган соҳада қолиши»ни таъкидлади.

Қизиғи, Шойгу истеъфосидан бир неча кун олдин ҳам яхши кайфиятда Путин билан кўришганди. Россия президенти инаугурация маросимидан кейин Украинадаги урушда қатнашаётган командирлар билан юзма-юз учрашув ўтказди. Бу учрашувда Шойгу ҳам иштирок этди.

Сергей Кужугетович кетиши ҳақида 2 май куни ҳам навбатдаги миш-мишлар кўпайганди. Чунки ўша куни Путин Тула области губернатори Алексей Дюмин билан учрашди. Ўз вақтида Россия мудофаа вазири ўринбосари ва президент қўриқлаш хизмати раҳбари бўлган Дюмин Путиннинг яқин одамларидан деб қаралади. 2 майдаги учрашувдан кейин кўпчилик Дюмин Шойгунинг ўрнига қўйилиши мумкинлиги ҳақида гапира бошлади, аммо бундай бўлиб чиқмади.

USAID гранти

Мустақил журналистлар Россия мудофаа вазири бўлаётган Белоусов ҳақида фактлар тўплай бошлашди. Юқорида Белоусов 2006 йил ҳукуматга ишга ўтгунига қадар Макроиқтисодий анализ ва қисқа муддатли прогнозлаш марказида ишлагани ҳақида айтилди. Current Time нашрига кўра, бу марказни Белоусов ишлаган вақтларда молиялаштирган манбалардан бири АҚШ халқаро ривожланиш агентлиги USAID бўлган. Белоусовнинг ўзи эса Америка агентлиги гранти асосида Россия иқтисоди ривожланишига таҳдидлар ҳақида тадқиқот қилган. Шунингдек, USAID Россияда ўтказган тадбирларда иштирок этган.

Андрей Белоусов 13 май куни Россия Федерация кенгашида чиқиш қилди. 14 май куни кенгаш президент тавсиясига кўра унинг номзодини мудофаа вазири лавозимига тасдиқлаши, ундан кейин Путиннинг имзоси билан Белоусов расман янги лавозимига киришиши кутилмоқда.

Мавзуга оид