Спорт | 12:01 / 14.05.2024
12292
8 дақиқада ўқилади

Дарвозабонларнинг «қовунлари», ҳужумдаги кулгили хатолар ва сўнгги дақиқалардаги камбэк. «Ливерпул» икки гол устунлигини бой берди

Энди «Тоттенҳэм» ЕЧЛ йўлланмасига имконият сақлаб қолиш учун «Сити»ни енгишга мажбур.

Фото: Gettyimages/Alex Pantling / Staff, Shaun Botterill / Staff

«Астон Вилла» — «Ливерпул» 3:3
Голлар:
Тилеманс (12), Дуран (85, 88) — Мартинес (2, автогол), Гакпо (23), Кванса (48).
«Астон Вилла» – Мартинес, Конса, Диего Карлос, Пау Торрес, Дин, Макгинн, Тилеманс (Заниоло, 65; Дуран, 79), Бэйли, Дуглас Луис (Чемберс, 80), Диаби, Уоткинс.
«Ливерпул» – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Куанса, Гомес, Эндо (Собослаи, 76), Мак Аллистер, Эллиотт (Гравенберҳ, 75), Салоҳ, Диас (Жонс, 76), Гакпо (Нунес, 75).
Огоҳлантиришлар: Эллиотт (38), Макгинн (70).

АПЛнинг 37-тури доирасидаги сўнгги учрашув воқеаларга бой б ўлди. «Астон Вилла» ва «Ливерпуль» мухлисларбоп ўйин намойиш этишди, аммо дурангга рози бўлишди.

Ўйиндаги ғалати воқеалар илк дақиқалардан бошланди. Иккинчи дақиқада Эллиот қанотдан узатма берди, 2022 йилги жаҳон чемпиони Эмилиано Мартинес эса «Тоттенҳэм» мухлисларини хушнуд қилган ҳолда тўпни ўз дарвозасига киритиб юборди. Бу вазиятда дарвозабонни рикошет чалғитди, тўп Пау Лопесга тегиб йўналишини ўзгартиргани туфайли у ортга тисарилишига тўғри келди ва тўпни тўсди, аммо тойиб кетди ва тўпни қўлларидан чиқариб юборди.

«Астон Вилла» ва «Тоттенҳэм» айни вақтда Чемпионлар лигасига тўртинчи йўлланма учун курашмоқда. Ўйин арафасида Унаи Эмери жамоаси тўртинчи ўринда турган ва «Тоттенҳэм»ни тўрт очкога ортда қолдираётганди. «Астон Вилла»нинг ғалабаси лондонликлар клубининг ЕЧЛ учун имкониятларини бутунлай йўққа чиқарган бўларди.

Бирмингҳэмликлар эса ўйин стартида муваффақиятсизликка учрашди. Муҳаммад Салоҳда фарқни ошириш имконияти бўлганди — мисрлик ҳужумчининг зарбасидан кейин тўп ҳимоячига тегиб майдон ташқарисига чиқиб кетди. Бироз ўтиб Коди Гакпо ўткир бурчакдан тўпни устунга теккизди.

Аммо Эмери жамоаси ўзини қўлига олди ва кўп ўтмай ҳисобни тенглаштирди. Юри Тилеманс кучли зарба билан дарвозани ўққа тутди, аммо бу голни Олли Уоткинс юзага келтирди. Англиялик ҳужумчи дриблинг билан ҳимоячиларни ортда қолдирди ва жамоадошини қулай вазиятга чиқарди. Ҳимоячилар Уоткинс билан андармон бўлиб, Юрини жарима майдони марказида ёлғиз қолдиришганди. Уоткинс мавсумдаги 13-голли пасини амалга оширди — Европанинг топ-5 лигаларидаги энг яхши кўрсаткич.

12-дақиқагача икки гол урган жамоалар тўхташ ҳақида ўйлашмасди. 23-дақиқада «Ливерпул» яна ҳисобда олдинга чиқди. Бу сафар Коди Гакпо Жо Гомеснинг қанотдан узатмасини бўш дарвозага киритди. Ҳакамлар эпизодни узоқ текширишди, чизиқлар тортишди ва якунда Гомесда офсайд топа олишмади. Шундан кейин Саймон Ҳупер майдон марказини кўрсатди ва мерсисайдликларга қўшилиб «Тоттенҳэм» мухлислари ҳам бу голни нишонлашди.

Кейин эса «Астон Вилла» футболдаги кулгили ҳолатлар коллекциясини тўлдирди. Мезбонларга ўз дарвозаси атрофидаги битта фейл ҳолат етарли бўлмасдан, буни рақиб дарвозаси олдида ҳам такрорлашди. Леон Бэйли «Ливерпул» дарвозабони ҳудудига заргарона пас узатди, Диего Карлос эса тўп дарвоза тўрига бориб тушиши учун оёғини тўғри қўйиши кифоя эди. Аммо у ҳимоячилигини исботлаб, бўш дарвозани ишғол эта олмади.

Бўлим охирида Бэйлининг ўзи ҳам «Ливерпул»ни кечирди — дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб, тўпни юқорига тепиб юборди. Биринчи бўлим якунларига кўра «Астон Вилла» кутилган голлар бўйича 1,64 кўрсаткичини қайд этгани, рақибда бу — 1,17 га тенг бўлгани бежиз эмасди.

«Астон Вилла» танаффусда хатолардан сабоқ чиқармагани маълум бўлди ва иккинчи бўлим бошланишидан уч дақиқа ўтиб учинчи голни ҳам ўтказиб юборишди. Ҳарви Эллиотт тўпни юқоридан узатиб берди, Жарелл Куанса эса бош билан қарама-қарши бурчак томон чиройли зарба йўллади — тўп аввалига устунга, кейин тўрга борди.

«Астон Вилла» тезда жавоб қайтарди, аммо ҳакам Бэйлидаги офсайд туфайли голни бекор қилди. Бу вазиятда Бэйли аввалига офсайдда қолганини тахмин қилиб, тўпни ортдан келаётган Диабига қолдирмоқчи бўлганди, аммо қарорини ўзгартирди ва тўпни ўзи эгаллаб, Уоткинсга узатди, аммо бу қарор хато бўлиб чиқди.

Кейинроқ Алисон кутилмаганда тўпни Диабига ташлаб берди, аммо бу ҳужумда Уоткинс товон билан гол уришга уриниб, буни уддалай олмади.

Бир неча дақиқа ўтиб Эллиотнинг голи офсайд туфайли бекор қилинди.

Ўйин охири ҳам воқеаларга бой бўлди. Николо Дзаниоло захирадан майдонга тушди, аммо 14 дақиқа ўтиб жароҳат туфайли захирага қайтарилди. Орада Дарвин Нунеснинг ҳам голи бекор қилинди. Дзаниоланинг ўрнига тушган Жон Дуран эса тўрт дақиқада икки гол урди.

Биринчи ҳолатда мезбонлар ҳимоядан чиқишда тўпни олдирди ва МЛС чемпионатидан келган колумбиялик ҳужумчи жарима майдони ташқарисидан кучли зарба берди, иккинчи голда эса унинг очиқчасига омади келди. Диабининг олдинга ташланган кучли пас Дураннинг сон қисми орқали Алисонни чалғитиб дарвозага бориб тушди — 3:3. Трибунада ўйинни кузатган таниқли Ҳолливуд актёри, «Вилла» мухлиси бўлган Том Ҳэнкс стадиондаги ҳаммадан кўра кўпроқ хурсандчилик қилди.

«Ливерпул» бу ўйинда ютқазиши ҳам мумкин эди, аммо Алисон Мусса Диабининг мураккаб зарбасини қайтарди. Яна бир вазиятда эса «Астон Вилла» футболчилари пеналти талаб қилишди.

Уларнинг фикрича, ван Дейк жарима майдонида қўл билан ўйнаганди, аммо ҳакам эпизодни текшириб кўрганидан кейин ўйинни давом эттириш кераклигини кўрсатди. Якунда «Астон Вилла» кутилган голлар бўйича 3,71 кўрсаткичини қайд этди, «Ливерпул»да — 1,98.

«Ливерпул» олдинроқ чемпионлик пойгасини тарк этиб бўлганди ва кейинги натижалар жамоани учинчи ўриндан қўзғата олмайди. Икки тўп фарқини йўққа чиқариб мағлубиятдан қутулиб қолган «Астон Вилла» эса топ-4 да қолиш имкониятини оширди. Агар 13 май куни «Тоттенҳэм» уйда «Сити»ни енга олмаса, Эмери жамоаси ЕЧЛ йўлланмасини кафолатлайди. Бошқа ҳар қандай натижада барчаси сўнгги турга қолади, унда «Астон Вилла» «Кристал Пэлас» меҳмони бўлади, «Тоттенҳэм» — «Шеффилд Юнайтед» билан ўйнайди.

«Тоттенҳэм» қолган икки ўйинида ғалаба қозонса ҳам, «Астон Вилла»га дуранг етарли бўлиши мумкин. Бунинг учун «Тоттенҳэм» ўта йирик ҳисобларда ғалаба қозониб юбормаслиги керак бўлади, ҳозирда тўплар нисбатидаги устунлик бирмингҳэмликлар томонда — +20 га қарши + 12.

АПЛда сўнгги тур ўйинлари бир вақтда, 19 май, якшанба куни Тошкент вақти билан 20:00 да бошланади.

Мавзуга оид