Жаҳон | 15:03 / 22.05.2024
70217
3 дақиқада ўқилади

Эрон президентининг вертолётдаги ҳалокати бўйича айрим тафсилотлар маълум қилинди

Президент маъмурияти раҳбарининг айтишича, вертолётлар ҳавога кўтарилган пайтда ҳалокат содир бўлган тоғли ҳудудда об-ҳаво шароитлари яхши бўлган. Президент билан бир вертолётда бўлган шахслардан бири ҳалокатдан кейин бир неча соат ҳушида бўлиб, расмийларнинг саволларига жавоб бера олган. Аввалроқ ҳалокатга техник носозлик сабаблиги айтилганди.

Фото: Эрон давлат телевидениеси

Эрон президенти маъмуриятининг раҳбари Ғулом-Ҳусайн Исмоилий президент Иброҳим Раисий ва бошқа мулозимларнинг вафотига сабаб бўлган вертолёт ҳалокати бўйича айрим тафсилотларни сўзлаб берди.

Исмоилий якшанба куни Эрон делегациясини олиб Озарбойжондан қайтаётган учта вертолётдан бирида бўлган.

Унинг сўзларига кўра, учта вертолёт Озарбойжондан маҳаллий вақт билан соат 13:00 атрофида ҳавога кўтарилган, бу вақтда парвоз бошланган жойда об-ҳаво шароити яхши бўлган.

Шунингдек, у вертолёт ҳалокатга учраган тоғли ҳудуд – Варзағон туманидаги об-ҳаво шароити ҳам парвоз бошланишида “жуда яхши” бўлганини айтди.

“Ҳавога кўтарилганимиздан 45 дақиқа ўтиб, президент Раисийнинг вертолёти учувчиси – колонна раҳбари – бошқа вертолётларга яқиндаги булутдан сақланиш учун баландликни ошириш буйруғини берди. Лекин бошқа иккита вертолёт орасида учиб кетаётган президент вертолёти тўсатдан йўқолиб қолди”, – дея президент маъмурияти раҳбарининг Эрон телевидениесидаги сўзларини келтирмоқда IRNA давлат ахборот агентлиги.

Ғулом-Ҳусайн Исмоилийнинг сўзларига кўра, у учаётган вертолёт учувчиси булутлар орасидан кўтарилишни бошлаганидан тахминан 30 сония ўтиб ўртадаги вертолёт йўқолиб қолганини пайқаганини айтган. Шундан кейин учувчи атрофни айланиб учиб, президент вертолётини қидира бошлаган.

Исмоилийга кўра, қидирув вақтида президент вертолёти билан радиоалоқа воситалари орқали бир неча марта боғланишга ҳаракат қилишган, кейин яқин атрофдаги мис кони яқинида қўнишган. Қўнишда уларга булутлар халал берган.

Бу жараёнда президент билан битта вертолётда бўлган Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллаҳиён ва президентни қўриқлаш бўлинмаси раҳбари такрор-такрор қилинган телефон қўнғироқларига жавоб бермаган.

Шу билан бирга, иккита вертолётнинг учувчилари президент вертолётининг учувчисига қўнғироқ қилганида, учувчининг телефонини Табриз вилояти имоми оятуллоҳ Муҳаммад Али Алиҳошим кўтарган ва вертолёт водийга қулаб тушгани, ўзи жуда оғир аҳволда эканини айтган.

Ҳалокатга учраган вертолёт топилганида, президент, ташқи ишлар вазири ва бошқаларнинг жасадлари ҳолатидан улар бир ондаёқ жон бергани аён бўлган.

Гўшакни кўтарган имом эса ҳалокатдан кейин камида 3 соат давомида ҳаёт бўлиб, жон бергунига қадар кўп марта расмийлар билан гаплаша олган.

Эслатиб ўтамиз, аввалига ҳалокатга ҳудуддаги ноқулай об-ҳаво шароити сабаб бўлгани айтилган эди, кейинчалик Эрон давлат ахборот агентлиги вертолётнинг қулашига техник носозлик сабаб бўлганини маълум қилди.

Мавзуга оид