Жаҳон | 22:31 / 30.05.2024
11762
2 дақиқада ўқилади

Амстердам аэропортида одам самолёт двигателига тиқилиб ҳалок бўлди

Бахтсиз ҳодиса сабаблари маълум эмас. Расмийлар тергов бошлаганини маълум қилди. 

Фото: NurPhoto

Амстердамнинг Схипҳол аэропортида KLM Cityhopper авиакомпанияси самолётининг ишлаб турган двигателига тиқилиб қолган бир киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBC хабар берди. 

NOS телерадиокомпанияси томонидан эълон қилинган кадрларга кўра, ҳодиса терминал яқинидаги платформада содир бўлган. Воқеа жойидан олинган суратларда самолёт яқинида ўт ўчириш машиналари ва тез ёрдам ходимлари турганини кўриш мумкин. 

«Бугун Схипҳолда бахтсиз ҳодиса юз берди, оқибатда бир киши самолётнинг ишлаётган двигателига тиқилиб қолди. Афсуски, у ҳалок бўлди», дейилади КLМ баёнотида. 

Аэропортда хавфсизлик учун масъул бўлган Нидерландия ҳарбий полицияси йўловчилар самолётдан туширилганини ва расмийлар тергов бошлаганини маълум қилди. 

Ҳалок бўлган шахснинг шахси ҳозирча аниқланмаган. Ижтимоий тармоқларда у аэропорт ходими бўлиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар тарқалди. Бироқ Algemeen Dagblad (AD) нашри манбалари бу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини ва эркак кутилмаганда двигател ёнига бориб қолганини хабар қилди. 

Flightradar24 хизмати маълумотларига кўра, ҳодисадан кейин ушбу рейс бошқа самолётда амалга оширилган. 

KLM Cityhopper авиакомпанияси KLM миллий авиаташувчисининг шуъба корхонаси бўлиб, қисқа масофаларга парвозларни амалга оширади. 

Схипҳол - дунёдаги энг катта аэропортлардан бири. Жорий йилнинг апрел ойида у 5,5 миллионга яқин йўловчига хизмат кўрсатди. 

Мавзуга оид