Жаҳон | 23:09 / 29.05.2024
4801
2 дақиқада ўқилади

Европарламент ходими Кремл ташвиқотини ёйганликда гумон қилинмоқда

Белгия прокуратураси Россия ташвиқоти билан ҳамкорлик қилганликда гумонланаётган ходим уйида тинтув ўтказди. 

Фото: AFP

29 май куни эрталаб Брюссел ва Франция полицияси Европарламентнинг Брюссел ва Страсбургдаги офисларида, шунингдек, Брюсселнинг Скарбек туманидаги парламент ходимининг уйида бир вақтнинг ўзида бир қатор тинтувлар ўтказди. Бу ҳақда Euronews хабар берди. 

Бу тинтувлар Европарламент депутатларига кремлпараст тарғиботни тарқатиш учун пул тўлангани тўғрисидаги гумонлар ортидан бошланган терговнинг бир қисми ҳисобланади. 

Тинтув ўтказишга буйруқ берган Белгия прокурори парламент ходимининг Россия пропагандаси амалиётида муҳим рол ўйнаганига оид ишоралар борлигини айтган. 

Ходимнинг парламентда қайси лавозимда фаолият юритиши ёки унинг парламент депутатларидан бири учун ишлаши ёки ишламаслиги номаълум. Европарламент матбуот хизмати давом этаётган тергов ҳақида изоҳ бера олмаслигини маълум қилган. 

Мазкур тинтув шу ой бошида Кремл ташвиқоти билан шуғуллангани учун Европа Иттифоқи томонидан санкцияланган Нидерландиянинг Voice of Europe ахборот компаниясига нисбатан давом этаётган тергов билан боғлиқ воқеадир. Ушбу компания Европа ва дунё ҳақида цензураланмаган ахборотларни тақдим қилишини даъво қилиб келаётган эди. Март ойида ушбу канал Страсбург ва Брюсселда жойлашган Европарламентдан туриб депутатлар билан яккама-якка интервюлар ташкил қилиб, уларни жонли эфирда узатган. 

Март ойи охирида Чехия ҳукумати Voice of Europe ёрдамида амалга оширилган Россия таъсирини ёйишга қаратилган операциянинг олдини олганини маълум қилган. Уларнинг таъкидлашича, Европарламент ҳамда миллий парламентларга сайланган депутатлар ҳисобига бир қатор молиявий операциялар амалга оширилган. Чехия оммавий ахборот воситалари разведка маълумотларига таяниб хабар беришича, Германия, Франция, Полша, Бельгия, Нидерландия ва Венгрия сиёсатчилари бу ишга аралашган бўлиши мумкин. 

Мавзуга оид