Жаҳон | 21:27 / 17.05.2024
5212
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда креветкани саноат усулида етиштириш лойиҳаси тасдиқланди 

Шунингдек, Венгрия билан балиқлар наслини янгилаш ва янги балиқ турларини иқлимлаштиришга ихтисослашган «Наслчилик маркази»ни ташкил этиш ҳам режалаштирилган. 

Фото: Getty Images

Ўзбекистонда илк бор креветкани саноат усулида етиштириш лойиҳаси бўйича Жанубий Корея билан келишувга эришилди. Бу ҳақда «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси раҳбарияти иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди. 

Қайд қилинишича, «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси балиқчилик соҳаси ривожланган хорижий давлатлар билан яқиндан ҳамкорлик алоқалари ўрнатиб, балиқчилик соҳасини ривожлантириш бўйича бир қатор лойиҳаларни таклиф этмоқда. 

Жумладан, Венгрия билан балиқлар наслини янгилаш ва янги балиқ турларини иқлимлаштиришга ихтисослашган «Наслчилик маркази»ни ташкил этиш, Хитой билан «Қизил китоб»га киритилган балиқ турларининг популяциясини тиклаш, балиқлар учун ем ишлаб чиқариш йўналиши бўйича жаҳондаги етакчи ем ишлаб чиқариш компанияларининг филиалларини республикамизда барпо этиш масаласи юзасидан Нидерландия ҳамда Эрон билан ҳамкорликни йўлга қўйиш. 

Аввалроқ, Жанубий Кореянинг «Тараққиётга расмий ёрдам» дастури доирасида «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси ҳамда GWNU билан ҳамкорликда Ўзбекистонда аквамаданият соҳасини ривожлантириш, илғор технологиялар асосида қисқичбақасимонларни (креветка) саноат миқёсида етиштириш масаласи муҳокама қилингани ҳақида хабар берилган эди. Лойиҳа 2024-2026 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган.

 

Мавзуга оид