Жаҳон | 13:39 / 22.05.2024
5024
3 дақиқада ўқилади

БМТ Рафаҳда озиқ-овқат тарқатишни тўхтатди

Гуманитар ташкилот ходимлари Рафаҳдаги иш тўхтатилишини вазият ва хавфсизлик билан боғлашди. Исроил армияси халқаро норозиликлар фонида Рафаҳда ХАМАС жангчиларига қарши ҳарбий амалиётини давом эттирмоқда.

Фото: Фото: Abed Zagout/Anadolu/picture alliance

БМТ фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги Ғазо сектори жанубидаги Рафаҳ шаҳрида озиқ-овқат тарқатишни тўхтатди. Агентлик X платформасида эълон қилинган баёнотда айтилишича, таъминот тақчиллиги туфайли озиқ-овқат тарқатиш ҳозирда имконсиз, Рафаҳдаги тарқатиш пункти ва озиқ-овқат омбори эса шаҳарнинг шарқий қисмида давом этаётган Исроил ҳарбий амалиёти туфайли ёпилган. 

Май ойи бошидан буён Исроил армияси халқаро ҳамжамият огоҳлантиришларига зид равишда Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати қолган тузилмалари аниқланган Рафаҳдаги нишонларга қарата мақсадли қуруқликдаги амалиётлар ва ҳаво ҳужумларини амалга оширмоқда. 

6 май куни Исроил эълон қилган эвакуация бошланганидан бери Рафаҳни, БМТ маълумотларига кўра, деярли 800 минг кишини тарк этган. Улар Ғазо сектори соҳилига, Исроил ҳарбийлари томонидан «гуманитар ҳудуд» деб эълон қилинган «Ал-Мавози» лагерига кўчиб ўтди. 

Исроил ҳужуми бошланишидан олдин Миср билан чегарага яқин Рафаҳда 1,4 миллионга яқин одам бўлган, улар асосан Ғазо секторининг бошқа ҳудудларидаги жанглардан қочган қочқинлардир. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 35,5 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид