Жаҳон | 09:20 / 20.05.2024
90420
4 дақиқада ўқилади

Иброҳим Раисийнинг ўлими тасдиқланди. Сўнгги маълумотлар

У билан биргаликда Эрон ТИВ раҳбари Ҳуссайн Амир Абдуллаҳиён, Шарқий Озарбойжон вилояти губернатори Малик Раҳматий ва оятуллоҳнинг Шарқий Озарбойжон вилоятидаги вакили Имом оятуллоҳ Али Ҳошим ҳам ҳалок бўлишган.

Фото: Iranian Red Crescent Society / Reuters / Scanpix / LETA

Эрон президенти Иброҳим Раисий авиаҳалокат қурбони бўлди. Раисий ва юқори мартабали мулозимлар учган вертолёт 19 май куни мамлакат шимоли-ғарбида, Шарқий Озарбойжон вилояти ҳудудида ҳалокатга учраган. Mehr агентлиги хабарига кўра, ҳалокат оқибатида бошқа йўловчилар ҳам, жумладан Эрон ТИВ раҳбари Ҳуссайн Амир Абдуллоҳиён, Шарқий Озарбойжон вилояти губернатори Малик Раҳматий, оятуллоҳнинг ҳудуддаги вакили Муҳаммад Али Але-Ҳошим ҳалок бўлишган.

Ҳалокатга учраган бортда шунингдек президент қўриқчилари бошлиғи Сайид Меҳди Мусавий, икки учувчи ҳамда техник зобит бўлишган.

Раисий учган вертолёт Озарбойжон билан чегара яқинидаги тоғли ҳудудда қулаб тушган. 20 май тонгида Америкада ишлаб чиқарилган Bell 212 вертолёти қолдиқлари ноқулай об-ҳаво шароитида ўтказилган тунги қидирув ишларидан кейин топилган. Эрон давлат телевидениесида маълум қилинишича, вертолёт тоғдаги қояга бориб урилган. Эрон Қизил ярим ой жамияти раҳбари Пирҳусайн Коливанд давлат телевидениеси орқали қилган чиқишида қутқарувчилар ҳалокат жойига етиб боришганида «вертолёт йўловчиларидан бирортаси омон қолгани белгилари йўқлиги»ни айтганди. Қидирув ҳудудида 73 та қутқарув отряди ҳаракатланган.

Эрон давлат телевидениеси одатий эфирларни тўхтатган. Reuters агентлиги хабарига кўра, вертолёт ҳалокати тўғрисидаги хабардан кейин ТВ орқали эронликлар бутун мамлакат бўйлаб Раисий учун дуо қилишаётгани намойиш этилган. Шунингдек, телевидениеда қутқарувчилар тоғларда вертолётни қандай қидираётгани кўрсатиб турилган. Эрон ҳукуматида Раисий ўтирган ўриндиққа эса мотам лентаси илиб қўйилган. Теҳрон фонд биржаси бир неча кунга фаолиятини тўхтатган.

Авиаҳалокатдан кейин айрим мамлакатлар хавотир билдирди ва ўз ёрдамини таклиф этди. Оқ уйдагилар президент Жо Байден ҳалокат ҳақида хабардор қилинганини маълум қилди. Хитой чуқур ташвишда эканини билдирган. Инқирозларни бошқариш бўйича еврокомиссар Янез Ленарчич ҳалокатдан кейин Евроиттифоқ ўзининг Copernicus сунъий йўлдош тизимидан Эрон президенти вертолётини топишда фойдаланишини маълум қилди. РФ президенти Владимир Путин ва юқори мартабали россиялик ҳарбийлар ҳамда амалдорлар Эроннинг Москвадаги элчиси Козим Жалолий билан учрашув ўтказди. Элчи Эроннинг IRNA агентлигига айтишича, Путин барча зарур ёрдам кўрсатилишини ваъда қилган. Вертолёт ҳалокатга учраган ҳудудга Россия ФВВнинг икки самолёти қутқарувчилар билан бирга юборилган.

63 ёшли Раисий 2021 йилда Эрон президенти бўлганди. Бу лавозимга сайлангач, у ахлоқ қонунларини қатъийлаштиришни талаб қилган, ҳукуматга қарши намойишларни бостиришга раҳбарлик қилган ва жаҳондаги қудратли давлатлар билан ядровий музокараларда фаол иштирок этган. Эроннинг олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоминаий (Раисий унинг вориси сифатида кўриларди), вертолёт ҳалокатидан кейинги чиқишида давлат бошқарувида «узилишлар бўлмаслиги»ни маълум қилган.

Иброҳим Раисий бир неча бор мамлакат президенти сифатида Россияга ташриф буюрган, жумладан РФ қўшинларининг Украинага кенг кўламли босқинидан кейин ҳам. Россия Эрондан қуроллар, хусусан Украина бўйлаб зарбалар беришда қўлланаётган «Шоҳид» типидаги зарбдор дронларни сотиб олади.

Раисийнинг ўлимидан кейин мамлакат вице-президенти Муҳаммад Моҳбар вақтинча Эрон президентига айланади. 68 ёшли Моҳбар Раисий 2021 йилда президентликка сайланганида, вице-президент бўлганди. У ҳам Али Хоминаийнинг яқин кишиларидан саналади. Reuters манбаси хабарига кўра, Моҳбар 2023 йил октябрида Москвага ташриф буюрган ва россиялик ҳарбийларга ракеталар ва дронлар етказиб бериш бўйича келишувга эришган Эрон делегацияси таркибида бўлган.

Моҳбар вақтинча президент сифатида парламент спикери ҳамда Эрон суд тизими раҳбари билан биргаликда Раисийнинг вафотидан кейин 50 кун ичида ўтказиладиган янги сайловларни ташкиллаштирувчи кенгаш аъзоси бўлади.

Мавзуга оид